Мақолалар

Ҳазрат кўпчиликнинг хизматида бўлган улуғ зот эдилар...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.

Шу боис, Аҳмад Муҳаммаднинг «Ҳилол» журнали 8-сонида чоп этилган «Шайх Муҳаммад Содиқ «феномени» мақоласи асосида у зотни ёдга олмоқ, ҳаёт йўллари, ибрат ва ўрнаклари ҳамда буюк меҳнатларини хотирламоқни истадик.

Устоз 2000 йили ватанга қайтганидан сўнг диний илмларни ривожлантириш, халқимизни Ислом асослари билан таништириш йўлидаги самарали ижодни давом эттирдилар. У кишининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» асарлари кирмаган хонадон юртимизда қолмади ҳисоб.

«Иймон», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Шоядки тақводор бўлсак», «Поклик иймондандир», «Сунний ақийдалар», «Кифоя», «Одоблар хазинаси», «Руҳий тарбия», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг» каби юздан ортиқ китоблари мусулмонларнинг том маънодаги маънавий мулкига айланди. Ҳазратнинг китоблари ёшларни маърифатли қилишда, уларга диний тарбия асосида таълим беришда бебаҳо қўлланма вазифасини бажарди, жамиятда жаҳолат ва ихтилофларга барҳам беришда дастуриламал бўлди.

У киши бошчилигида амалга оширилган «Олтин силсила» туркумидаги тўққиз буюк муҳаддис жамлаган ҳадисларни ўзбек тилига ўгириш, изоҳлар ёзиш ва тўплам ҳолида нашр этиш ҳадис илми борасидаги улкан илмий тадқиқотлардан бўлди.

Шайх ҳазратларининг ўнлаб китоблари рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилган. У кишининг илмий-маърифий асарлари ҳатто хорижий давлатлардаги ўқувчиларнинг ҳам қўлига бориб етди. Бундан ташқари интернет тармоғида Шайх раҳбарликларида ташкил этилган islom.uz портали доирасида ўнлаб веб-сайтлар ишлаб турибди.

Шунингдек, шайх ҳазратлари бош бўлиб ташкил қилган, у кишининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ бошқараётган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи нашриётларидан бирига айланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўткир ақл-заковати, етук илми, суннатга мувофиқ гўзал ахлоқи ва беназир ҳаёт тарзи, диний маърифат тарқатиш йўлидаги буюк хизматлари билан нафақат Ўзбекистон ёки собиқ Иттифоқ, балки бутун дунёда танилди, жаҳон илм аҳли томонидан тан олинди. 

У кишининг Бутунжаҳон Ислом Робитасининг таъсис мажлиси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгаши, Бутунжаҳон Ислом уюшмаси, Бутунжаҳон Тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутунжаҳон Даъват уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутунжаҳон мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби ўнлаб нуфузли Ислом ташкилотлари ва муассасаларининг аъзоси этиб сайланганининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади.

У Саудия Арабистони, Ўрдун (Иордания) ва Покистондаги бир қатор дорилфунунларнинг фахрий профессори этиб сайланган. Бундан ташқари, у жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтган халқаро илмий конференция, анжуман, қурултойлар ишида ҳам фаол иштирок этиб, ҳозирги пайтда Ислом дини ва мусулмонлар олдида турган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида мазмундор маърузалар қилган эди.

