Мақолалар

НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

ҒАЗАЛ

 

Эй, етти манзар тарҳиға

меъмори сунъунгдин бино,

Маснуълар фоний, вале

маслуби сониъдин фано.

 

Чекмай малак лутфунг куни

жуз зикр ила тасбиҳ уни,

Одам дебон қаҳринг туни

ҳар дам: «Золамно, Роббано».

 

Ҳамдингға ҳар кўтаҳ назар

ҳам гунгу лол ўлғай магар,

Чунким демиш Хайрул-башар

ул ерда: «Ло уҳсий сано».

 

Жинси башар йўқ огаҳинг,

хуршид хоки даргаҳинг,

Кўк маҳд аро тифли раҳинг

етти атоу тўрт ано.

 

Фақр аҳли истаб қурбатинг,

аҳли ғино ҳам тоатинг,

Етганга доғи фурқатинг,

не фақр нофиъ, не ғино.

 

Васлингда ишрат хўб эрур,

айшу тараб марғуб эрур,

Сенсиз манга матлуб эрур

танда алам, жонда ано.

 

Ишқингда бир девоналиғ,

шавқингда бир фарзоналиғ,

Ағёрдин бегоналиғ,

айлаб Ўзунгга ошно.

 

Журму гуноҳлардин ўтуб,

келтурма юзға қўрқутиб,

Лола агар соғар тутуб,

мусича гар қилмиш зино.

 

Бордур Навоий бекасе,

ишқ ичра андоқким хасе,

Чун ўртадинг они, басе,

куйдурма дўзахда яно.

 

НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

 

ЕТТИ МАНЗАР

(«Фавойидул-кибар», 6-жилд, 1-ғазал)

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту саломлар айтиб, Маърифат гулшани кўрсатувининг навбатдаги дастурини бошлаймиз.

Мумтоз адабиёт, қадимий шеърият баъзи мамлакатларда девон адабиёти деб юритилади. Девон ғазаллар ва маснавийдан бошва шеър турларини ўз ичига олади. Девон араб имлосига асосланиб, ҳар шеърнинг қофияси ёки радифи Алиф, Бе, Те, Се каби муайян ҳарфлар билан тугаган бўлади.

Девон адабиёти XI асрда Мавороуннаҳрда (бугунги Ўзбекистон заминида) Қорахонийлар даврида бошланган, исломий маданиятдан баҳра олган, шу сабабдан араб ва форс адабиётларидан таъсир топган исломий адабиётдир. Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган бу мумтоз адабиёт «мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир» деган ҳикматли сўзга асосланади; яъни мажоз йўли билан ҳақиқатни куйлайди, мажозий муҳаббатни баҳона қилиб, илоҳий ишқни тараннум этади.

Мумтоз шеъриятнинг улуғ одоб ва улуғ анъаналаридан бири, ҳар бир янги ҳарф боби ҳамд ғазаллари, яъни Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтилган ғазаллар билан бошланади, сўнг наът ғазаллари, яъни жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал сифатлари айтилиб, мадҳ этилган ғазаллар билан давом этади. Кейин мажозий ифодалар бошланади.

 

Ҳазрати Алишер Навоий қаламига мансуб “Хазойинул-маъоний” девони, «Фавойиду-л-кибар» китобининг илк ғазали Ҳақ таъолонинг ҳамди, шукронаси, Унинг қудрат ва санаътидан пайдо бўлган ҳайрат ва завқ изҳоридан иборатдир.

 

I.

Эй, етти манзар тарҳиға

меъмори сунъунгдин бино,

Маснуълар фоний, вале

маслуби сониъдин фано.

 

“Эй, етти осмон лойиҳасига яратиш-санъатинг меъморидан бино қурилган Зот! Бу яратилган нарсалар – санъатлар фонийдир, ўткинчидир, аммо сониънинг – яратгувчи-санъаткор Зотнинг иродаси, сифоти салбияси тажаллийси сабабли  ўткинчидир. Яъни, бор қилувчи ҳам, йўқ қилувчи ҳам Ўзидир”.

 

Навоийнинг фалсафий қарашлари, ҳикматнавислик санъати соф исломий эътиқод ва илму маърифатга асосланади.

