Мақолалар

Даврий нашрларда: “Хўп” дегин – олам гулистон…

Мен келин бўлиб тушган хонадонда момоқайнонам ва қайнонам бор эди. Рўзғор юмушлари, пишир-куйдир, тикиш-чатишда янги оилада қийналмаслигимдан жигарларимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам кўнглим тўқ эди. Лекин… тўйдан кейин кўп ўтмасдан қайнонамдан: “Супургининг белини букиб супураркансиз, тўрт кунда чўлтоқ бўлади”; “музхонанинг фалон токчасига унимас, буни қўйиш керак” каби гаплар кўпайиб борди.

Бир-икки марта жавоб қайтаргандим, гап бадтар чувалашди: “Ўз билганингиздан қолмас экансиз. Катталарга қулоқ солишни ўргатишмаганми?”; Мени “Супурги тиклаб қўйилди нимаю ётқизиб қўйилди нима?”; “Шўрванинг картошкасию маставанинг сабзиси сал каттароқ ёки майдароқ тўғралганини гапириш шартми?” деган саволлар қийнарди.

Бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасдим. Аммо, сезишимча, қайнонам билан ўртамиздаги гап-сўзлар момоқайнонамга, турмуш ўртоғимга ҳам етиб бораётгандай эди. Ўртада қандайдир кўнгилхиралик бордек яшётган эдик. Бир куни… дорга кир ёйишим ойижонга ёқмади-ю, “Билмаган ишингизни ўрганишниям истамас экансиз”, деб ҳамма кирни бошқатдан ёйиб чиқдилар. Хуллас, уйга борганимда, ичимдаги аламларимни тўкиб солдим.

Гапларимдан бувижоним тутаб кетдилар: “Ҳо-о, менинг болам уй ишларини билмас эканми?” Шу пайт кекса қўшнимиз чиқиб қолди, бувимга сингилдек яқин бу аёлга мендан эшитганларини куйиб-пишиб айтиб берди. Шунда қўшнимиз бироз кулимсираб менга: “Қизим, қайнонангнинг гапларига “хўп” деб жавоб қайтариш шунча қийинми?” деди. “Қийинмас… – дедим. – Энди… рўзғор юмушлари бажарилмай қолгани йўқ-ку!”

Бу гапимдан бувим тағин ловуллаб кетди: “Нияти холисга ўхшамаяпти бу аёлнинг!..” “Унақа деманг, опа, келинлик пайтимдаги воқеалар эсингизга тушмаяптими? – деб дарров тўхтатди қўшнимиз, кейин яна менга юзланди: “Қизим, сенга ҳовлининг у томониданмас, бу томонидан супуриш шунчалик қийинми?” “Қийинмас-у…” “Қийинмас, албатта, – давом этди қўшнимиз. – “Хўп” дегину айтганини қилгин, олам – гулистон! Ахир, у оиладагилар ҳам ўз тартиб-қоидаларига кўникиб кетишган. Кўпчиликка бўйсунасан-да!”

…Бу воқеаларнинг бўлиб ўтганига қирқ йилдан ошди. Ўшанда биринчи марта қайнонамнинг танбеҳлари, талабларини эшитганда ўзимни оқлашга уринмай, “хўп” деб жавоб қайтарганимдаёқ у кишининг юзида хотиржамлик, рағбат кўрганман. 

 

ОҚИЛАБУВИ

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан

Read 1930 times

Мақолалар

Top