Мақолалар

Навоий ижодида тақдир тушунчаси (1-қисм)

Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?

Навоий

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

Одамзодга сўзни, баённи, қалам билан ёзишни билдирган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Назмдаги фасоҳат ва насрдаги балоғат таърифида: «Албатта, шеърда ҳикмат, баёнда сеҳр бордир», деб сўзда мўъжиза намоён этган ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизга чексиз салоту саломлар бўлсин.

Ҳазрати Алишер Навоийнинг тақдирга бўлган собит иймони ва ўчмас муҳаббати унинг барча асарларидан аёндир. У зотнинг бу ишончи асло таваккулига – ҳар ишда Аллоҳга қаттиқ таяниб иш кўришига, тадбир ва саъйу ғайратига халал етказмайди, аксинча, адиб шуларнинг ҳаммасини, ҳатто, ишқ жунунини ҳам тақдирдан деб билади. «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, тақдир қалами азалдан пешонамда жунун ва ишқни ёзди», дейди шоир:

 

                     Биҳамдиллаҳки, оллимда азалдин

                     Жунуну ишқ ёзди килки тақдир.

 

Охират ва жамол ошиғи ишқи илоҳий ва ваҳдат майи: Аллоҳ таолонинг якка-ягоналиги шавқи азалдан сарнавишт эканига – пешонага ёзилган тақдир эканига шукрлар қилиб, завқу шавқларга тўлади ва бу илоҳий ишқ неъмати боис Аллоҳнинг тақдирини севади; «Нечун, Тангрининг тақдирини севмас эканман?», деб нидо қилади:

                     Ишқу май, эй шайх, азалдин сарнавишт эрмиш манга,

                     Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?

«Тақдир қалами» деган ибора Ҳазрати Имом Бухорийнинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» китобида келган ҳадиси шарифдандир: Ҳазрати Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Аллоҳ таоло сенга муяссар қилган нарсани тақдир қалами ёзиб қўйгандир!» - дедилар.

*   *   *

Тақир - ўлчов, миқдор, андоза, қазо, қадар, азалдан белгилаб қўйилган, пешонага ёзилган нарса, қисмат деганидир. Қуръонда айтилади: «Аллоҳ ҳамма нарса учун бир ўлчов (бир ҳад) муқаррар қилгандир» («Ат-талоқ» сураси, 3-оят).

Алишер Навоий «Сирожу-л-муслимийн» асарида иймон қоидасининг ижмолини баён этиб, балоғатга етган ақл соҳибига Аллоҳ таоло фарз қилган биринчи нарса иймон эканини айтади, сўнг иймоннинг маъносини билдириб:

                     Анинг маънисидур тил бирла иқрор,

                     Кўнгул бирла инонмоғлиғ дағи бор, -

дейди. Яъни, калимаи тоййиба – покловчи сўз: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» - «Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир», демоқдир. Иймон калималарини тили билан айтиб, дили билан ҳам тасдиқ этган киши мўъмин бўлиб, пок ҳисобланади. Шундан сўнг Навоий муъман биҳлар тафсилини – ишониш шарт бўлган олти нарсани зикр қилиб, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат куни ҳақ эканига ишонгандан кейин, тақдирга ҳам ишониш фарз эканини билдиради:

                     Яна билмакдурур бемакру тазвир

                     Ки, Ҳақдиндур ямон-яхшиға тақдир.

«Яна макрсиз, ҳийла-фирибсиз билмоқ керакки, яхши ёмон одамларга етадиган яхшилик ва ёмонликлар Ҳақ таоло белгилаган тақдирдир».

Навоийнинг тақдирга иймони шу қадар қувватлики, ҳар ишда ўзини тўлиқ-тўкис Ҳақ таолога ҳавола этади:

                     Эй Навоий, бил неким бўлғонни Ҳақ тақдиридин,

                     Мундин ўзга амрдин кўнглингни уз, илкингни йиғ.

«Нимаики юз берган бўлса, уни Ҳақ тақдиридан бил, бундан бошқа ишдан кўнглингни уз, қўлингни торт», деган хулоса асло умидсизлик ва тушкунлик эмас, аксинча, тўлиқ таваккул намойишидир.

Навоий ҳикмати бежиз эмас. Инсоннинг она раҳимида пайдо бўлиб, одам шаклини олишидан то туғилишигача, туғилишидан то ўлимигача бўлган муддатлар ва унга етадиган барча яхши-ёмон нарсалар тақдирга дохилдир. «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Тақдир китоби»да ҳазрати Анас розийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: «Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бир фариштани бачадонга вакил қилиб юборгач, у: «Ё Рабб! Маний (нутфа) бўлди, лахта қон (алақ) бўлди, бир парча эт бўлди», - дегайдир. Аллоҳ таоло (ўша бир парча этни) одам қилиб яратишни ирода қилса, фаришта У Зотдан: «Ё Рабб! Ўғил бўлсинми, қиз бўлсинми? Бахтли бўлсинми, бахтсиз бўлсинми? Ризқи қанча бўлсин? Умри қанча бўлсин?» - деб сўрагайдир. Мана шуларнинг ҳаммаси она қорнида тақдир қилиб битилгайдир!» (239-саҳифа).