 

Етти манзар – етти кўриниш, етти шакл, қараладиган, назар қилинадиган етти нуқта, яъни етти қават само.  Бу етти осмон лойиҳасини тузган ҳам Ўзи, Ўз қудрати-санъати билан уни устунсиз юксалтириб, иморатини барпо қилган ҳам Ўзи.

 

Муҳаққақ, бу санъатлар фонийдир, Яратган зотнинг Ўзи боқийдир, лекин бу фано бўлишнинг боиси – яна Яратган зотнинг қудрати-санъатидир. «Маслуб» сўзи сифоти салбиянинг тажаллийсига ишорадир.

Биринчи мисрага Бақара сураси, 29-ояти асос бўлади (Аъуузу биллоҳи минаш-шайтонир-рожийм. Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм):

 

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً

ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاء فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ

سَمَاوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

 

Оят маъноси: «Ул (Аллоҳ)ки, ер юзида нимаики бор бўлса, ҳаммасини сизлар учун яратди; кейин (Ўз иродаси билан) осмонга қасдланиб, уларни етти (қават) осмон тарзида (бир низом асосида) мукаммал қилиб тузди. У ҳамма нарсани ҳаққоний билгувчидир».

 

Яна Мулк сураси, 3-ояти:

 

الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقاً مَّا تَرَى

 فِي خَلْقِ الرَّحْمَنِ مِن تَفَاوُتٍ

فَارْجِعِ الْبَصَرَ هَلْ تَرَى مِن فُطُورٍ

 

Оят маъноси: «Етти осмонни (бир-бирига) қаватма-қават қилиб (уйғунликда) яратган зот Удир. Раҳмоннинг яратишида ҳеч бир тафовут – номувофиқлик ва ноқислик кўра олмассан. Бас, кўзингни қайтариб қара! (Унда) ҳеч бир ёриқ ва қусур кўрармисан?»

 

Иккинчи мисра Қасас сураси, 88-оятига асосланган:

 

وَلَا تَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ

كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ

لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

 

Оят маъноси: “Аллоҳ билан қўшиб бошқа бир илоҳга илтижо-ибодат қилманг! Ундан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ! Унинг зотидан бошқа (моддий) ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм ва (мутлоқ ҳукмронлик) ёлғиз Уникидир ва сизлар фақат Унгагина қайтарилгайсизлар”.

 

II.

Чекмай малак лутфунг куни

жуз зикр ила тасбиҳ уни,

Одам дебон қаҳринг туни

ҳар дам: «Золамно, Роббано».

 

«(Эй Раббимиз!) Сен лутф қилган кунинг фаришталар зикр ва тасбиҳ овозидан бошқа бир овоз чиқармайди, Сенинг яккаю ягона, пок ва муқаддас, ҳар қандай айбу нуқсондан муназзаҳ эканингни айтиб, олқишлаб, зикр қилишдан бошқа сас чиқармайди. Одам алайҳиссалом ҳам момо Ҳавво билан бирга ҳар лаҳза: «Эй Раббимиз! Биз ўз-ўзимизга зулм қилдик, бизларни кечир, Ўзингга тавба қиламиз!» - дейишдан нарига ўтмайди».

 

Лутф ва қаҳр, тун ва куннинг зидаланиб келиши, Аллоҳ лутфу карамининг ёруғ кундузга, қаҳрининг қоронғу тунга ўхшатилиши Навоийга хос санъатдир.

 

Иккинчи байт «Бақара» сурасининг 30-38-оятларига асосланади. «Лутфунг куни» иборасига асос бўлган оятлар маъноси шуки, Аллоҳ тало фаришталарга ер юзида бир халифа яъни, Яратганнинг ҳукмларимни бажо келтирадиган, салоҳият ва бошқарувга лойиқ бир инсон яратмоқчи эканини билдирди. Фаришталар “халифаликка биз ҳақдорроқмиз” деган маънода сўз қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўзи яратган Одам алайҳиссаломга барча нарсаларнинг исмларни ўргатди. Кейин уларни фаришталарга кўрсатиб: «Қани, халифаликка биз лойиқмиз деган сўзларингизда ростгўй бўлсангизлар, буларнинг исмларини Менга хабар беринглар-чи», - деди. Фаришталар айта олмадилар ва дедиларки:

قَالُوا سُبْحَانَكَ لَا عِلْمَ لَنَا إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ  

Оят маъноси: (Фаришталар): «(Ё Рабб!) Сен (бутун нуқсон сифатларидан) пок ва муназзаҳсан! Бизда Сен ўргатган илмдан бошқа ҳеч бир билим йўқ. Ҳамма нарсани ҳоққоний билгувчи, ҳукм ва ҳикмат соҳиби (фақат) Сенсан», дедилар.

