Мақолалар

ИМОМ ШОФЕЪИЙ

У киши Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ Ҳошимий Муталлибий, Абду Манофнинг ўғли Мутталлибнинг авлодларидандир. У кишининг насаблари Абду Манофда Расулуллоҳнинг насаблари билан бирлашади. 150 ҳижрий йилда шомнинг Ғазза деган ерида туғилдилар. Ғазза Шофеъийнинг оталарининг асл ватани эмас, фақатгина оталари Идрис иш юзасидан Ғаззага келган ва шу ерда вафот этган. Ўғли Муҳаммад шу ерда туғилганлар. Икки йилдан сўнг оналари билан Маккага, ота-боболарининг шаҳрига қайтиб келганлар.

Маккада оналарининг бағрида етим ҳолда ўсдилар. Ёшлик чоғларидаёқ Қуръонни ёд олганлар. Кейин бодиядаги Ҳузайл деган жойга чиқиб кетдилар. У ернинг халқлари араблар ичида энг фасоҳатли гапирадиган кишилар эдилар. У ерда Шофеъий уларнинг кўпгина шеърларини ёдладилар. Бир қанча вақтдан кейин фасоҳат ва одобни ўрганиб, Маккага қайтиб келдилар. Макка муфтийси Муслим ибн Холид Занжийни устоз тутиб, у кишидан фиқҳни ўргандилар ва у киши Шофеъийга ўн беш ёшларидаёқ фатво беришликка изн бердилар. Кейин у ердан имом Моликнинг ҳузурларига бордилар. Буни Шофеъий ўзлари ривоят қиладилар: Мен Ҳузайлдан Маккага қайтганимдан кейин шеърлар, адабиётлар ва арабларнинг ҳаётлари ҳақидаги ривоятларни айтиб юрганимда Зубайдийлардан бўлган бир киши мени олдимдан ўтиб қолди ва менга: “Сендаги ушбу фасоҳат ва заковат билан бирга фиқҳ ҳам бўлса, жуда яхши бўлар эди-да”, деди. Мен унга: “Бугунги кунда фиқҳни ўрганишга лойиқ киши борми?” – сўрадим. У: “Ҳа, ушбу кундаги мусулмонларнинг бошлиғи Имом Молик бор”, деди. Бу гап мени кўнглимга ўтириб қолди. Имом Моликнинг “Муватто” китобларини ижарага олдим ва уни 9 кун ичида ёдлаб чиқдим. Кейин Имом Моликни олдиларига бордим. “Муватто”ни у кишидан ўқидим. Имом Молик Шофеъийнинг фаҳмига, ҳифзига тасаннолар айтдилар ва у кишига кетар вақтларида кўплаб ҳадислар айтиб бериб сийладилар.

Шофеъий ҳадисларни Имом Моликдан ташқари Суфён ибн Уяйна, Фузайл ибн Иёз, амакилари Муҳаммад ибн Шофеъий ва бошқалардан олганлар. Устозлари ибн Уяйна айтадилар: Шофеъий замонасининг энг фазилатли ёшларидандир. Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Шофеъий Аллоҳни китоби ва Расулуллоҳнинг суннати бўйича одамларнинг ичида энг фақиҳроғи эдилар. Мен Шофеъий билан ўтирмагунимча ҳадиснинг носихидан мансухини ажрата олмас эдим”.

