Мақолалар

БОБУР ВА ИСЛОМ: “ТЎРТ ИМОМ БАРҲАҚДУР”

“Ишорат тўрт имомғаким, муҳтадойи дину пешвойи аҳли таъйинлар” деган бобда Бобур Аҳли суннат вал-жамоат фиқҳининг тўрт имоми барҳақ эканини, чунки имом дегани шариъатнинг ифодаси бўлиб, улардан бу динга равнақ етишини, у дин ва шариъатда эргашиладиган зот эканини таъкидлаб айтади:

 

Билки, бу тўрт имом барҳақдурур,

Ким алардин бу динга равнақдурур.

Бу имомеки, шаръ адосидурур,

Дин ила шаръ муқтадосидурур.

 

Сўнг имомлар номини санаб: “Бириси Бу Ҳанифаи Нуъмон (ибн Собит)дур, Яна бири шофиъиййи пурдондур, яна бири (Имом) Молику яна (Имом) Аҳмад (ибн Ҳанбал), қилдилар жаҳд шаръ аро беҳад”, деб уларнинг фазилатини билдиради. Буларнинг ҳар бирига эргашиб, изидан борган киши яхши даражалар ва  нажот топишини таъкидлайди:

 

Тенгридин бизга латифадурур,

Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.

Тенгрига шукрлар дейинг яксон,

Қилди бизларга ишни ул осон.

 

Яъни: “Аллоҳдан бизга бир илтифот, бир лутфу карам бўлиб, эргашадиган имомимиз Абу Ҳанифа бўлди. Аллоҳга баробар шукрлар айтингизки, у зот ўз фатво мактабини барпо қилиб, бизларга дин фиқҳи ишларини осон қилдилар”. Бу соҳибқирон Амир Темурдан бошлаб барча темурийларнинг соф эътиқоди ифодасидир. Бу, айни вақтда, Бобур шаънида айтилган баъзи туҳматларга ҳам раддиядир.

 

“ХАРЖ ҚИЛҒОН СОЙИ БУ ГАНЖ ОРТАР”

 

Бобур Мирзо “Мубайян” хотимасида: «Эй Бобур, бу китоб таснифида агарчи ранж чеккан бўлсам-да, қўлимга шундай бир ганж-хазина кирдики, ҳар қандай ганжни харж этиш билан камайиб боради, аммо бу маънавий ганж – бу илм хазинаси харж этган сари тобора ортиб боради», дейди:

 

Бобур, эмди, агарчи чекдим ранж,

Келди илгимга ушбу янглиғ ганж.

Ганж нуқсонға харждин тортар,

Харж қилғон сойи бу ганж ортар.

 

Яна айтадики: «Барча инсонлар одатда ўз хазина-ганжини қўлга киритишдаги ранжу меҳнатини зоеъ қилмасдан, олам аҳлидан ўз ганжи – бойлик-хазинасини яширади. Мен эса бу ганжимни ошкор этиб, уни дин аҳлига нисор этдим», дейди.

Бобур ихлоси ва маърифатининг энг муҳим белгиси шундаки, бу иш риё учун, шуҳрат учун, шеъру шоирлик учун эмас, балки холис Аллоҳ учун ва Ҳақ ризоси учун эканини таъкид билан изҳор этади:

 

Ушбуларким дедим, бўлунг огоҳ,

Бордурур борча холисан-лиллоҳ.

Бу демакдин ғараз Ҳақ эрдию бас,

шеъру шоирлиқ эрмас эрди ҳавас.

 

Бобур фиқҳий масалаларнинг илмийсини таҳқиқ этиб, энди амалийсига – бу илмларга амал қилишга ўзи учун ҳам, китобхон учун ҳам Аллоҳдан тавфиқ – ёрдам сўрайди. Сўнг китоб номи ҳақида сўзлаб: «Ғайрат шижоат кўрсатиб, жидду жаҳд қилиб тамомалаган бу китобимда шариъат масалаларини очиқ баён этганим учун, уни «Мубайян» – «Очиқ баён этилган (шаръий масъалалар)» деб номлаган бўлсам, не ажаб!» – дейди.

Read 2021 times
Tagged under

Мақолалар

Top