Мақолалар

Ҳар бир ҳолатга ақида билан қараш керак

Абу Толибга ўлим соати яқинлашгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Абу Толибнинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларига дедилар:

- Эй амаки! «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг. Аллоҳнинг ҳузурида мен ўзим сизга гувоҳ бўламан.

Шунда Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя дейишди:

- Эй Абу Толиб! Абдулмуттолибнинг динидан қайтасанми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларини такрор қилавердилар. Абу Жаҳл ва унинг шериги ҳам ўзларининг гапларини такрорлайверишди. Ниҳоят Абу Толиб: «Мен Абдулмуттолибнинг динидаман», деди. У «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишдан бош тортди ва шу ҳолида вафот этиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики қайтарилмас эканман, сизга истиғфор айтавераман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Пайғамбар ва мўъминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, гарчи улар яқин қариндошлари бўлсада, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир», деган оятни нозил қилди.

Ҳар йили башариятга мислсиз хизматлар қилган қандайдир олим вафот этади. Аммо у Ислом динида бўлмайди. Баъзи мусулмонлар шунда ҳатто инсоний меҳр-шафқат билан мукаммал ақида ўртасини аралаштириб ташлаб, жаннатнинг калити гўё уларнинг қўлида тургандек юқоридаги каби кишиларни жаннатга киритиб қўйишади. Ҳатто баъзилар: «Аллоҳ қандай қилиб фалон дорини ихтиро қилган олимни азоблаши мумкин?! Ахир у қанча-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб, инсонларнинг дардига малҳам бўлган-ку! Аллоҳ қандай қилиб Томас Эдисонга азоб бериши мумкин?! Ахир у уйларимизни нурафшон бўлишига ҳисса қўшган-ку!», дейишади. Гўё жаннатнинг калити дори ихтиро қилиш ва лампочка ихтиро қилишда уларнинг наздида.

Бошқа томондан назар соладиган бўлсак, баъзи мусулмонлар ҳам мусулмон бўлмасдан вафот этган фалон олимни дарров дўзахга киритиб қўя қолишади. Гўё дўзахнинг калити уларнинг қўлида тургандек. Иккинчи гуруҳнинг хатоси биринчи гуруҳнинг хатосидан енгил бўлсада, иккиси ҳам хатодир.

Биз илм ва уламоларни эҳтиром қиламиз. Уларнинг инсониятга қилган хизматларини қадрлаймиз. Аммо бу бошқа масала, жаннат ва дўзах масаласи бошқа нарса.

Абу Толибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиши дори ёки лампочка ихтиро қилишдан афзал ва аҳамиятли иш эди. Аммо унинг бу ҳимояси унга ёрдам бера олмади. Чунки у ширкда вафот этди.

Худди шунингдек, ишга ҳиссиёт билан эмас, ақида билан қараш керак. Шунга собит иймон келтиришимиз лозимки, Аллоҳдан ўзга одил ва раҳмли зот йўқ!

Бир шахсни ушлаб олиб уни қатъий дўзахий дейишимиз Аллоҳга нисбатан беадабликдир. Биз умумий қилиб: «Кимга Ислом етиб борса, у исломни эшитса ва рад қилса дўзахга киради», дейишимиз керак. Шунга мустаҳкам ишонишимиз лозимки, иш аввалда ҳам, охирда ҳам Аллоҳникидир. Истаса азоб беради, истаса мағфират қилади.

Инсонлар қабрда дори ихтиро қилганлари, лампочка ихтиро қилганлари, қурган кўприклари ҳақида сўралишмайди. Аввалда ҳам, охирда ҳам сўраладиган нарса бу ақидадир.

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Икрима розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб келаётганини эшитиб саҳобаларга: «Ҳузурингизга Икрима мусулмон бўлиб келаяпти. Уни отаси(Абу Жаҳл)ни сўкманглар. Чунки ўликни сўкиш тирикни хафа қилади», деганлар ва ҳатто сўкишдан қайтарганлар. Шаръий насс бўлса албатта мустаснодир.

Динимизда таслим бўлиш лозим бўлган нарсалар ораси билан инсонийлигимизни, кишиларга бўлган шафқатимизни, уларнинг меҳнатини қадрлашимизни аралаштириб ташламаслигимиз лозим.

Аллоҳга бўлган одобимиз юзасидан бир кишининг исмини айтиб, қатъий қилиб фалончи дўзахийдир дейишимиз керак эмас. Буни динимизда собит бўлган умумийлик билан айтмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло бизга таълим ўлароқ дейди:

«Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардан бўлиб қолади».

Абдулқодир Полвонов
тайёрлади

Read 2052 times
Tagged under

Мақолалар

Top