Шофеъий ёшлари улғайиб эркаклар қаторига қўшилганларидан кейин ризқ топиш учун иш қидиришга мажбур бўлдилар. У кишига Яман қозиси Мусъаб ибн Абдуллоҳ Қурайший ёрдам бердилар ва Яманда ишга жойладилар. У ерда яхши хулқ-атвор билан танилдилар. Сўнгра 184 ҳижрий йилда шиъа мазҳабини қабул қалганликда айбландилар, оқибатда Ямандан Ироққа сургун қилиндилар. Агар Аллоҳ таоло у кишининг жонларига Фазл ибн Робиъ билан оро бермаганида Шофеъий бу тўҳматчилар сабабидан кўпгина ёмонликларга учраган бўлар эдилар. У киши Шофеъийдан балоларни даф қилдилар ва у кишини айбсизликлари исботланди. Имом Шофеъий шиъа мазҳабига ўтганликлари ҳақида у кишига қилинаётган тўҳматни ўзларидан даф қилиш учун Хорун ар-Рашидга айтган гапларидан бири шуки: Мен “Рашид менинг жиянимнинг ўғли” деяётга кишини  ташлаб “Мен шиъаларнинг имомининг қулиман” деган кишини кетидан юраманми, – деганлар. Бу гап Рашиднинг кўнглига жуда ҳам кучли таъсир қилган, натижада у кишини қўйиб юборишликка ва ўз ишлари билан шуғулланаверишликларига буйруқ берган.

Ўша вақтда Шофеъий учун Ироқ уламоларининг илми билан танишишликка қулай фурсат юзага келди. У ерда Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний билан учрашдилар, Ироқ фуқаҳоларининг китобларини мутолаа қилдилар ва булардан ўрганганларини Ҳижозликлардан ўрганган нарсаларига қўшдилар. У киши билан Муҳаммад ибн Ҳасан ўрталарида мунозаралар бўлиб ўтган ва бу мунозаралар Рашидга етиб борганда у жуда хурсанд бўлган. Ана шу мунозаралардан бири шуки, у киши бир куни Муҳаммаднинг ҳузурларига кирдилар. Муҳаммад ибн Ҳасан оҳод (бир киши тарафидан ривоят қилинган) ҳадис билан Қуръоннинг ҳукмига қўшимча киритиш жоиз эмас, деб таъкидлар эдилар ва шу туфайли бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм қиладиган Мадина аҳлларига таъна қилар эдилар. Чунки, бу тарзда ҳукм қилиш ҳукм икки эркак ёки бир эркак ва икки хотин гувоҳлигида бўлишлиги баён қилиб берган Аллоҳнинг китобига қўшимча қилиш демакдир. Шунда Шофеъий у кишига: Оҳод хабар билан Қуръоннинг ҳукмига қўшимча киритиш жоиз эмаслиги ҳақида сизда ҳужжат борми? – дедилар. Муҳаммад: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Шофеъий: Ундай бўлса нима учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Меросхўрга васият қилинмайди” деган ҳадисларига биноан меросхўрга васият қилиш жоиз эмас, дедингиз. Ахир Аллоҳ таоло: “Бировингизга ўлим келган пайтида (ўзидан кейин) мол-дунё қолдираётган бўлса, адолат-тўғрилик билан ота-онага, қариндош-уруғга васият қилиниши фарз этилди” (Бақара сураси, 180-оят) демаганмиди – дедилар. Шунга ўхшаш бир қанча гапларни гапирганларида Муҳаммад индамай қолдилар. Шофеъийнинг китобларида бунга ўхшаш мунозаралар тўлиб-тошиб ётибди. Кейинчалик Шофеъий Маккага қайтдилар ва у ердаги уламолар билан ва у ерга бошқа юртлардан илм истаб ёки ҳаж учун келган уламолар билан фикр алмашдилар.

 

