Мақолалар

Набий алайҳиссаломнинг дуолари

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муғийра Муовияга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар:

«Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла манеъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла янфаъу зал жадди минкал жадду», дер эканлар», деб хат ёзди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоздан фориғ бўлиб, салом берганларидан кейин ўқийдиган дуолари ҳақида хабар беришини сўраганларида у киши шу ривоятда келтирилган маънодаги хатни ёзган эканлар.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Сендан бўлган иқобни қайтарувчи йўқ».

Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар уни ёдлаб олсалар, яхши бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Read 1969 times

Мақолалар

Top