Мақолалар

Мусулмонларнинг кашфиётлари: эмлаш, парашют, совун, авторучка...

Умматимиз бани башар учун кўп фойдали иш қилган. Масалан, аҳли жаҳон қаҳва ичишга одатлангани ёки ресторанда овқатланаётган хўранда дастурхонига учта таом узатилиши ёхуд тўлов амалларини бажариш учун чек расмийлаштирилиши ва шу каби кўплаб бошқа нарсалар Ислом дини вакилларининг кашфиёти бўлган.

Маълумки, Ислом дини тинчлик ва бунёдкорлик дини саналади. Хўш, динимиз вакиллари дунёга нима беришган? Қуйида мусулмонлар очган кашфиёт ва ихтиролардан айрим мисоллар келтириб ўтаман.

1. Қаҳва
Эски ривоятлардан бирига кўра, Эфиопиянинг Кафа вилоятида қўй боқиб кун кўрган Ҳалид исмли араб реза меванинг маълум бир турини еган подаси нисбатан ғайратли бўлиб қолаётганига эътибор қилган. Кўп ўтмай, қаҳва дони Эфиопиядан Яманга экспорт қилинган. XV асрда ушбу дон Макка билан Туркияга етиб борган, у ердан эса 1645 йили Венецияга олиб ўтилган. Орадан 5 йил ўтиб-ўтмай, мазкур ичимлик Англияга, Лондоннинг Ломбард кўчасида биринчи бўлиб қаҳвахона очган Паскуа Роси исмли турк томонидан 1650 йили олиб кирилган.

Ичимликка берилган ном тарихи ҳам ўзига хос. Араб тилидаги «қаҳва» сўзи туркларнинг «каҳве» сўзига айланган. Итальянлар «кафф» дейишган бўлса, инглизлар унга «коффи», ўрислар эса «кофе» дея ном беришган.

2. Камера
«Кўз ўзидан нур чиқаргани боис, инсон кўра билади», - дея  таъкидлашган экан қадимий юнонлар. 
Аслида эса бунинг акси рўй бериши, яъни нур кўзга сингиб кириши туфайлигина инсон кўриш қобилиятига эга бўлишини математика, астрономия ва физика фанлари олими, Ислом дини вакили Ибн ал-Ҳайитам X асрда фаҳмлаган.
Ушбу олим нурнинг эшик тирқиши орқали сингиб киришини кузатар экан, тирқиш қанчалик тор бўлса, манзара шунчалик аниқ кўринишини идрок этган ва биринчи қоронғилик (обскура) камерасини ясаган («Қамара» сўзи араб тилидан «қоронғи ёки алоҳида хона» маъносини англатади).
Ибн ал-Ҳайитам ўша даврдаги физика фанини фалсафий фанлар жумласидан амалий фанлар сирасига кирита билган олимдир.

3. Шахмат
Шахматни қадимий ҳиндлар ўйнашган, албатта. Лекин бугунги  кунда ўйналаётган шахмат ҳиндлар шахматидан кескин фарқ қилади. Ўйиннинг бугунги варианти Форсда пайдо бўлиб, ўша ердан ғарбга, Европага тарқаган, хусусан, X асрда Испанида маврлар томонидан жорий этилган.

4. Парашют 
Учиш аппаратини яратиш ғояси ака-ука Райтлар дунёга келишидан минг йил муқаддам Ислом дини вакили астроном, шоир ва муҳандис Аббас ибн Фирнас томонидан илгари сурилган. Ушбу муҳандис 852 йили ёғоч тахтачалар маҳкамланган катта плаш билан масжид минорасидан сакраган. Ўшанда ибн Фирнас қуш каби парвоз қилишга умид боғлаган-у, нияти амалга ошмаган. Плаш унинг ерга қулаш тезлигини пасайтириб, энг биринчи парашют вазифасини ўтаган. Чўчиб кетган олим енгил жароҳат-ла қутулиб қолган. Ёши 70 дан ўтиб ҳам қуйилмаган ибн Фирнас ўзининг учиш аппаратини такомиллаштириб, учишга уринишини такрорлаганча тоғдан сакраган. Дарҳақиқат, у ҳавода 10 дақиқача парвоз этишга муваффақ бўлган, лекин учиш аппаратининг дум қисми бўлмагани сабабли ерга қулаб, пачағи чиққан.

5. Совун ва шампунь
Аллоҳ бизга динимиз Исломни мукаммал қилиб берганидан буён мўмин мусулмонлар ҳамиша озода юришади, ғусл ва таҳоратни канда қилишмайди, зеро, поклик иймондан эканлигини ҳамма билади. Айнан шу сабабдан бўлса керак, совун тайёрлаш усуллари мусулмонлар томонидан мунтазам равишда такомиллаштириб борилган.
Маълумки, қадимий мисрлик ва римликларда совунга ўхшаш нарса бўлган. Лекин унинг таркибига ўсимлик мойи ва натрий гидроксиди билан ароматик бирикмаларни айнан араблар қўшиб, ҳақиқий совунга айлантиришган.
Шампунь илк бор Англияда, бир мусулмон тадбиркор Брайтонда ҳаммом очганидан сўнг пайдо бўлган.

