Мақолалар

БОБУР ВА ИСЛОМ: ИЛМ МОЛ-ДУНЁДАН АФЗАЛ

Бобур Мирзонинг бу сўзлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ҳикматли сўзларига мувофиқдир. “Ҳадису арбаъийн” шарҳу Усфурий[1] китобида келшича, у зот хавориж тоифасидан келиб бир хил савол берган ўн кишининг “Илм афзалми, мол-дунё афзалми?” деган саволига “Илм афзал” деб жавоб бердилар ва ўн кишига ўн хил далил келтирдилар.

 

Биринчисига: “Илм пайғамбарларнинг меросидир, мол эса Қорун, Шаддод, Фиръавн ва бошқа шунга ўхшаганларнинг меросидир!” – дедилар.

Иккинчисига: “Илм сени қўриқлайди, молни эса сен қўриқлайсан”, – дедилар. 

Учинчисига: “Мол эгасининг душмани кўп бўлади, илм эгасининг дўсти кўп бўлади”, – дедилар.

Тўртинчисига: “Молни сарфлаганинг сари у камайиб боради, илмни сарфлаганинг сари у кўпайиб боради”, – дедилар.

Бешинчисига: “Мол эгасини бахил-қизғанчиқ деган ном билан маломат қилиб чақиришади, илм эгасини эса иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром билан чақиришади”, – дедилар.

Олтинчисига: “Молни ўғридан сақлаб яширилади, илмни эса ўғридан сақлаб яширилмайди”, – дедилар.

Еттинчисига: “Молнинг эгаси қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинади, илм эгаси эса қиёмат куни шафоъат қилади”, – дедилар.

Саккизинчисига: “Мол узоқ вақт туриши ва замонлар ўтиши билан эскиради (ва қадри кетади), илм эса асло эскирмай ва қадри кетмайди”, – дедилар. 

Тўққизинчисига: “Мол қалбни қорайтиради, илм эса қалбни ёритади – ёруғ ва нурли қилади”, – дедилар.

Ўнинчисига: “Молнинг эгаси бора-бора худоликни даъво қилади, илм эгаси эса ҳамиша бандалик мақомида туради”, – дедилар.

Сўнг дедилар: “Агар мендан яна шу саволни сўрайверишса, то ўлгунимча шундай (“Илм молдан афзал”) деб жавобни беравераман!” Кейин у (хавориж)лар келдилар ва ҳаммалари иймон келтириб, мусулмон бўлдилар.

 

ШОҲ БОБУР ТИЛАКЛАРИ

 

Ниҳоят, Бобур Мирзо ўз тилак-истакларини баён этиб, айтади: «Уламолардан менинг тилагим шуки, бу ишда менга хайрхоҳ бўлиб, мени қўллаб-қувватласалар. Агар бу илмий ишимда саҳву хатолар, ноаниқ ўринлар ўтган бўлса, агар уларда шафқат бўлса, шафқат кўрсатсинлар. Токи бу ишдан савоб топиб, афв этагини менинг устимга ёпсинлар», дея тавозуъ кўрсатади. Бу назмий ифодадан улуғ шоҳ ва саркарда, қомусий аллома Бобур Мирзонинг нақадар камтарин, гўзал хулқли ориф ва ҳалим зот эканлиги ҳам англашилади.

МАЪРИФИЙ ДУО

 

Бобур Мирзонинг Тасаввуф, яъни руҳий тарбия мактабига нақадар улкан эътибор билан қарагани “Мубайян” асарида келган баъзи дуо матнларидан аён бўлади.

Бобур Мирзо “Ҳаж китоби”нинг Арафот бобида ҳажнинг фарзи бўлмиш Арафотда туриб ўқиладиган дуоларнинг энг афзалини баён қилади. Имом Ғаззолийнинг “Иҳйо ал-ъулум ад-дийн” китобидан бу дуо аллома тасаввуфий қарашларининг зубдасидир:

 

Маъноси: Эй бир эшитиш иккинчи эшитишдан Ўзини машғул қилмайдиган Зот, эй Ўзи учун овозлар аралашиб кетмайдиган (ҳар бир овоз эгасининг дуосини ижобат қиладиган) Зот, эй сўраладиган нарсаларнинг кўплиги адаштириб қўймадиган Зот, эй (турли миллат) тиллар(и)нинг ҳар хиллиги халақит бермайдиган Зот, эй ҳожат сўраб илтижо қилувчиларнинг сўрови малол келмайдиган Зот, эй ҳожат сўровчиларнинг ҳожатлари Ўзини оғринтирмайдиган Зот! Бизга авфинг лаззатини ва раҳматинг ҳаловатини тоттир!

Бобур Мирзонинг барча фиқҳий ва тасаввуфий ғоялари ушбу досида ўз ифодасини опгандир:

 

Эй қодири баркамол Тангрим,

Эй қоҳири зул-жалол Тангрим!

 

Эй бергучи Биру бор Тангрим,

В-эй олгувчи гирудор Тангрим!..

 

Манга эмди кўб орзу йўқтурур,

Ёмон нафсима ғулу йўқтурур.

 

Таъаллуқ алойиқ била қолмади,

Ишим бу халойиқ била қолмади.

 

Шариат ишида мени қодир эт,

Тариқат йўлида мени собир эт.

 

Айирғил мени жумла ҳамроҳдин,

Юзумни эвур мосиваллоҳдин!

 

Сўзимиз муқаддимасида султонлари олим, олимлари султон бўлган халқнинг фарзандларимиз, дедик. Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Раҳимхон Фируз, Султон Маҳмуд Ғазнавий, Ҳусайн Бойқаро, Амир Умархон – Амирий каби  ҳам олим, ҳам ижодкор, ҳам давлат раҳбари бўлган кўплаб шахслар ҳаёти, фаолияти, маънавий меросларини ўрганиш ва халқимизга етказиш, уларнинг эзгу ғояларини бардавом сақлаш биз зиёлилардан куч-қувват, чин сафарбарлик, фидолик ва ғайрат-шижоатни талаб қилади. Ўйлайманки, Заҳируддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган ушбу халқаро анжуман ҳам ана улуғ ва хайрли ишларнинг янги бир муқаддимаси бўлиб қолади. 

 

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

 

Read 2355 times
Tagged under

Мақолалар

Top