Мақолалар

Даврий нашрларда: Зиёрат ҳам ибодатдир

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Ҳатто атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар.

Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Имом Аҳмад ва Имом Термизийларнинг ривоятида: “Бас, уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки улар сизларга охиратни эслатади”; Имом Ибн Можанинг Абдуллоҳ Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса: “Албатта, у дунёда зуҳд қилдирувчидир”, деган қўшимча сўз бор. 

Ҳадисдаги “Зиёрат қилинглар” буйруғи аксар усул уламолари наздида вожибни ифодалайди. Жумҳур уламолар наздида эса қабр зиёрати суннат ёки мустаҳаб ҳисобланади. Уни мубоҳ деган фақиҳлар ҳам бор. Ҳанафийларнинг мужтаҳид олимларидан Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бу борада мўътадил гапни айтганлар: “Бу буйруқ аввалги ҳукмга қайтади: аслида қабр зиёрати суннат эди. Шундай экан, ҳукм унга қайтади”. Яъни, аслида қабр зиёрати суннат амал бўлиб, у ман қилинган. Энди қачон ўша амалга амр қилинса, уни ўз ҳолига, яъни суннатлигига қайтариш бўлади. Содда қилиб айтганда, ман қилинган суннат амалдан тақиқ олиб қўйилди ва у суннатлигича қолди. 

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш суннат ёки мустаҳаб амаллардан ҳисобланар экан. Чунки бу иш бандага дунёнинг фонийлигини ва охират Зиёрат ҳам ибодатдир нинг ҳақлигини эслатиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам Бақиъ қабристонига тез-тез чиқиб турар эдилар. 

Бу борада бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, бизнинг мазҳабимизда эркагу аёл марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтишда, ота-онаси, ака-укаси ва яқинларининг қабрларини зиёрат қилишда тенгдир. 

Аёллар нозик хилқат бўлганлари учун қабр устида ҳис-ҳаяжонга берилиб, дод-вой солишдан, оҳ-воҳ қилишдан ўзларини тийишлари керак. Акс ҳолда уларнинг қабр зиёратига чиқишлари мумкин эмас. Аёлларнинг очиқ-сочиқ кийимларда зиёратгоҳларга боришлари шариатга зиддир. 

Қабрларни зиёрат қилишда нафақат тирикларга, балки марҳумларга ҳам манфаат бор: тириклар ундан ўлим ва охиратни эслаш билан фойда олишса, марҳумлар зиёратчиларнинг дуоларидан баҳраманд бўлиш орқали манфаат кўрадилар. Зотан, қабрларни зиёрат қилишдан икки маъно кўзланади: биринчиси – қабрдагиларнинг аҳволини кўриб, ибрат олиш ва охиратни эслаш; иккинчиси – марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтиб, Аллоҳнинг раҳматини сўраш. 

Қабр зиёратига боришда марҳумлар ҳолидан ибрат олиш ҳамда уларга салом бериб, дуо-истиғфор ва Аллоҳнинг мағфиратини сўрашни ният қилиш керак. Шунингдек, қабристонзиёратгоҳда тавозе билан юриш, овозни баланд кўтармаслик, дунё гапларини кўпайтирмаслик суннатдир. Қабристон-мақбарага киришда қабр аҳлига, ҳадисларда келганидек, салом бериб кирилади: 

“Ассалому алайкум, мўмин-мусулмонлар диёрининг аҳли. Албатта, биз ҳам, иншоаллоҳ, сизларга қўшилувчидирмиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти). 

Зиёратчи Қуръон ўқиши, салавот, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил айтиб, савобини марҳумларга бағишлаши мумкин. Дуосида ўзини ҳам қўшиши мандубдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига, ҳам марҳумларга офият сўраганлари кўриниб турибди. 

Аҳли сунна вал жамоа уламолари дуо ва садақаларнинг савоби маййитга етиб бориши, ундан манфаат олишига иттифоқ қилишган. Шунингдек, барча асрларда мусулмон уммати Қуръони каримни қироат қилиб, унинг савобини марҳумга бағишлаш жоизлигига ижмо қилишган. Мана бу ҳадислари ҳам ушбу маънони қўллаб-қувватлайди: “Агар инсон вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди. Фақатгина учтасининг савоби етиб тураверади: садақаи жориянинг, манфаат берадиган илмнинг ва ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанднинг” (Имом Муслим ривояти). 

“Ақоидун Насафия”да айтилади: “Тирикларнинг маййитлар ҳақига қилган дуолари ва улар номидан қилган садақалари марҳумлар учун манфаат беради. Зотан, бу борада кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Маййитга жаноза ўқишдан мурод ҳам унинг ҳақига дуо қилишдир. Агар дуо-истиғфорнинг марҳумга нафи бўлмаганида, у ҳолда жаноза ўқишдан ҳам маъно бўлмас эди”. 

Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан

Read 1891 times

Мақолалар

Top