ШОФЕЪИЙНИНГ ҚАДИМГИ (ЭСКИ) МАЗҲАБЛАРИ

 Шофеъий 195 ҳижрий йилда Аминнинг халифалик даврида Ироққа яна келдилар. Бу гал у киши билан Ироқнинг кўпгина олимлари учрашдилар. У кишидан ўзларида бўлмаган ривоятларни ўргандилар, аҳли райъ йўлидаги баъзи нарсаларни тарк қилдилар. Шофеъий ўша вақтда ўзларининг “Ҳужжат” деб аталмиш китобларини тасниф қилдилар. У кишидан ҳадисларни Ироқлик шогирдларидан тўрт киши ривоят қилганлар, улар: Аҳмаб ибн Ҳанбал, Абу Савр, аз-Заъфароний ва ал-Каробийси бўлиб, буларнинг ичида ривоят қилиш бўйича энг кучлилари ал-Заъфаронийдирлар. Имом Шофеъий бу гал Ироқда икки йил турдилар, сўнгра яна Ҳижозга қайтдилар. Боғдодда у кишининг ҳурматлари ошиб, у ернинг кўпгина уламолари у кишининг йўлларини тутдилар. 198 ҳижрий йилда Ироққа учинчи марта келдилар. У ерда бир неча ой туриб, сўнгра Мисрга жўнаб кетдилар ва у ерда Абдуллоҳ ибн Абдулҳакамнинг ҳурматли меҳмони бўлдилар. Мисрликлар орасида Имом Моликнинг йўллари кенг тарқалган бўлиб, у ернинг кўпгина уламолари мана шу мазҳабни ушлаган эдилар. Имом Моликни ўз оғизларидан ҳадис эшитган ва уни ривоят қилган шогирдларидан тирик қолганлари Абдуллоҳ ибн Абдулҳакам ва Ашҳаб эдилар.

 

ШОФЕЪИЙНИНГ ЯНГИ МАЗҲАБЛАРИ

Мисрда Шофеъийнинг маҳоратлари ва сўзга усталиклари ортиб борди. Мисрлик шогирдларига янгича тартибда янги китобларни ёздирдилар. Бу китобларнинг мажмуасини “Ал-Умм” деган китоблари ўз ичига олади. Мана шу мазҳаб Мисрда ижтиҳодлари ўзгариши оқибатида тузилган янги мазҳабдир. Ижтиҳодларини ўзгаришига сабаб, у киши Мисрга келганларида ва у ердаги уламолар билан учрашганларида улардан ўзларидаги Ҳижоз ва Ироқдан эшитган ва кўрган нарсаларига хилоф бўлган ҳадис ва фиқҳни эшитдилар, одат ва ижтимоий ҳолатларини кўрдилар. Шу сабабли кўпгина масалаларда у кишининг ижтиҳодий қарашлари ўзгарди. Бу янги мазҳаб, деб танилди. Бу мазҳабнинг довруғи барча шаҳарларга тарқалди. У кишининг олдига Шомдан, Ямандан, Ироқдан ва бошқа кўплаб шаҳар ва қишлоқлардан одамлар у кишидан фиқҳни ўрганишлик учун, у кишидан ривоят қилиш учун, ўз оғизларидан китобларини эшитиш ва ўрганиш учун кела бошладилар. Шофеъий шу тарзда токи вафот қилгунларига қадар ўзларининг эски жомеъ масжидларида илмларини тарқатишлик билан машғул бўлдилар.

Шофеъий баланд овозда гапирадиган, гапларини чиройли тарзда баён қилиб бера оладиган, аниқ ҳужжат келтира оладиган, мантиқ жиҳатидан кучли киши эдилар. Сахийликда, шижоатда, райъларининг ўткирлигида, фаросатларининг соғломлигида ва чиройли ахлоқда юқори даражага эришган эдилар. Зоҳирий мазҳаби уламоларидан бўлган Довуд аз-Зоҳирий шундай дедилар: “Шофеий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) асар ёдлаган ва хабарларни ривоят қилувчи кишилар учун бир чироқ эдилар. Кимда ким, у кишини баёнларининг барортаси билан алоқадор бўлиб қолса (яъни ўрганса) ҳужжатлашадиган кишига айланиб қоларди”.

Робийъ айтадилар: “Агар Сизлар Шофеъийни кўрганларингизда эди, булар у кишининг китоблари эмас, деган бўлар эдингиз. Аллоҳга қасамки, у кишининг тиллари китобларидан кўра буюкроқ эди, у кишининг гаплари тил соҳасида ҳужжат ҳисобланар эди. Шу сабабли Ибн Ҳожиб ўз китобларида худди тилшунос олимлар: “бу Тамим қабиласининг тили, бу Робиъа қабиласининг тили” деб айтганларидек, бу Шофеъийнинг тили деганлар.

