Мақолалар

Соғлом эътиқод сабоқлари: Иймон

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Ислом динини юборди. Ислом динига эргашувчиларга “мўмин-мусулмон” дейилади. Мусулмон бўлиш учун Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдирига, ўлгандан сўнг тирилишига иймон келтириши керак.

Иймон – эътиқод

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан келтирган нарсаларга тил билан иқрор этиб, қалб билан ишонишга иймон дейилади.

لٰآ اِلٰهَ اِلَّا اللّٰهُ  مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللّٰهِ

"Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг элчисидир".

الشَّهٰادَةُ: اَشْحَدُ اَنْ لٰآ اِلٰهَ اِلَّا اللّٰهُ وَ اَشْحَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ

"Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқдир ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг қули (бандаси) ва элчисидир деб гувоҳлик бераман".

اٰمَنْتُ باللّٰهِ وَ مَلٰآئِكَتِهٖ وَ كُتُبِهٖ وَ رُسُلِهٖ وَ الْيَوْمِ الْاٰخِرِ وَالْقَدَرِ خَيْرِهٖ وَ شَرِّهٖ مِنْ اللّٰهِ  تَعٰالٰى وَ الْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ

"Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан эканига ҳамда ўлгандан сўнг қабрдан қайта тирилишга имон келтирдим".

  1. Аллоҳ таолога ишониш – иймон келтириш:

Аллоҳ таоло ёлғиздир. Унинг тенги, ўхшаши йўқдир. Барча комил сифатларга эгадир. Аллоҳ таоло бутун оламни йўқдан пайдо қилган Зотдир.

  1. Фаришталарга ишониш (иймон келтириш):

Фаришталар Аллоҳ таолонинг қулларидир. Ҳар вақт Аллоҳ таолога ибодатдадирлар. Улар гуноҳ қилмаслар. Ўзларига буюрилган хизматлари ила шуғулланурлар.

  1. Китобларга иймон келтириш:

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлар орқали юборган китоблари ҳақдир:

  1. Таврот;
  2. Забур;
  3. Инжил;
  4. Қуръони карим.

Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилгандир. Қуръони шариф нозил бўлгандан сўнг, аввалги китобларга амал қилиш бекор қилинди. Фақат Қуръони каримга то қиёматгача амал қилинади.

 

Пайғамбарларга иймон келтирмоқ

Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчилардир. Булар бошқа одамларга ўхшасалар ҳам, гуноҳ қилмаслар. Энг аввалги пайғамбар Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот алайҳиссаломдан сўнг бошқа пайғамбар келмас.

 

Охират кунига иймон келтирмоқ

Бу дунё йўқ бўлиб кетади, қиёмат куни келади. Қиёмат кунида бу дунёда қилган барча ишлар тўғрисида сўроқ бўлади. Яхши ва ёмон амалларига қараб жазо ва мукофот берилади. Яхши бандалар жаннатга кириб, роҳат ва фароғатда бўладилар. Ёмон бандалар эса жаҳаннамда қийноқ ва азобда бўладилар.

Умму Муслима

 

Read 1904 times

Мақолалар

Top