У жаҳондаги машҳур Ислом уламолари билан яқин дўст эди, улар билан мунтазам мулоқот қилар, мусулмонларнинг ҳозирги муаммоларини биргаликда муҳокама қилар, фикрий ва ақлий жиҳатдан ўшалар билан бемалол тенглаша оларди. Суриялик атоқли олим шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг раиси доктор Юсуф Қарзовий, шу кенгаш Бош котиби доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий, бир неча Ислом фиқҳи академиялари аъзоси доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий, атоқли ҳанафий фақиҳлардан Муҳаммад Тақий Усмоний, мавританиялик шайх Абдуллоҳ ибн Байя, Шинқитий каби жаҳондаги етакчи уламолар шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳамфикр, ҳаммаслак дўстлари эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳозирги замондаги ҳақиқий мусулмон олимининг ноёб намунасидир. У шариат илмларини, ижтимоий фанларни чуқур билгани, бой ҳаёт тажрибасига эга бўлгани учун муаммолар туғилган пайтда исломий меъёрларни қўллай биларди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий олим эди. У билимларни эгаллабгина қолмай, балки унга қатъий амал ҳам қилар эди. У ўзи ишонгани ва таълим бергани каби яшар, яшагани каби ишонар ва таълим берар эди. Шунинг учун унинг сўзлари ҳар бир қалбга етиб борарди. У Ислом сари талпинган ҳар бир инсонни эътиборсиз қолдирмас, иши тўлиб-тошиб ётганига қарамай, унга насиҳат қилиш, алоҳида мактуб ёзиб, уни руҳлантиришга имкон топа оларди. У шу тариқа миллионлаб одамлар қалбида иймон чироқларини ёқа олди, минглаб одамларни ҳидоят сари чорлади. 

Ҳазратдаги вақтни ўта қизғаниш ва соатларни эмас, ҳатто дақиқаларни бефойда ўтказмаслик, инсонни бойлиги, мансаби, шуҳратига қараб эмас, Аллоҳга ихлоси ва муҳаббати учун қадрлаш, ҳар қандай бало ва муаммолар қаршисида довдираб қолмай, «Иншааллоҳ, яхши бўлади», деб хотиржам туриш, бирон кишининг кўнглини оғритмай, озор бермай муомала қилиш фақат у кишигагина хос фазилатлар эди.

«Кўпчилик унинг хизматида бўлаётган киши улуғмас, ўзи кўпчиликнинг хизматида бўлган улуғдир», деган ҳикматли гап бор. Шайх ҳазратнинг ҳаёт йўлларига, Ислом умматининг манфаати йўлида қилган хайрли ишларига холис назар ташлайдиган бўлсак, битта олимнинг мусулмонлар учун қилган хизмати ниҳоятда салмоқли бўлганини сезиш унча қийин эмас. Бугун у кишидан кейин шуни ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Шайх ҳазратлари қисқагина фаолиятлари давомида унча-мунча жамоалар қилишга улгурмайдиган катта илмий ишларни, тарғиб ва таълим, насиҳат ваъз-иршодларини амалга ошириб кетдилар. 

У кишининг китоблари кирмаган, ваъз-насиҳатлари янграмаган бирорта ўзбек хонадони қолмади ҳисоб. У киши тарқатган илмлардан бебаҳра қолган деярли биронта мусулмонни учратиш қийин.

У кишини нафақат юртимизда, собиқ Иттифоқдаги бошқа ўлкаларда, ҳатто хорижий мамлакатларда ҳам танишар, ҳурмат қилишар, беҳисоб китобларини ўқишар, мавъизаларини тинглашар эди. Шайх ҳазратлари Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида китоблар ёзган, мусулмонларнинг барча саволларига жавоб бера оладиган мужаддид олим эди.

У киши асримизнинг том маънодаги буюк олими эди. Бернард Шоу деган инглиз ёзувчисининг «Майда одамлар ичида ҳам буюклари бор, улуғ одамлар ичида ҳам буюклари бор» деган сўзи бор. Шайх Муҳаммад Содиқ кўпчиликнинг хизматига ҳамиша шай, улуғ одамларнинг ҳам буюкларидан эди.

У Мовароуннаҳр халқларининг чинакам диний раҳнамоси, пири муршиди, насиҳатгўйи эди. У кишининг шиори барча китобларида нақш қилинганидай, «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, унга амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф умр бўйи ана шу шиорига содиқ қолди, Аллоҳ розилигини топиш ниятида, дин ғамида фидойилик кўрсатиб яшади.

Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг раҳмати, авфи ва карами билан чулғаб олсин, абадий масканларини жаннат боғлари ичра қилсин!

Бобур Аҳмад тайёрлади.

Манба: islom.uz 11.03.2020.

«Ҳилол» журнали 8-сони.

Read 1657 times

Мақолалар

Top