*   *   *

«Килки қазо», «хомаи тақдир», яъни тақдир қалами зикри Навоий ғазалиётида комил иймон ва таъкид билан такрорланади:

                     Ҳар не ёзмиш оллингга килки қазо, кўрмак керак,

                     Эй Навоий, қочмоқ ўлмас Тенгрининг тақдиридин.

«Тақдир қалами пешонангга ёзган нарсани кўрмоқ лозим, асло Аллоҳнинг тақдиридан қочиб бўлмайди».

                     Ғам ўлса, солма гириҳлар қошингғаким, қилмас

                 Ғализ ўлуб бу қаро манъи хомайи тақдир.

«Ғам етса, қошингни чимириб, уни буришиқ, чигал қилмагин, чунки қоралиги бадтар қуюқлашади-ю, аммо зинҳор тақдир қаламининг ёзувини тақиқлай олмайди».

 

                 Чун не тақдир ўлса, тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,

                     Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай?

«Неки тақдир қилинган бўлса, у саъйу ҳаракат билан ўзгармайди, бас, қайғу менга қисмат бўлди деб нечун ортиқча қайғурайин?!»

Бу ҳикматлар Қуръон ва ҳадисга асосланади. Ҳазрати Имом Бухорий «Тақдир китоби»нинг 5-бобига: «Банда назрга эмас, тақдирга ишонмоғи керак» деб сарлавҳа қўйганлар. Унда ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф баён қилинади: …Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назр бериб, тақдирдан қутулиб бўлмайди…», - дедилар.

Яна у зотдан ушбу ҳадиси шариф баён этилади: «Назр Одам боласига ҳеч қандай манфаъат бермайди, унинг пешонасига ёзилганини ўзгартира олмади. Лекин азалдан тақдир қилинган нарсаларни тақдирнинг ўзигина унга насиб айлайди, холос!»

Демак, инсон саъйу ҳаракати билан эришадиган яхшиликлар ҳам аслида тақдирдандир. Навоий куйлаган маъно ана шудир. Мажоз ортидаги ҳақиқат ана шудир.

Чунончи, «Сунани Термизий»даги баъзи ҳадиси шарифларда яширин садақа хунук ўлимни дафъ этиши, дам солдириш, табибларга бориш, дори-дармон қилиб даволаниш каби яхши ҳаракатлар ҳам аслида тақдирдан экани баён қилинади. Бас, бу маънолар одамзодни яхшиликка, фаолиятга ундайди.

 

 

*   *   *

«Кишига азалдан тақдир қилинган нарса билан унга таъна-маломат қилишдан фойда йўқ. Бемаврид ўгит-насиҳат ҳам беҳудадир. Бировдан айбу нуқсон излагандан кўра, ўз айбингни тафтиш эт,  чунки инсон учун ўз нуқсонини кўришдек маърифат бўлмагай». Бу маъно Навоийнинг бир қанча байтларида акс этган.

                     Не воқиъ ўлса, чу тақдирдин эмас хориж,

                     Бас, ўктадур қилуридин кишига бермак ўгут.

«Инсонда қандай яхши ёки ёмон иш содир бўлса, бу тақдирдан ташқари эмас. Бас, шундоқ экан, кишининг қиладиган ишидан унга ўгит-насиҳат бериб, таъна-маломат қилмоқ беҳудадир».

                     Дайр аро усрук кўруб, зоҳид мени айб айламиш,

                     Билмамиш  мискинки, ҳеч иш хорижи тақдир эмас.

«Дунёда мени (Аллоҳнинг зикри, ишқи, файзи ва жазбасидан) маст, сархуш ҳолда кўриб, зоҳид мени айблабди, у бечора билмабдики, ҳеч бир иш тақдирдан ташқари эмас».

Бу байтлардаги маъно инсонларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш мўъминга фарз эканини асло хаспўшламайди, чунки бу фарзият ҳеч қачон ҳеч кимдан, айниқса, илм аҳлидан соқит эмас. Шунингдек, бу ифода илми калом соҳасида Мотуридий (ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий-Самарқандий) таълимотида машҳур бўлган жузъий ихтиёр масаласини ҳам зинҳор таомилдан чиқармайди. Яъни, тақдир ҳақ, бандаларнинг феълини, шубҳасиз, Аллоҳ яратган, аммо Ҳақ таоло иймон ва куфрни, яхшилик ва ёмонликни яратиб, буларни танлашда бандага жузъий (бир қисм) ихтиёр ҳам бериб қўйган. Чунончи, Навоий айтади:

                     Чу топмас ҳар неки тақдирдур бу дайр аро тағйир,

                     Адаб эрмастурур қилмоқ ҳар ишни муддао густох.

«Ҳар неки тақдир қилинган бўлса, бу дунёда у асло ўзгармайди, демак ҳар ишни қилишни муддао этмоқ, орзу қилмоқ, истамоқ адабдан эмас, баски, густох бўлманг - адабсизлик қилманг, ҳаддингизни билинг, адабга мувофиқ ишларни қилишга урининг, одатланинг!»

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2111 times
Tagged under

Мақолалар

Top