Тилшунослик соҳасида улуғ мартабага эришган ал-Асмаъий ҳам у кишидан Ҳузайлларнинг шеърини ўқиб ўтказдилар. Шофеъий араб насаблари, уларнинг кундалик турмуши ва аҳволлари илми бўйи ҳам юқори мартабага эришган эдилар. У кишини яхшигина шеърлари ҳам бор.

 

ШОФЕЪИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТУЗИЛИШ УСУЛИ

Шофеъийнинг (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) ижтиҳоддаги бошланғич манбаларини ўзларининг “Ал-Умм” китобларида шундай баён қиладилар: “Асл Қуръон ёки суннатдир. Агар улар бўлмаса, уларга қиёс қилинади. Агар Расуллуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилинган ҳадисга етишиб қолинса ва у ҳадиснинг исноди ишончли бўлса яна шу ҳадисда тўхталинади. Ижмоъ ёлғиз киши томонидан ривоят қилинган хабардан ва ҳадиснинг зоҳирий маъносидан буюкроқдир. Агар ҳадиснинг маъноси бошқа маънога ҳам эҳтимол туғдирса, зоҳирига яқин бўлган маъно олдинга қўйилишга лойиқроқдир. Агар ҳадисларнинг маънолари бир хил бўлса иснод жиҳатидан ишончлироғи олдинга қўйилишга лойиқдир. Ибн Мусаййиб ривоят қилган “мунқотеъ” (яъни иснодида узилиш бўлган ҳадис) ҳадисдан бошқа “мунқотеъ” ҳадислар ҳужжат қилишга ярамайди. Асл манба бошқа асл манбага қиёс қилинмайди. Асл манбанинг ҳукми ҳақида :“нима учун ва қандай қилиб?” деб сўралмайди, балки фаръ (яъни асл манбадан чиқадиган бўлак) ҳақида: нима учун? деса бўлади. Агар фаръни аслга тўғри қиёс қилинса, демак у тўғри бўлади ва у ҳужжат бўла олади.

Шофеъий ишончли суннатга худди Қуръонга қарагандек назар билан қарайдилар. У иккисига ҳам эргашишликни вожиб деб биладилар. Абу Ҳанифа агар ҳадис оммага балоси тегадиган бўлса уни қабул қилишликда машҳур бўлишлигини шарт қилган бўлсалар, Шофеъий бундай ҳадисда машҳурликни шарт қилмадилар. Молик ҳадисни Мадина аҳолисининг амалига хилоф бўлмаслигини шарт қилган бўлсалар, Шофеъий буни ҳам шарт қилмайди, балки ҳадисда фақат ишончлиликни ва иснодларни узлуксиз бўлишинигина шарт қиладилар. Ишонарли бўлган оҳод ҳадисга амал қилишликни қаттиқ туриб ҳимоя қилдилар. Мана шу ҳимоялари туфайли юқори овозга эга бўлган аҳли ҳадисларнинг олдида катта обрўга эришдилар. Шунинг учун Боғдод аҳолиси у кишини “Носир ас – сунна” (яъни, суннатни ёрдамчиси) деб атадилар. Заъфароний айтадилар: Токи Шофеъий келгунича ҳадис соҳиблари уйқуда ётган эдилар. Шофеъий келиб уларни уйғотганидан кейингина уйқудан уйғондилар. Шу сабабли Шофеъий ўз асридаги катта тоифаларнинг қўллаб-қувватлашига сазовор бўлдилар. Мана шу у кишининг мазҳабларига ёрдам беришлигига ва тарқатилишига катта таъсир кўрсатди.

