Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Эътиқодийя китобининг хотимаси (Қирқ олтинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ

НАЗМ

Китоб хотимаси

Шукри лиллоҳ, муродима еттим,
Фарзи аввал сўзин тамом эттим.
Бу эди сунний элга муътақидот –
Ким, баён айладим борини бот.
Бу масойилки, мен баён эттим,
Бу ақойидки, мен аён эттим,
Дерлар аслийяйи эътиқодийя,
Мункир ўлғай инодийя.
Қолган у тўрт фарзи шаръиййа,
Амалиййа дейилди, фаръиййа.
Тенгри тавфиқи бўлса, дей барини,
Кўрсатай анда ҳар амал ерини.

НАСРИЙ БАЁН

Аллоҳга шукр бўлсинким, муродимга етдим, биринчи фарз ҳақидаги сўзни тамом қилдим. Сунний элнинг (Аҳли суннат вал-жамоатнинг) эътиқодлари (ишониб эътиқод қиладиган нарсалари) ана шулар эди, ҳаммасини тез баён қилдим.

Мен баён этган бу масалалар, мен аён этган – равшан тушунтирган бу ақидаларни аслийяйи эътиқодийя дейдилар, яъни иймон-эътиқоднинг асли-асоси, асос-пойдевори дейдилар, буни инод билан – саркашлик билан қасдан рад этувчилар мункир, яъни инкор этувчи (кофир) бўлади.

Қолган у шаръий тўрт фарз (намоз, рўза, закот ва ҳаж) эса фаръий амаллар, яъни аслдан ўсиб чиққан тармоқлар деб аталади. Аллоҳнинг тавфиқи – ёрдами ва мадади бўлса, энди ҳаммасини айтайин ва унда ҳар бир амалнинг ўрнини алоҳида-алоҳида кўрсатайин.

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК.
* * *
ҚИСҚА ИЛОВА

Азиз ва муҳтарам илму-маърифат муҳиблари! Алҳамдулиллаҳ, олимлари подшоҳ, подшоҳлари олим бўлган халқнинг фарзандларимиз.
Мана, шоҳ ва шоир, султон ва дарвиш, қомусий аллома, буюк фақиҳ Заҳируддин Муҳаммад Бобурнинг “Мубайян” асари насрий баёни ва шарҳининг “ЭЪТИҚОДИЙЯ” (“Иймон-эътиқод китоби”) қисмини ўқиб тугатдик.
Сиз азизлар учун ўтган мавзуларнинг ҳаммасини жамлаб, бир ҳужжат ташкил этамиз.
Эътиқодийя бўлмининг хулосаси: Қандай киши мўъмин саналади? Иймони муфассал нималардан иборат? Аллоҳ таолони қандай сифатлари ила таниймиз? – ана шуларни билмоғимиз зарур экан.
Бобур Мирзонинг “Мубайян” асари – ҳам адабиёт, ҳам илм хазинасидир.Чин дилдан ўқиб, ўзлаштириб, ҳаётларига тақдим этганлар дунёю охиратда улуғ саъодатга мушарраф бўлсинлар!
Энди “КИТОБУС-САЛОТ” (“Намоз китоби”) бошланади. Марҳамат, баҳраманд бўлинг!

Аввал тақдим этган “Муҳим изоҳ”имизни дўстлар учун эслатма ўлароқ қайта тақдим этамиз.

МАЪМУРИЯТ

 


ЎТА МУҲИМ ИЗОҲ
(Раббимиз Аллоҳ таолони қайси сифатлари ила таниймиз?..)

بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту салом бўлсин.
Ассалому алайкум, севикли дўстларимиз.
Мана, бир неча кундан бери Бобур Мирзонинг “Мубайян” асаридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Муқаддимада айтганимиздек, бу асар беш китобдан иборат: 1) Иймон-эътиқод китоби; 2) Намоз китоби; 3) Закот китоби; 4) Рўза китоби; 5) Ҳаж китоби.

Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.

Биринчи китоб – Эътиқодийя бўлмининг хулосаси шуки, Аллоҳ таолони саккиз сифати билан таниймиз. Булар Аллоҳнинг Ўз Зоти билан собит бўлган – субутий сифатларидир.

Бобур Мирзо бу сифатларни еттита деганлар ва Таквин – Яратиш сифатини қудрат сифатига дохил қилганлар. Шарҳда айтганимиздек, биз Таквин сифатини алоҳида ўрганамиз. Буюк Яратганнинг бу саккиз сифатини билишимиз шарт экан.

1. ҲАЁТ СИФАТИ. Аллоҳ таоло абадий тирикдир, ўлим билмас ҳаётга эгадир. Лекин Унинг тириклиги жисм ва жон билан эмас, балки Ўз Зотидан Ҳаййдир – тирикдир.

2. ИЛМ СИФАТИ. Аллоҳ таъоло замон ва макондан холи ҳолда, мавжуд ва номавжуд, бўлган ва бўладиган, каттаю кичик, бутун ва бўлак, мумкин ва номумкин, яширин ва ошкор – ҳамма нарсани ва ҳар бир ҳодисани энг яхши тарзда билувчи ва бутун билимларнинг манбаъи бўлган Зотдир.

3. ИРОДА СИФАТИ. Дунёда нимаики бор бўлса, бошдан-охир Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Бутун инсоният тўпланиб, бир заррани ҳаракатга келтиришга ёки ҳаракатини тўхтатишга уринса, Аллоҳнинг ирода сифати тажаллий этмагунича, бунга асло кучлари етмайди.

4. ҚУДРАТ СИФАТИ. Бутун қудрат ва бутун қувват Аллоҳдадир. У Зот ҳамма нарсани билиши билан бирга ҳамма ишни қилишга ҳам қодирдир. Ҳар ишни қилишга Унинг қудрати етади, сабаб ва воситаларга эҳтиёжи йўқдир.

5. САМЪ – ЭШИТИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло эшитгувчидир. У зот яширин ёки ўта пинҳон бўлган ҳамма нарсани эшитади. Унинг эшитмоғига узоқлик монеъ бўла олмайди. Эшитадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.

6. БАСАР – КЎРИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло кўргувчидир. У Зот катта ёки кичик бўлган ҳамма нарсани кўради. Унинг кўрмоғига қоронғулик ва масофалар монеъ бўла олмайди. Кўрадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.

7. КАЛОМ СИФАТИ. У зот мутакаллимдир – сўз билан сўзловчи ва гапирувчидир, лекин Унинг сўзлаши (инсонларда бўлганидек) тил, оғиз, танглай воситаси билан эмас. Аллоҳ таъолонинг ҳукмлари Ўз Зоти билан қоим бўлган азалий каломининг тажаллийси билан бўлиб, бу эса мўъжиза Китоби – Қуръони карим орқали намоён бўлади.

8. ТАКВИН – ЯРАТМОҚ СИФАТИ. Бу Аллоҳнинг билфеъл яратмоқ сифатидир. Бутун бу борлиқларнинг ҳақ яратувчиси Аллоҳ таъолодир.

Азиз дўстларимиз билан бирга, “Бу қийин илмлар экан” демасдан, Яратган Эгамизнинг мана шу саккиз сифатини ўрганиб, бир умр ёдда тутишимиз зарур. Бу билим – маърифат эшиги, саодат калитидир. Яна Асмои Ҳуснада – Аллоҳнинг энг гўзал исмларида барча сифатлари ифода этилган. Насиб этса, бу ҳақда алоҳида суҳбатлашамиз.

“Мубайян ва насрий баёни” асарининг давомини диққат-эътибор билан ўқиб-кузатиб боришларини азиз дўстларимиздан умид қиламиз.

Фақир Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 1982 times
Tagged under

Мақолалар

Top