Ибратли ҳикоялар

Қиз фарзанд

Бир мадрасада дарс берадиган одоб-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:

– нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Ҳудо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:

– шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонибди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир…  кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…

Шу орада катта қизи вафот этди.

 Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.

 Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайишди, ишлик, жойлик бўлишди.

  Муаллима айтади:

– Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шафёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар деярли отамни зиёратига келишмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади халос.

Отам менга қилган ўтмишдаги ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…

“Қисосун алламатниял ҳаят” китоби асосида Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли тайёрлади.

Read 6816 times
Tagged under

Мақолалар

Top