Мақолалар

Наврўз айёмининг файзи

Наврўзи олам мазмуни янги кун, янги фасл, янги йил ёки халқ тилида йил аввали деган маъноларни ифода этади. Аслида Наврўз қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами деб қаралгани маъқул. У – кун билан тун тенг бўлган кун. Тарихда йил тақвими, яъни фасллар алмашинувини қутблар орқали билиш кишилар ҳаёт тарзидан салмоқли ўрин олган. Чунки аждодларимиз ой, юлдуз, қуёш каби осмон жисмларидаги ўзгаришларни кузатиб, улар тўғрисида муайян билимларни ўзлаштирганлар. Кейин эса юмушларини ана шу хисоб-китобга қараб режалаштирган.

Ҳозирда Наврўзи олам тадбирларига назар солсангиз, аждодлар руҳига эҳтиромни кўрасиз. Айнан шунинг учун ҳам Наврўз байрами олдидан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади, атроф-муҳитнинг тозалиги, озодалигига эътибор қаратилади, аждодлар дуоларда эсланиб уларнинг руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, янгиланиши, балки у инсон руҳиятида ҳам янгилаш содир бўлишидир. Табиийки, табиатнинг янгиланиши инсон қалбига нур бахш этади. Ана шунда инсонга келажакка бўлган умиди ва истаги ҳамроҳ бўлади. Айнан шу жиҳати билан Наврўз айёми тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик, муҳаббат туйғусини бахшида этади.

   Шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимизда Наврўз куни умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланмоқда. Ҳар йили шу куни байрам сайиллари ташкил қилинади. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинади. Сайилгоҳларда курашчилар, бахшилар, чавандозлар, қўшиқчи-ҳофизлар ўз маҳоратларини намойиш этишади. Жойларда Наврўзга бағишлаб сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар тайёрланади. Хайриялар ташкил этилиб, имконияти чекланганлар ҳолидан хабар олинади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига совға-саломлар олиб борилади.

Баҳор байрами Наврўзи олам ҳақидаги байрамона томошалар, тадбирлар халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан узвий боғлиқдир. Бу борада муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан бу йилги Наврўз байрами Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказлари, шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади.

         Фурқат ЖУМАЕВ,

                             Қарши шаҳаридаги “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Read 5901 times

Мақолалар

Top