Мақолалар

“Биз ёнингиздамиз” – ўзбек мигрантларига ёрдам берувчи телеграм бот

Ўтган йилнинг сентябр ойида Жиззах вилоятидаги “Қалб нури” маркази “COVID-19” пандемияси даврида мигрантлар ҳамда уларнинг оилаларига ҳуқуқий, психологик, миграция ва бандлик масалаларида ахборот, маслаҳат беришга қаратилган “Биз ёнингиздамиз” ижтимоий лойиҳаси билан Европа иттифоқининг 20 минг евро миқдоридаги грантига сазовор бўлганди. Лойиҳа доирасида ўзбек мигрантлари, уларнинг оилаларига ҳуқуқий, психологик ҳамда миграция ва бандлик масалалари бўйича ахборот, маслаҳат берувчи телеграм бот ҳамда канал (https://t.me/mehnatmigrantlari) ишга туширилди.

“Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, ўзбек тилида юритиладиган телеграм бот ёрдамида нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қамраб олинади. Чунки айни пайтда Ўзбекистоннинг 20 миллион аҳолиси интернетдан фойдаланмоқда. Уларнинг 19 миллиони телеграм мессенжердан фойдаланади. Бу деярли барча мақсадли аудиторияни қамраб олиш имконини беради. Фойдаланувчи бот орқали ўзига номаълум алоқа маълумотларини юбориши ва тез ёрдам олиш учун жойлашувини босиши мумкин. Бундан ташқари, мавзу бўйича янгиликлар ва фойдали маълумотларни нашр этиш ва фойдаланувчилар ўртасида муҳокама қилиш учун телеграм-канали ишга туширилиши режалаштирилган”, – дейди лойиҳа раҳбари, “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова.

Лойиҳа доирасида 2020 йилнинг 1 октябридан “Меҳнат мигрантлари/Биз ёнингиздамиз” телеграм-канали ҳам ишга туширилган.

Телеграм бот эса 2020 йилнинг декабр ойида ишга туширилди. Мазкур бот орқали мигрантлар ва уларнинг оилалари ҳамда аҳолининиг турли қатламлари пандемия даврида коронавирус ҳақида, унга қарши курашдаги ижтимоий ахборотлар тўғрисида, шунингдек, фойдаланувчиларнинг психолог, юрист маслаҳатлари ва бандликка оид зарур маълумотлар билан таъминланишларига эришилмоқда.

Бундан ташқари, республика миқёсида жабрланган фуқароларни реабилитация ва адаптация қилиш марказларининг “Ишонч телефонлари”, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари телефонлари, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари ташкилотларининг телефон манзиллари ҳам киритилган.

“Телеграм-канал орқали мигрантларга ёрдам берилишига тўғриси, ишонмагандим, – дейди Россия Федерациясида оиласи билан оғир аҳволга тушиб қолганда беғараз ёрдам билан уйига олиб келинган ҳамюртимиз Д.Р. – Оилада кенжа фарзандман. Шу боис, ота-онам раъйимга ҳеч қачон қарши чиқишмаган. 2015 йили уйдагиларимнинг қаршилигига қарамасдан, Россияга ишга кетишга қарор қилдим.

Санкт-Петербургда, мактабда яхши ўқиганим, рус тилини ўзлаштирганим менга қўл келди. Тезда даромадли иш ҳам топдим. Дастлаб автомашина эҳтиёт қисмларини йиғиш заводида, кейинчалик телевизор йиғиш корхонасида ишладим. Ота-онамнинг розилиги билан 2019 йилда оила қурдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор бўлиб, бахтли кунларимиз бошланган бир вақтда бутун дунёни ташвишга солган коронавирус касаллиги тарқалди ва жойларда карантин эълон қилинди. Шу туфайли биз ишлаб турган корхонада ҳам иш штатлари қисқарди. Бундай пайтда, энг аввало, четдан келиб ишлаётган биз, муҳожирлар ишдан бўшатилдик.

