Мақолалар

Вобкент тумани ҳудудида жойлашган «Чашмаи Айюб» мақбараси ҳақида биласизми?

Мамлакатимиз ҳудудида «Чашмаи Айюб» номи билан аталувчи учта мақбара бор. Булар Бухородаги «Чашмаи Айюб» хазираси. Мақбара масжид ва унинг ичидаги қудуқдан иборат бўлиб, булар XII -XVI асрларда қурилган. Иккинчиси Қарши шаҳридаги «Чашмаи Айюб» мақбараси XII-XV асрларга мансуб. Ушбу номдаги учинчи мақбара Вобкент туманидаги Харгуш ва Хайробод қишлоқлари кесишувида жойлашган. Маълумотларда ушбу обида ҳижрий 650 йил (1252-1253 йиллар)да қурилгани келтирилган.
«Дунё» АА хабарига кўра, ушбу ёдгорлик номининг келиб чиқиши ҳам ўзига хос. Яъни бу ерда шифобахш чашма муқаддаслаштирилиб, машҳур пайғамбар Айюб алайҳиссалом номи билан боғланган. Ривоятларга кўра, Айюб алайҳиссалом Бухорога келган. Маълумки, ул муборак зот ҳассаларини қаерга урсалар, шу ердан булоқ отилиб чиққан экан. Мазкур чашманинг номи ҳам юқоридаги ривоятга боғланади.
ХIV асрда Амир Темур топшириғига биноан хоразмлик усталар томонидан булоқ ва қудуқ устида бино барпо этилган.
Қудуқдаги баланд тортиш қурилмаси устидаги гумбазга Хоразм учун хос бўлган шакл берганлар. Бу масжидда тўртта унча баланд бўлмаган минора ҳамда гумбаз зангори рангда бўлиб, масжидга ўзгача қиёфа бағишлайди.
Шарқ меъморчилиги учун сунъий сув ҳавзалари бўлган ҳовузлардан нафақат амалий мақсадларда, балки шаҳарга безак сифатида ҳам фойдаланиш одатий тус олган.
«Чашмаи Айюб» мақбарасида милодий 1017 йилда вафот этган ҳадисшунос олим Абу Саъд ал-Харжуший дафн этилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мақбара масжид ва дарвешлар хонақоси вазифасини ўтаган.
Ёдгорликнинг қабристонда қурилганлиги унинг мақбара вазифасини бажарганини билдирса, савдо йўли устида жойлашганлиги ундан хонақоҳ сифатида фойдаланилганидан дарак беради.
Мақбара асрлар давомида қанчадан-қанча талон-тарож ва тўс-тўполонларни бошдан кечирган. Ўтган 800 йиллик тарихий давр «Чашмаи Айюб»нинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмади.
Ҳозирда ёдгорликнинг фақат портал қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2444 times

Мақолалар

Top