Шофеъий “мурсал” ҳадислар билан (яъни, тобеъий саҳобийни қолдириб, тўғридан тўғри пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадис) ҳужжат қилмаганлар. Фақатгина ишончлилигига иттифоқ бўлинган Ибн Мусаййибнинг мурсал ҳадисларини ҳужжат қилганлар. Шофеъий мурсал ҳадисларга таъна қилишда биринчи бўлган кишилардандир. Бунда у киши мурсал ҳадислар билан ҳужжат қилган Саурий, Моликий ва Ҳанафий уламоларига қарши турганлар.

Шунингдек, Шофеъий саҳобаларнинг айтган гапларини ҳам ҳужжат қилмаганлар. Чунки у гап саҳобанинг ўз ижтиҳоди бўлиши мумкин, ижтиҳод эса хатодан ҳоли бўлмайди. Шунингдек бирор-бир саҳобийни ёки ундан паст табақадаги кишини ёки бирор-бир шаҳар ёки минтақа аҳолисини тарк қилишлик билан ҳадисга зиён етиб қолмайди, деб санайдилар. Чунки бундай ҳолат эҳтимол ғафлат туфайли ёки ана шу ерини яхши ёдламаганлиги туфайли бўлиши мумкин. Кўпинча саҳобалар масалаларда ижтиҳод қилар, сўнгра ана шу ижтиҳодларига мувофиқ келадиган ҳадисни учратиб қолсалар, бундан хурсанд бўлар, агар ижтиҳодларига хилоф келадиган ҳадисни учратиб қолсалар ижтиҳодларидан қайтар эдилар.

Моликийлар ва Ҳанафийлар ҳужжат қилган “истеҳсон”ни Шофеъий нафақат тарк қилганлар, балки уни инкор қилганлар ва “Ким истеҳсон қилса, демак у шариат тузибди”, деганлар. Бу тўғрисида “Ибтолул истеҳсон” китобини ҳам ёзганлар. У киши қиёсни ҳам амалда қўлламаганлар, фақатгина иллати ўзгармас бўлганидагина қўллаганлар. Масолиҳ ал-Мурсалани ҳам рад қилганлар. Аҳли Мадинанинг амали билан ҳужжат қилишликни инкор қилганлар ва бу ҳақда “Ал-Умм” китобларида кўп гапларни ёзганлар.

Имом Шофеъий ҳижозликлар ва ироқликларнинг фиқҳини, бадавий арабларнинг фасоҳатини, ҳужжатларининг кучлилиги, сўзларининг ширинлиги ва чиройли мунозарани ўзларида жамлашлик билан ўз асрининг ёлғиз кишисига айландилар. Шу сабабли одамлар у кишининг йўлларига эргашдилар ва у йўлга муҳаббат қўйдилар ва шунинг оқибатида ҳеч қандай ҳокимнинг қўллаб-қувватлашисиз, ҳеч қандай султоннинг буйруғисиз бу кишининг мазҳаблари тарқаб кетди.

Имом Шофеий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) 204 ҳижрий йилда Мисрда вафот этдилар.

 