Бу орада турмуш ўртоғим ҳомиладор эмасми, соғлиғи заифлашди. Уйга қайтайлик десак, йўллар ёпиқ. Мен эса тайинли иш тополмаганимдан ҳар куни ёлланиб, бир марталик иш қилишга мажбур бўлиб қолдим. Август ойига келиб фарзандимиз туғилди. Энди бир ташвишим икки баробарга ортди. Фарзандимга туғилганлик тўғрисида Россия Федерациясидан маълумотнома олдик, аммо туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ эди. Ана-мана дегунча, куз келиб, кунлар совиб кетди. Бу орада хотиним ва фарзандим бетобланиб, шифохонага тушиб қолишди. Мен нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни билмай қолдим.

Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилиб, йўллар очилди, бироқ биз фарзандимнинг ҳужжати йўқлиги сабабли уйга қайтолмасдик, ўзим кетай десам, оиламни ташлаб кетолмадим. Хуллас, боши берк кўчага кириб қолдим. Яшаш, еб-ичишимиз ҳам тобора оғирлаша бошлади. Бир куни телеграм-каналлар орқали иш излаётиб, “Биз ёнингиздамиз” лойиҳаси амалга оширилаётгани, телеграм-канали ва бот яратилгани, унда ўзбек меҳнат мигрантларига ёрдам берилиши ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Аввалига ишонмадим, кейин ёрдам сўраб кўрай, мендан нима кетди, дедим-да телеграм-каналнинг изоҳлар қолдириш жойига ҳамда канални юритаётган лойиҳа ижрочиларидан бири, журналист Наргис Қосимованинг шахсий саҳифасига аҳволимни ёзиб юбордим.

Орадан икки кун ўтар-ўтмай, менга Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонасидан қўнғироқ қилишди. Тўғриси, мен бунга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қолдим. Биздан талаб қилинган барча ҳужжатларимизни юбордик. Мен билан боғланган ходимлар ширинсўз бўлиб, узоғи билан икки ҳафта кутишимизни, ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Кейин билдимки, Наргис опа аҳволим ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовга хабар берибди. Ўз навбатида О.Норов зарурий чоралар кўрилиши учун мурожаатни йўналтирган экан.

Орадан айтилган икки ҳафта ўтиб, бизга самолёт чипталари, ўғлимга ҳужжат ва бошқа сафар харажатларининг барчаси Халқаро миграция ташкилоти билан биргаликда ҳал қилинганини айтишди. Мен ўзимда йўқ хурсанд эдим. Уйда кексайиб, соғлиги ёмонлашиб қолган ота-онамнинг хурсандчилигини айтмайсизми?!

Бизни соғ-саломат Ватанга олиб келишди ва уйимизгача кузатиб қўйишди. Бизга кўрсатилган бундай беғараз ёрдам учун бу хайрли ишни бошида турган барча ташкилотларга, меҳрли инсонларга, хусусан, “Биз ёнингиздамиз” лойиҳаси ижрочиларига шахсан ўзим ва оила аъзоларим номидан миннатдорлик билдираман. Мигрантларга ёрдам берадиган телеграм бот ва канали ҳақиқатан бор экан ва ёрдам бераркан. Бундай ижтимоий лойиҳалар, ташаббускор инсонлар кўпаяверсин”.

Айтиш мумкинки, миллий ва халқаро қонунчиликка оид ахборот, маълумот ва янгиликлар, ўзбек мигрантларига ёрдам берувчи ташкилотлар тўғрисида айнан она тилида юритиладиган “Биз ёнингиздамиз” телеграм бот ва канали нафақат дунёнинг турли жойларида бўлган ўзбек мигрантлари ва уларнинг оилалари учун, балки ташқи меҳнат миграцияси масалалари билан қизиқувчи барча фуқаролар учун ҳамиша ёнларида бўлган энг қулай дастёр, ишончли ҳамроҳ ва фойдали маслаҳатчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Read 2385 times

Мақолалар

Top