 

Лутф кунидаги фаришталарнинг тасбиҳи ана шудир.

 

Бу ўриндаги “лутфинг куни” иборасидан мурод Аллоҳнинг ҳам Одам алайҳиссаломга, ҳам фаришталарга кўрсатган лутфу карамидир: Одам алайҳиссломга кўрсатган лутфи Одам алайҳиссаломни яратиши, у зотни ер юзида Ҳақ таъолонинг ҳукмларини бажо келтирадиган бошқарувга лойиқ бир инсон қилиши, фаришаталар билмаган нарсани Одамга ўргатиши ва у зотнинг лутфи Илоҳийдан олим бўлиб қолиши, ҳамма нарсаларнинг исмини билиб олиши ва айтиб беришидир.

 

Фаришталарга кўрсатган лутфи эса уларга Ўз раҳмати билан муомала қилиб, Одам алайҳиссаломнинг фазилатларини яхшилик ва гўзаллик билан тан олишга ундашидир.

 

«Қаҳринг туни» иборасига Бақара сурасининг 35-37-оятлари асос бўлган. Одам алайҳиссалом Шайтоннинг алдови билан тақиқланган дарахтнинг мевасидан еб, ерга туширилдилар. Аллоҳ тало у зотга тавба сўзларини ўргатди ва тавбасини қабул қилди. 

Одам алайҳиссаломнинг тавбаси эса, Навоий қайд этганидек, «Роббано, золамно анфусано!» демоқдан иборат эди.

Навоий ишорат қилган тавба сўзи тўқилган ёки асоссиз нарса эмас, балки айнан Қуръондандир. Аъроф сураси, 23-оятига диққат қиламиз:

 

قَالَا رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ

 

«Қоло: Роббано золамно анфусано ва ин лам тағфирлано ва тарҳамно ланакунанна минал-хосирийн».

 

Маъноси: «(Иккови – Одам билан Ҳавво) дедилар: «Эй Раббимиз! Биз ўз-ўзимизга зулм қилдик. Агар бизларни кечирмасанг ва бизларга раҳм қилмасанг, муҳаққақ, биз зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз!»

 

Бас, Навоий ҳеч бир иборани беҳуда қўллаган эмас.

 

III.

Ҳамдингға ҳар кўтаҳ назар

ҳам гунгу лол ўлғай магар,

Чунким демиш Хайрул-башар

ул ерда: «Ло уҳсий сано».

 

Ё Раббим! Сенинг ҳамдингни айтишга ҳар бир қисқа ўйли инсон ҳам гунгу лол бўлиб қолаверади, чунки башариятнинг энг хайрлиси бўлган ҳазрати Пайғамабар – Муҳаммад алайҳиссалом бу ўринда: «Ло уҳсийу сано’ан», яъни: «(Эй Аллоҳим!) Мен Сенга сано айтиб тугата олмайман», деб ҳадис айтганлар.

 

Ҳадис матни: «Ло уҳсийу сано’ан ъалайка, анта камо аснайта ъало нафсик».

 

Маъноси: «(Эй Аллоҳим!) Сен Ўз зотингни Ўзинг сифатлаганинг каби мен Сенга сано айтиб (мақтовли ситфатларингни сўзлаб) саноғига ета олмайман».

 

Аллоҳнинг Расулики, бу хусусда бундоқ хоксорлик қилган бўлсалар, бошқалар не ҳам дея олар эди! Шу боис Шайх Саъдий ҳам айтадилар (таржимаси):

 

Хослар ҳам бу йўлда чоптирдилар от,

“Ло уҳсий”га етгач, тек қолдилар бот.

 

«Неча хос бандалар ҳам бу йўлда от чоптирдилар, «Ло уҳсий» ҳадисига дуч келгач, пойгадан ортда қолавердилар».

 

IV.

Жинси башар йўқ огаҳинг,

хуршид хоки даргаҳинг,

Кўк маҳд аро тифли раҳинг

етти атоу тўрт ано.

