Мақолалар

Алломаларимизнинг бой илмий фаолияти замонавий илм-фан ривожи учун пойдевордир

Ислом динини халқимиз диний таълимот сифатида қабул қилиш баробарида уни илмий жиҳатдан юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшди. Бу билан ўрта асрларда яшаб ижод этган мовароуннаҳрлик фақиҳ аллома ва мутафаккирлардан бебаҳо манбалар мерос қолди. Ўзбекистон китоб фондларида юз мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланаётгани, уларнинг асосий қисми УНEСCОнинг Маданий мерос рўйхатига киритилгани фикримиз далилидир.

Чиндан ҳам Ўзбекистон тарихини асрлар оша етиб келган ёзма мерос асосида холисона ва чуқур ўрганиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу мероснинг салмоқли қисмини ватанимиздан етишиб чиққан олимларнинг асарлари ташкил этади. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо, маънавий ва маданий меросни қайта тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди.

Халқнинг маданий қадриятлари, маънавий мероси минг йиллар мобайнида Шарқ халқлари учун қудратли маънавият манбаи бўлиб хизмат қилган. Узоқ вақт давом этган қаттиқ мафкуравий тазйиққа қарамай, Ўзбекистон халқи авлоддан-авлодга ўтиб келган тарихий ва маданий қадриятлари ҳамда ўзига хос анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Хусусан, жаҳон илм-фани учун Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар, фақиҳлар меросини ўрганиш катта аҳамиятга эга. Улар томонидан ёзилган фиқҳий асарлар эса ҳозирги вақтда ҳам илмий даргоҳларда ислом фиқҳи бўйича дарслик вазифасини ўтамоқда. Бу Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашиш кераклигини кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда миллий қадриятларимиз ва муқаддас ислом динига оид анъаналарнинг янада ривожланиши халқимизнинг маънавий-маърифий юксалишида муҳим омиллардан бирига айланди.

Президентимиз 2017-йил 24-май куни имзолаган «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланганидек, юртимизда камол топган ислом оламининг мутафаккирлари асарлари ва уларнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, ёш авлодни алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси билан яқиндан таништириш, уларга нисбатан ҳурмат, миллий ғурур ва фахр туйғуларини тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, 2017-йил 15-июньда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги йиғилишда давлатимиз раҳбари «Самарқандда — Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада — Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода — Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда — Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади», деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бири билан ҳамоҳанг бўлмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб бериш осон бўлмайди. Бу борада алломалар илмий меросига юзланишимиз, уларни ўрганишимиз ҳар қандай саволларга жавоб топиш имконини бера олади.

Юртимизда дунёвий ва диний қадриятлар ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан ҳамда уларнинг асарлари бугунги кунда ҳам тадқиқ этилмоқда. Масалан, Имом Бухорийнинг «Ал-Жоме’ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб алмуфрад», Абу Наср Форобийнинг «Рисола фи-т танбиҳ ала асбоб ас-саодат», Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид», Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», Берунийнинг «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» Абул Қосим аз-Замахшарий «Муқаддимат ул-адаб» каби асарлар салмоқли ўрин тутади.

Ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлган, бу соҳада беқиёс дурдоналар яратган Бурҳониддин ал-Марғиноний «Бидоят ал-мунтаҳий» («Бошловчилар учун дастлабки таълим»), «Кифоят ал-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълим»), «Китоб ул-мазид» («Илмни зиёда қилувчи китоб»), «Мажма ул-навозил» («Нозил бўлган нарсалар тўплами») ва бошқа асарларида дунёвий ва диний илмларнинг уйғунлигини кўрсатиб ўтган. Алломанинг «Ҳидоя» китоби бутун дунёга маълум ва машҳур саналади. Мазкур китобда ўша замонларда мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалаларни, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятига тааллуқли жуда кўп мураккаб муаммоларни ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан ҳал этиб берди. Ушбу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар бўлган. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба — асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.

Бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборат.

Замонамизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ижодий кашфиётлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим.

Президентимиз 2020-йил 24-январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «...маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрини англаб етади».

Мухтасар айтганда, алломаларимиз ҳаётига доир яна бошқа маълумотларни аниқлаш ва уларнинг ўша даврда Мовароуннаҳрда рўй берган сиёсий-ижтимоий ҳаётга кўрсатган таъсирини, асарларининг бугунги кун нуқтаи назаридан аҳамиятли жиҳатларини тадқиқ этиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Уларнинг илмий меросида соғлом эътиқод, теран фикр, тўғри талқин ислом таълимотини тушунишда катта омил саналади. Зеро, диннинг вазифаси тўғри йўлга мулойимлик ва насиҳат ила чақиришдан иборат.

 

Бобурмирзо БОТИРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси

2021-йил 4-март, №45 (301)

Read 2128 times

Мақолалар

Top