6. Бугунги кимё 
Алкимёни кимёга айлантирган олим Ябир ибн Ҳайян бўлади. Ушбу олим IX асрда кимё фанида бугунги кунгача қўлланиладиган жараёнларни, хусусан: дистилляция, кристаллизация, эритиш, оқлаш (рафинация), оксидланиш, буғлантириш, фильтрация жараёнларини кашф этган.
Сульфат ва азот кислоталарини ҳам айнан ибн Ҳайян очган. Унинг аслида аромат бирикмаларни ҳайдаш учун яратган машинаси турли спиртли ичимликлар яратилишига сабаб бўлган.
 
7. Тирсакли вал
Тирсакли вал, яъни ротацион ҳаракатни чизиқли ҳаракатга айлантирадиган қурилма Ислом дини вакили ал-Жазари исмли муҳандис томонидан ихтиро қилинган. Механиканинг ниҳоятда муҳим ихтироларидан, замонавий машиналарнинг энг асосий таркибий қисмларидан бири саналадиган тирсакли вал даставвал сув чиқариб, суғориш (ирригация) манфаатларига хизмат қилган.
Мазкур муҳандиснинг қаламига мансуб китоблар билан танишиб чиққан олимлар ал-Жазари жўмрак ва клапан турларини ихтиро қилиб, такомиллаштирганини, илк механик соат чизмасини ишлаб чиққанини англаб, уни робот техникасининг отаси дея эътироф этишган. 
Код воситасида қулфланиб очиладиган қулф муаллифи ҳам ал-Жазари бўлади.

8. Меъморчилик
Чўққили арка Европанинг готика услубидаги меъморчилик асосида бунёд этилган катта бутхоналарга хос жиҳатлардан бири саналади. Лекин европаликлар бундай арка ғоясини Ислом дунёсининг меъморчилик санъатидан кўчириб олган. Чўққили арка римликлар ва норманнлар томонидан қўлланилган ярим юмалоқ аркадан мустаҳкам бўлиб, янада баланд ва мустаҳкам иншоотлар қуриш имконини берган.
Европаликлар мусулмонлардан қовурғали қубба кўтариш ҳамда тўпбарггул шаклидаги юмалоқ дераза очиш ғоясини ҳам ўзлаштириб олишган.
Ўт очиш туйнуклари, панжаралар, квадрат шаклидаги минораларга эга мусулмонлар қурган қасрлар Европа ҳудудида ҳам қад кўтара бошлаган. Чунончи, Генрих V деганларининг меъмори мусулмон уста бўлган.

9. Жарроҳлик асбоблари
 Жарроҳлик амалиётида ишлатиладиган аксарият асбоблар, хусусан, скальпель, тиббиёт арраси, қисқич, ингичка қайчи каби замонавий операция асбоблари ўз шаклини Ислом динига эътиқод қилган жарроҳ ал-Заҳрави томонидан қандай яратилган бўлса, шундай сақлаб қолган.
Ички чоклар учун ишлатиладиган, қўй билан эчки ичагидан эшилган кетгут ипи организмда табиий йўл билан йўқ бўлиб кетишини ва ундан тиббий капсулалар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкинлигини айнан ал-Заҳрави кашф этган.
Организмда қон айланиш жараёнини Уильям Гарвей исмли шифокор дунёга келишидан 300 йил муқаддам, яъни XIII асрда мусулмон табиб Ибн Нафис тавсифлаб бўлган. 
Аннестика ва катаракта экстракциясида қўлланиладиган ковак игна айнан мусулмон мутахассислар томонидан ихтиро қилинган.

10. Шамол тегирмон 
Шамол тегирмон 634 йили араблар томонидан ихтиро қилинган бўлиб, маккажўхори янчиш ва ичимлик суви таъминоти манфаатларида ишлатишган.
Фақат бир йўналишда ойлаб эсадиган шамол араб чўлларида ягона энергия манбаси бўлган ва бу манбадан ўз даврида самарали фойдаланилган. Шамол тегирмоннинг мато ёки пальма барги билан қопланган қаноти жами 6 та ёки 12 та бўлган. 
Европада илк шамол тегирмонлари пайдо бўлгунча орадан яна 500 йил ўтган.

11. Эмлаш тадбирлари
Эмлаш ғояси ҳаётга биринчи бўлиб  Женнер билан Пастер деганлари томонидан эмас, айнан мусулмон табиблар томонидан татбиқ этилган. Истанбулда амалга оширилаётган эмлаш амалиётига инглиз элчисининг рафиқаси эътибор қилгач,  ушбу тиббий чора Европага 1724 йили Туркиядан кириб келган. Европаликлар ўз юртларида эмлаш тадбирларини бошлашидан 50 йил муқаддам Туркия болалари чечак касалига қарши эмланган.

12. Авторучка
Биринчи авторучка 953 йили, қўл ва кийимни булғамайдиган ручка тайёрлаб беришни талаб қилган султон учун атайин ихтиро қилинган. Ручка учига сиёҳ узатишнинг бугунги кунда қўлланилаётган тизими ўшанда ихтиро қилинган.