 

Ё Раббим! Башар зоти Сендан етарлича огоҳ эмас, қуёш ҳам даргоҳинг тупроғидир. Кўк бешик ичида етти ота ва тўрт она Сенинг йўлингнинг гўдак болаларидир.

 

Етти ота – ер юзидаги етти иқлим, ер сайёрасининг инсон яшайдиган қуруқлик қисмлари, обод манзиллар; тўрт она – тўрт фасл. «Тўрт она»ни тўрт унсур – ўт, сув, ҳаво, тупроқ деб тушуниш ҳам мумкин, чунки ернинг яралишига асос бўлгани учун уларда «оналик» хусусияти бор.

 

Ерни «бешик» деб аташ Қуръонга асосланади. «Набаъ» сураси, 6-оятида Аллоҳ айтади, маъноси: «Ахир, Биз ерни бир бешик қилиб қўймадикми?»

 

«Байтдаги «етти ота»ни етти қават осмон деб англовчилар ҳам бор, аммо осмонлар «кўк бешик» ичида эмас, унинг устидадир. Ғазалдаги «маҳд» - «бешик» сўзи мантиқан Қуръон оятига ишорат борлигини билдириб турибди.

 

«Тўрт фасл» маъносига келсак, инсон учун зарур бўлган неъматлар асосан уч фасл ўтиб, тўртинчи фаслда пишиб камолга етади.

 

Аммо «етти» (гоҳ «олти», «тўрт») сўзи билан боғлиқ тушунчалар кўп: етти осмон, етти иқлим, етти сайёра: қуёш, ой, зуҳал, муштарий, миррих, зуҳро, аторуд; етти оғайни (ёки етти қароқчи) юлдузи; етти дарё (яъни, етти денгиз) ва ҳоказо.

«Лисону-т-тайр»да Навоий айтади:

 

Тўрт унсур, етти кўк, олти жиҳот,

Нодиру олий – асоси коинот.

 

Тўрт унсур – ўт, сув, тупроқ, ҳаво; етти қават осмон; олти жиҳот (томон) – ост-уст, ўнг-сўл, олд-орт, булар нодир ва олийдир, коинотнинг асосидир. Инсон ибодатда етти аъзоси билан сажда қилгани учун «етти аъзо» ибораси ҳам мумтоз шеъриятдан ўрин олган.

 

V.

Фақр аҳли истаб қурбатинг,

аҳли ғино ҳам тоатинг,

Етганга доғи фурқатинг,

не фақр нофиъ, не ғино.

 

“(Ё Рабби!) Фақр аҳли – камбағаллар (ёки дунёдан кўнгил узиб, қаноат мақомига етган хос зотлар) ҳам Сенга яқинликни истаб ҳаракатда, аҳли ғино – бойлик, молу давлат соҳиблари ҳам Сенинг тоатинг билан машғул. Аммо фурқатинг – айрилиғинг доғи етган кишига фақр-камбағаллик ҳам, бойлик-давлат ҳам фойда бермайди”.

 

Ўзинг раҳм қил, Ўзинг бандам де, Ўзинг мадад бер! Қалбимизни қалби салим қил! Ҳамма Сенга муҳтож, Сен ҳеч кимга муҳтож эмассан, ҳамма Сендан тилакда, Сен ҳеч кимдан ҳеч нарса истамассан!

 

Фақр – тасавууфда 1) дарвишлик, соликнинг ҳеч бир нарсага эга ва соҳиб эмаслигини англаши, ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси ва соҳиби Аллоҳ эканлигини идрок этишидир; 2) соликнинг ўзини доимо Аллоҳга муҳтож сезиши, Аллоҳнинг ҳеч бир нарсага эҳтиёжи йўқлигини фаҳмлашидир; 3) қаноат ва ризо мақомидир.

 

Қорун деган шахс улуғ пайғамбар Мусо алайҳиссаломнинг қариндоши – амакисининг ўғли  эди. Унинг бойлик- хазиналарининг калитларини кўтариб юриш бақувват жамоага ҳам оғирлик қилар эди. Лекин у Мусо алайҳиссаломга қарши туғён қилди.