ИМОМ ШОФЕЪИЙНИНГ ЭНГ МАШҲУР ШОГИРДЛАРИ

ИСМОИЛ ИБН ЯҲЁ АЛ-МУЗАНИЙ

У киши Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний ал-Мисрийдирлар. У киши 175 ҳижрий йилда туғилдилар ва илм талаб қилишлик ва ҳадис ривоят қилишлик билан вояга етдилар. 199 ҳижрий йилда Шофеъий Мисрга келганларида Ал-Музаний у киши билан учрашдилар ва у кишидан фиқҳни ўргандилар, ҳаттоки Шофеъий у кишига: “Ал-Музаний мени мазҳабимнинг ёрдамчисидир”-деб гувоҳлик берганлар. Шунингдек, у кишига Абу Исҳоқ Шерозий ҳам гувоҳлик бериб, шундай деганлар: “У олим, зоҳид, мужтаҳид, кучли ҳужжатлар билан баҳс юритувчи ва маъноларга шўнғигувчи (яъни, сўзларнинг маъноларини чуқур билгувчи) эди”. Шофеъий ал-Музанийни ўз мазҳабларига хилоф тарзда баъзи нарсаларни ихтиёр қилганларини кўрганларидан ке         йин у кишини мутлақ мужтаҳид деб эътибор қилганлар. Ал-Музанийнинг Шофеъий мазҳабида мурожаат қилинадиган китобларидан бири “Ал-Мухтасар ас-Сағир” китоби бўлиб, мана шу китоб имом Шофеъийнинг мазҳабларини тарқалишига сабабчи бўлган. Чунки Шофеъий мазҳабидаги кишилар бу китобни қўлдан қўймай ўқиб-ўрганганлар ва унга шарҳ битганлар. У кишининг яна “Ал-Жомеъ ас-Сағир” ва “Ал-Жомеъ ал-Кабир” номли китоблари ҳам бор.

Умуман олганда Ал-Музаний Имом Шофеъийнинг энг фасоҳатли, заковатли ва маҳоратли шогирдларидан бўлган ва Шофеъий мазҳаби бўйича кўп китоб ёзган, деб эътибор қилинади. Ал-Музаний 264 ҳижрий йилда вафот қилганлар.

 

АЛ-БУВАЙТИЙ

У киши Абу Яқуб Юсуф ибн Яҳё ал-Бувайтий бўлиб, Мисрнинг юқори қисмидаги Бувайт қишлоғидандирлар. У киши Шофеъийнинг Мисрлик шогирдлари ичида энг каттаси ва у кишидан кейин қолган халифаларидир. Ал-Бувайтий фиқҳни Шофеъийдан ўргандилар, ҳадисларни Шофеъийдан, Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ва бошқалардан ривоят қилганлар. Шофеъий фатво беришликда у кишига суянар эдилар ва бирор масала келиб қолса, у кишига ҳавола қилар эдилар. Ал-Бувайтий Шофеъийнинг ҳаётлик вақтларидаёқ ўзларининг таниқли “Мухтасар” китобларини ёздилар, ҳамда уни Ар-Робиъ ҳузурида Шофеъийга ўқиб бердилар. Шунинг учун ҳам Ал-Бувайтийнинг ҳадисларни Ар-Робиъдан ривоят қилганлари маълум. Шофеъийнинг вафотлари яқинлашганда у кишидан: “Ўзингиздан кейин ўрнингизга кимни қолдириб кетаяпсиз? – деб сўрашганда: “Мени ўрнимга ўтиришга Абу Яқубдан кўра ҳақлироқ ҳеч ким йўқ. Мени шогирдларим ичида ундан кўра олимроқ ҳеч ким йўқ”, деб жавоб берганлар. Мана шундан кейин у киши кўплаб имомларни етиштириб чиқардилар ва улар кўпгина шаҳарларга тарқаб кетишди. Шу тариқа Шофеъийнинг илми тарқаб кетди. Ар-Робиъ айтадилар: “Мен Абу Яқуб ал-Бувайтийдан кўра Аллоҳнинг китобидан ҳужжат олишга қодирроқ бирор кимсани кўрмадим”.

Халифа Восиқ Биллоҳ даврида ал-Бувайтийни Қуръонни махлуқ демаганлари учун қўл-оёқлари боғланган ҳолатда Боғдодга халифанинг ҳузурига олиб келишди. У кишидан Қуръонни махлуқ деб айтишларини талаб қилишганда, у киши бош тортдилар. Шундан кейин у зотни умрларининг охиригача ҳибсда сақлашди. У киши кечалари билан ухламай, Қуръон тиловат қилар, намоз ўқир, доим лаблари Аллоҳнинг зикри билан қимирлаб турар эди. 231 ҳижрий йилда ҳибсхонада вафот элдилар. Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков.

 

 

Read 5492 times

Мақолалар

Top