13. Рақамлаш тизими
Бутун дунёда қўлланилаётган рақамлаш тизимининг қўлланилиши, афтидан, Ҳиндистонда бошланган. Лекин рақамлар шакли арабча бўлиб, босма нусхада илк бор 825 йили мусулмон математик олимлар ал-Хоразимий ва ал-Киндининг асарларида пайдо бўлган. 
«Алгебра» сўзининг прототипи ал-Хоразмийнинг қаламига мансуб «Ал-Жабр ва ал-Муқабилаҳ» асари бўлиб, унда тавсифланган тамойилларга ҳозир ҳам амал қилинади.
Мусулмон олимлар томонидан ҳал этилган математик масалалар, шу жумладан, алгоритмлар-у, айрим тригонометрия назарияларининг мазмун моҳиятини Европада 300 йилдан кейин тушуниб етишган.
Ал-Киндининг частота таҳлили бугунги кунда ривож топган криптографиянинг пойдевори бўлган.

 14. Учта таомдан ташкил топган тушлик
Учта таом, хусусан, суюқ овқат, ундан кейин гўшт ёки балиқ ва охирида мева-ю, ёнғоқ истеъмол қилиш концепциясини Ироқдан Андалусиянинг Кордовасига Али ибн Нафи томонидан IX асрда олиб келинган.
Шунингдек, у андалусияликларнинг кундалик ҳаётига исми юқорида тилга олинган Аббас ибн Фирнас томонидан ихтиро қилинган биллур стаканлардан фойдаланишни жорий этган.

15. Гилам
Ўрта асрда европаликлар гиламни жаннатнинг дахл қилиб бўлмас бир буюми сифатида кўришган экан. Гиламдўзлик усуллари ўша даврларда яхши ривож топган бўлиб, санъат даражасига етган, иш давомида янгидан-янги бўёқ турлари пайдо бўлиб борган.
Европада ўша даврда полга тўқима оёқартгич тўшалган бўлиб, хона чала тозалангани боис, остида қалин чанг, майда суяк парчалари каби чиқинди йиғилган. Шу сабабдан араб ва форс гиламлари европаликлар ҳаётига тез кириб борган.

16. Чек
Агар мусулмонлар чекни ўйлаб топишмаганида, аҳли жаҳон бугун кўп қийналган бўлар эди. 
«Чек» сўзи арабларнинг «саққ» сўзидан олинган бўлиб, етказилган мол ҳақини тўлаш борасидаги ёзма мажбурият маъносини англатади.
Нақд пулни олис масофага ташиш хавфли иш бўлиб қолгани боис, ҳаётнинг ўзи чекка бўлган эҳтиёжни юзага келтирган. Ислом дунёсининг тадбиркорлари IX асрдан эътиборан ўзларининг Бағдод банкларида расмийлаштирилган чекларини Хитойда нақд пулга алмаштира бошлашган.

17. Ернинг шар шакли
IX асрда Ислом оламининг кўплаб уламолари Ернинг шар шаклига эга эканлигига оид фикрларни илгари суришган. Мусулмон астроном Ибн Ҳазм: «Қуёш Ердаги маълум нуқтага нисбатан ҳамиша вертикал ҳолатда бўлиши Ернинг шар шаклига эга эканлигидан далолатдир», - деб кетган. Ушбу фикрини у Галилейнинг бунга ақли етишидан 500 йил олдин баён этган. 
Мусулмон астрономларнинг ҳисоб-китоблари шу даражада аниқ бўлганки, экваторнинг узунлиги 40253,4 километрга тенг дея, атиги 200 километрга адашишган.

18. Торпеда ва ракеталар
Хитойликлар порохни селитрадан ҳосил қилиб, мушакбозликда фойдаланишган бўлса-да, уни калийли селитра воситасида тозалаб, ҳарбий мақсадда қўллаш усулларини араблар ўйлаб топган.
Мусулмонлар ўз қуроли билан салиб юриши қатнашчиларини даҳшатга солган. Хусусан, XV асрга келиб улар «ўзи юриб, ёнадиган тухум»ни, яъни биринчи ракетани ихтиро қилиб, душманга қарата самарали қўллашган. Илк торпедани, яъни нок шаклига эга бўлиб, учига ўқ ўрнатилган, рақиб кемасига тегиб, портлайдиган ўзиюрар бомбани ҳам ўзимизнинг мусулмон мутахассисларимиз яратган.

19. Истироҳат боғи
Ўрта аср Европасида экинзорлар бўлган-у, боғ бўлмаган. Мусулмонлар боғ яратиб, уни ҳордиқ чиқариб, ибодат қилиш жойи сифатида кўришган. Илк қироллик боғлари XI асрда Испаниянинг мусулмонлар истиқомат қиладиган қисмида бунёд этилган.

Чиннигул билан лоланинг Ватани ҳам Ислом дунёсига мансуб ўлкалар саналади.

 Шокир Долимов тайёрлади

Read 2017 times

Мақолалар

Top