 

Аллоҳ тало Қуръони каримда айтадики, Қасас сураси, 81- оятининг маъноси:

“Ниҳоят, Биз уни ҳам, уй-жой (қасру иморатлар)ини ҳам ерга юттириб юбордик. Бас, унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берувчи бирор жамоаси бўлмади. Ва у ўзини қутқаргувчилардан ҳам бўлмади.

 

Қорунга бойлиги фойда бермади унга доғи фурқат – Аллоҳдан айрилиш ҳалокати етди.

 

 Аъроф сураси, 175-оятининг шарҳида келадики, Бани Исроил қавми орасида Балъам ибн Боура исли дуоси мустажоб бўладиган, фақр, яъни қаноат мақомига етган олим зот бор эди. У гумроҳ одамларнинг мол-дунё бериш ҳақидаги ваъдасига учиб, Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг қавмига қарши турди ва уларни дуоибад қилди, у нафсига эргашди. Унга фурқат доғи етди, фақр фойда бермади. Аллоҳ таоло унга берган илмни ундан олиб қўйди, унинг тили кўксигача осилиб тушди ва дунёда эканидаёқ унга жазосидан бир қисми берилди.  У ҳақда оятлар нозил бўлди.

 

Аъроф сураси, 175-176-оятлари маъноси:

  1. (Эй Расулим!) Уларга (яҳудийларга) ул кимсанинг хабарини тиловат қилингки, Биз унга оят-аломатларимизни берган эдик ва у булардан ажралиб чиқди (куфрга мойил бўлди). Бас, шайтон уни эргаштириб олди ва у йўлдан озганлардан (бири) бўлиб қолди.

 

  1. Агар Биз хоҳласак, ўша (оят-аломат)лар орқали уни (яхшилар даражасига, баланд мартабага) юксалтирар эдик. Лекин у ерга (паст дунёга) майл қилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг аҳволи бир итнинг ҳолига ўхшашдирки, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади (тубан бир ҳолдадир). Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг аҳволи ана шудир. (Уларга) бу ҳодисани баён қилинг, шоядки, тафаккур қил(иб сабоқ ол)салар.

Тафирларга кўра, бу оятдаги киши Бани Исроил олимларидан дуоси мустажоб бўладиган зот бўлмиш Балъам ибн Боурадир. Бас, унга ўхшаганларга, яъни шу зайлда шон-шуҳрат, мол-дунё, мавқе-мақомга эга бўлиш учун динни сотганларга нисбатан «Балъам» сўзи зарбулмасал бўлиб қолди (“Файзул Фурқон”).

 

VI.

Васлингда ишрат хўб эрур,

айшу тараб марғуб эрур,

Сенсиз манга матлуб эрур

танда алам, жонда ано.

 

“Ё Рабб! Сенинг висолингга етиш, жамолингга мушарраф бўлишликда ишрат – шодлик, хушвақтлик яхшидир; яхши ҳаёт, шодлик-хушҳоллик эса ёқимлидир, севимлидир”.

 

Бу ҳаёти дунёда Сенсиз тандаги дарду алам, жондаги машаққат, азоб-уқубат менга мақбулдир, исталган нарсадир. Шунинг учун охират ҳаётининг саодатини истаб, дунёда машаққат чексам, охиратда бунинг муқобили, мукофоти бор, Аллоҳнинг жаннати ва жамоли бор.

 

VII.

Ишқингда бир девоналиғ,

шавқингда бир фарзоналиғ,

Ағёрдин бегоналиғ,

айлаб Ўзунгга ошно.

 

“Ё Рабб! Ишқингда бир девоналик бор, ўзини идрок ва идора эта олмаслик ҳоли бор, чунки ишқи Илоҳий кишини сархуш қилади, мажзуб этади. Шавқингда эса, аксинча, бир фарзоналик – оқиллик, донолик, донишмандлик бор, ўз-ўзини идрок этиш бор.

 

Чунки шавқ ўртанишдан, ички ёнишдан туғилади, маърифатдан – Ҳақ таъолони танишдан юзага келади. Ҳар иккиси билан ҳам бандангни ағёрдан – Ўзингдан ғайридан бегона қилиб, Ўзингга ошно қил!”

 

Жаноби Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган: “Аллоҳни шунчалик ўп зикр қилингларки, токи (одамлар) сизларни мажнун десинлар”. Ишқидаги девоналик ана шу мажнунликдир.

