Мақолалар

Даврий нашрларда: Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Тўлиқ исми – Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий, ҳижрий 113 йилда туғилган. У зот фақиҳ, тафсир илмлари, ғазотлар ва араблар тарихи билимдони эди.

Аббосийлар халифаси Ҳорун Рашид у зотни ниҳоятда ҳурмат қилар, иззат­икром кўрсатарди. У ўз замонасида мағрибу машриққа “Қозул қузот (бош қози)” этиб тайинланган эди. Усулул фиқҳ бўйича биринчи китоб ёзган ва фиқҳий масалаларни имло қилдирган зотдир. Ибн Самоа айтади: “Абу Юсуф қозиликка тайинлангач, ҳар куни юз ракат намоз ўқирди”. Абу Юсуф дастлаб, Ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳга шогирд тушган. Сўнг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан фиқҳни ўрганган. Абу Ҳанифа вафотига қадар у зот этагини маҳкам тутган. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган: “Мен илм ўрганиш учун Ибн Абу Лайло ҳузурига борардим. У киши мени ҳурмат қиларди. У бирор масалада ҳукм чиқаришга қийналса, Абу Ҳанифанинг сўзини олар эди. Мен Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳалқасига боришни жуда истардим. Бироқ Ибн Абу Лайлодан ҳаё қилганимдан бора олмасдим. Бир куни у билан ўртамизда кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Бу Ибн Абу Лайлога оғир ботди. Мен эса, вазиятдан фойдаланиб, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдига бориб, у зот этагидан маҳкам тутдим. Мен Абу Ҳанифага ўн етти йил шогирд бўлдим. Ҳатто Рамазон ва Қурбон ҳайитларида ҳам ундан ҳечам ажрамадим. Фақат касаллигим сабабли бирга бўлолмаган баъзи вақтларим бундан мустасно”. Шунингдек, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ дарслардаги муноқаша қилинган масалаларни ёзиб борар, сўнг устозига кўрсатар эди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфнинг фазли ва илмини эътироф қилар эрди. У оғир касал бўлганида: “Мабодо, бу йигит вафот этса, ер юзидаги энг илмли инсон вафот этган бўлади”, деган экан. Яна бундай деган: “Мени ҳеч ким Абу Юсуфчалик маҳкам тутган эмас”, “У шогирдларим орасида барча илмларни ўзида жам қилганидир”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аъмаш мендан бир нечта масала ҳақида
сўради. Унинг саволларига жавоб бердим.

Кейин: “Бу жавобларни қаердан олдинг?” деди. “Сиз менга ривоят қилиб берган ҳадисдан олдим”, деб ўша ҳадисни эслатдим. У: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ота­-онанг турмуш қурмасдан олдин ёд олгандим, лекин ҳозиргача унинг таъвилини билмас эдим”, деди. Абу Юсуфдан икки буюк имом – Муҳаммад ибн Ҳасан ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумаллоҳ ҳам илм ўрганишган.

Имом Аҳмад айтади: “Дастлаб, ҳадис талабида Абу Юсуф ҳузурига борганман”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 182 йили Бағдодда вафот этган. У зот уч аббосий халифа – Маҳдий, Ҳодий ва Ҳорун Рашид даврларида бош қози бўлган. Ривоят қилинишича, вафот этаётганида, бундай деган: “Мен умрим бўйи берган фатволаримнинг ҳаммасидан қайтдим. Фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ келадигани бундан мустасно”.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабини ривожлантириш борасида уч босқичда фаолият олиб борган.

1. Тадрис. Ҳанафий мазҳабнинг ёйилишига дарс беришнинг таъсири кучли бўлган. Шу боис устоз вафотидан сўнг шогирдлар унинг илмий фаолиятини давом эттиришди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ устозининг ҳаётлик чоғидаёқ юксак илмий салоҳиятга эришган. У масалалар муноқашасида иштирок этиб, усул қоидаларини ёзиб борарди. Устози вафотидан кейин унинг Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳасан ибн Зиёд каби шогирдларига фиқҳдан дарс берди. Сўнгра барчалари кўплаб юртларда бу мазҳабни ёя бошлашди.

2. Қозилик. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ то вафотига қадар аббосийлар давлатида узоқ муддат бош қози бўлиб фаолият юритган. Машриқу мағрибдаги ҳар бир қози унинг маслаҳати билан тайинланар, мазҳабни ёйиш ва унинг нуфузи йўлида ҳанафий уламолардан истаганини қози этиб тайинлар эди. Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳни ҳам Раққа шаҳрига қозиликка тавсия қилган. Зеро, у зот Абу Ҳанифа фиқҳини қозилик орқали ёйишда бошқалардан кўра Имом Муҳаммадни афзал билган.

3. Тадвин. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Китобул осор”, “Ихтилофу Абу Ҳанифата ва Ибн Аби Лайло”, “Ал­Харож” ва “Ар­Радду ала сиярил Авзоий” каби асарларни ёзиб қолдирди. У илк бор ҳанафий мазҳаби бўйича китоб ёзиб, масалаларни имло қилган ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ илмини дунёга тарқатган киши сифатида эътироф этилади. Бундан ташқари, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ муҳаддис бўлгани учун ҳанафий фиқҳини ҳадис билан қувватлади. Жарҳ ва таъдил имоми Яҳё ибн Маин раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуф тўғрисида бундай деган: “Асҳобур раъй ичида Абу Юсуфдан кўра ҳадис илмида собитлироқ, ҳифзи кучлироқ, ривояти саҳиҳроқ бирор кишини кўрмадим”.

Муҳаммад ибн Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфдан ривоят қилади: “Биз Абу Ҳанифа билан баъзи масалаларда суҳбатлашардик. Қачон у бир сўз айтса ва шогирдлари ҳам унга қўшилса, уни қўллаб қувватлайдиган ҳадис ё осор бормикин, деб Куфа шайхларининг олдига борардим. Кўпинча бу борада иккита ёки учта ҳадис топиб, уларни Абу Ҳанифага айтсам, баъзиларини қабул қилиб, баъзиларини “Бу саҳиҳ эмас, бу маъруф эмас”, деб рад этарди. Ҳақиқатда, ўша ҳадисларнинг ҳукми у зотнинг айтганидай бўлиб чиқарди. “Буни қаердан биласиз?” деб сўраганимда: “Мен Куфа аҳлининг илмини биламан”, деб жавоб берган.

“Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари” китоби асосида тайёрланди.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

Read 1989 times

Мақолалар

Top