Мақолалар

ЖАМЛОВЧИ ДУО

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен намоз ўқиётганимда ҳузуримга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар. Ҳожатлари бор экан. Мен кеч қолдим. Шунда у зот: "Эй Оиша! Сен жамловчи дуо жумлаларини лозим тут", дедилар. Мен тугатиб бўлганимдан кейин: "Эй Аллоҳнинг Расули! Жамловчи дуо жумлалари қайси?" дедим.
У зот бундай дедилар: "Аллоҳим! Мен Сендан яхшиликнинг ҳаммасини сўрайман. Тез келадиганини ҳам, кечга қоладиганини ҳам. Ўзим биладиганимни ҳам, ўзим билмайдиганимни ҳам. Аллоҳим! Мен Сендан ёмонликнинг ҳаммасидан паноҳ сўрайман. Тез келадиганидан ҳам, кечга қоладиганидан ҳам. Ўзим биладиганимдан ҳам, ўзим билмайдиганимдан ҳам. Ва Сендан жаннатни ва унга яқинлаштирадиган сўз ҳамда амалларни сўрайман.
Ва мен дўзахдан ва унга яқинлаштирадиган сўз ва амаллардан паноҳ сўрайман. Ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Сендан нимани сўрасалар, ўшани сўрайман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Сендан нимадан паноҳ сўрасалар, ўшандан паноҳ сўрайман. Менга қазо қиладиган бўлсанг, унинг оқибатини яхши бўладиган қилгин», деб айтгин».

Шарҳ: Демак, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо намоздан кейин кўпрок, узоқроқ дуо қилиб қолганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳамма нарсани бирма-бир санаб, айтиб ўтирмай, уларни жамловчи дуоларни қилиш афзаллигини айтмоқдалар ва ўша дуоларни ўргатмоқдалар. Шунинг учун асосан ояти карималарда, ҳадиси шарифларда келган дуоларни қилиш керак экан. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, суннатга мувофиқ дуо қилган бўламиз, иншааллоҳ.

"Одоблар хазинаси" китобидан.

Read 2510 times

Мақолалар

Top