Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате дўзахға (Қирқ биринчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

 

НАЗМ

 

    

 

Кимки дўзахқа тушса кофирдин,

Чиқмагай жовидон ўшал ердин.

Ҳар азобеки эл тасаввур этар,

Дўзахийларға ул азоб етар.

Тушса гар мўъмин жаҳаннамға,

Гунаҳича қолур ўшал ғамға.

Ё шафиъе шафоъат эткай анга,

Манзиле жаннат ичра еткай анга.

Ё Худо анга маҳз лутф этгай,

Андин ул меҳнату алам кетгай.

Кимки мўъмин борур бу оламдин,

Қутулур, билки, жовидон ғамдин.

Гунаҳича агарчи ранж етар,

Лек охир биҳишт сари кетар.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Дўзахнинг сифати баёни

 

Кофирлардан  кимки  дўзахга  тушса,  у  ердан  абадий  чиқмайди. Одамлар тасаввур қиладиган ҳар қандай азоб бўлса, дўзахийларга ўша азоб етади.

Агар мўъмин киши жаҳаннамга тушса, қилган гуноҳи миқдорича ўша ғам-азобда қолади. Ёки бир шафоъатчи зот унга шафоъат қилиб, кейин унга жаннат ичра бир манзил тегади.

Ёки Аллоҳ таъоло унга соф ва холис лутфу марҳамат қилиб, ундан у меҳнат – ғам ташвиш ва алам, азобу уқубат кетади (ва жаннатга киради).

Кимки бу оламдан мўъмин ҳолида ўтса, билгинки, у абадий ғамдан қутулади. Гарчи унга ўз гуноҳи миқдорича ранж-азоб етса ҳам, лекин охири жаннат томон боради.

 

ИЛОВА. Бақара сураси, 161-162-оятлари (маъноси): “Шубҳасизки, (оятларимизга ва ҳукмларимизга қарши) куфрга кетиб, кофир ҳолида ўлганлар (борки) – Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати ана ўшаларга бўлур. (Улар) шу (лаънатланган) ҳол ичра абадий қолурлар. Уларнинг азоблари енгиллатилмас, юзларига назар ҳам қилинмас” (“Файзул-Фурқон”).

 

ИЗОҲ. Мўъминларнинг охир-оқибат жаннатга киришларига далил ушбу ояти каримадир; Марям сураси, 72-оят маъноси: “Кейин муттақий бўлган (ибодат ва итоат билан гуноҳлардан сақланган) кишиларни қутқарурмиз (жаннатга киритурмиз). Золимларни эса у ерда тиз чўккан ҳолларида қолдирурмиз”.

 

Энг охирида дўзахдан чиқиб,

жаннатга кирадиган киши

 

Имом Молик, Ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилдилар: “Энг охирида (дўзахдан чиқарилиб) жаннатга кирадиган киши Жуҳайна қабиласидан Жуҳайна исмли бир кишидир. Жаннат аҳли (бир-бирларига): “Жуҳайнада энг аниқ хабар бор, ундан сўранглар-чи: “(Дўзахда гуноҳкор мўъминлардан) азоб кўраётган бирор киши қолдими?” – дейдилар. У: “Йўқ (бошқа қолмади)”, деб жавоб беради” (“Ромузул-аҳодис”, I, с.4:1; Дороқутний, Хотиб, “Таърих”).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2055 times
Tagged under

Мақолалар

Top