 

Аллоҳ Қуръонда баъзи бандаларини таърифлаб: «Эртаю кеч Раббиларига дуо-илтижо ҳолидадирлар», деб марҳамат этади. Аллоҳ ғазал соҳибини ана ўшалардан айлаб қўйгани муножотларидан маълумдир.

 

VIII.

Журму гуноҳлардин ўтуб,

келтурма юзға қўрқутиб,

Лола агар соғар тутуб,

мусича гар қилмиш зино.

 

Ҳазрат Навоий аймоқдалар: “Ё Рабб! Айбу ва гуноҳларимиздан ўт, барини кечир. Баҳорда Ўзингнинг изну ироданг билан очилган лола қадаҳ тутиб, мусича зино қилган бўлса, буни юзга солиб, халқингни қўрқитма!” 

 

Одатда, лоланинг май қадаҳини тутиб туриши поклик ва гўзалликдан иборат. Мусичага зинони нисбат бериб бўладими? Асло бўлмайди. Мусичаларнинг бир-бирига суйкалиши эса пок ва гўзал наслнинг давом этишидан иборатдир, уларга зинони нисбат бериб бўлмайди.

 

Яъни, Аллоҳнинг раҳмати ва мағифати шу қадар чексизки, бандаларнинг журму гуноҳлари Аллоҳнинг чексиз раҳмати ва мағфирати олдида лоланинг қадаҳ тутиб туришидек, мусичаларнинг бир-бирига меҳрибонлик қилишидек бир гапдир.

Зумар сураси, 53-ояти:

 

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ

إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

 

Маъноси: “Айтингки: «(Аллоҳ дер:) «Эй Менинг ўз жонларига қарши (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар! Чунки Аллоҳ барча гуноҳларни кечирур! Шубҳасиз, У беҳад мағфиратлидир, бениҳоят раҳмлидир».

 

(Бу ояти каримадаги «мағфират» сўзи барча гуноҳларнинг кечирилишига далолат қилгани учун усул илмига кўра «мутлоқ»дир. Нисо сурасидаги оятларда эса «ширкдан бошқа» дейиш билан ширк билан муқаййад бўлган (қайд этилган), ҳукм шунга биноандир – “Файзул-Фурқон”).

 

Аллоҳ таолонинг 99та муборак исми бор. Ҳар бир исм муайян бир маънони ифодалайди. Лекин Аллоҳнинг ниҳосиз раҳматига оид икки исми бор: Ар-Раҳмон, ар-Раҳийм.

 

IX.

Бордур Навоий бекасе,

ишқ ичра андоқким хасе,

Чун ўртадинг они, басе,

куйдурма дўзахда яно.

 

“Навоий кимсаси йўқ, аёли-оиласи, фарзанди – ўғил-қизи йўқ бир бекасдир. У Сенинг ишқингга тушди, умрини ёлғизликда ўтказди, у ишқ ичида бир дона хасдир. Уни ишқ ўти билан ёқдинг, куйдирдинг, ё Раб, энди уни дўзахда ҳам куйдирма!”

Бошқа бир байтда Навоий айтадилар:

 

Ёрингиз васлин ғанимат

англабон шукр айлангиз –

Ким, Навоий ўлди бекасликда

зор, эй дўстлар.

 

Бобур Мирзо ҳазрат Навоий ҳақларида ёзадилар: “Ўғул ва қиз ва аҳлу аёл йўқ, оламни тавре фард ва жарида ўткарди” (“Бобурнома”).

 

Чун ўртадинг они, басе, куйдурма дўзахда яно”. Бу – комил иймон, ўтли дил, машаққатли умр соҳибининг ошиқона ва орифона дуо-илтижосидир. Навоий Аллоҳ ишқини бежиз «жонсўз оҳ урмоқ ва жон топшурмоқдур» деб айтмаганлар. Ҳазрат Навоий шундай улуғ хизматлари, сермазмун умри, ўлмас асарлари, беназир ёдгорликлари билан яна шундай хоксорлик, тавозуъ ва зориликда илтижо қилиши орифу ошиқларга ҳам, зоҳиду обидларга ҳам, қаёққа қараб кетаётганини билмаётган идроксиз, саркаш, гумроҳ кимсаларга ҳам буюк ўрнакдир.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Ҳ. 1428, 20-муҳаррам.

М. 2007. 7-феврал

Read 2112 times

Мақолалар

Top