Мақолалар

Зараркунандалар нима учун яратилган?

Бу саволга икки жиҳатдан жавоб бериш мумкин.

Савол жавобининг биринчи жиҳати шуки, Аллоҳ таоло ҳикмат эгаси, у ҳикматсиз ҳеч нарса яратмаган, унинг барча яратганларида ҳикмат борлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Мусулмонлар бунга қатъий ишонадилар.

Савол жавобининг иккинчи жиҳати шундан иборатки,  Аллоҳ таоло барча яралмишларни мукаммал яратишини ва уларни бошқаришда Ўзининг моҳирлигини намойиш қилган.

Инсон Аллоҳ таоло яратган илон, чаён, сичқон каби зараркунанда ҳайвонларни кўриб, ўзини бундай яратишдан ожиз эканлигини ҳис қилади. У Аллоҳ таолонинг мукаммал яратувчи эканлигига қойил қолади ва унинг қалбидаги иймон нурлари зиёда бўлади. Бу нарсани Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги қуйидаги оятидан янада яққол билиш  мумкин. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:  "Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади(Бақара сураси, 26- оят.)

      Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири Ҳилол”да “Кофир ва мунофиқлар истеҳзо қилиш ўрнига  ақлни ишлатганларида эди, Аллоҳ таолонинг чивин ёки пашша сингари жуссаси кичик нарсаларни мисол қилиб келтириши ожизликдан бўлмай, балки (Унинг) улкан қудрат(и)дан далолат эканини билар эдилар. Чунки коинотни яратган Аллоҳ таоло ўша қудрати ила чивинни ҳам, ҳатто ундан кичик нарсаларни ҳам яратгандир. Моҳият нарсанинг жисмида эмас, балки ундаги ҳаётдадир. Хўп, чивин шунчалик арзимас нарса бўлса, унга Аллоҳ таолодан бошқа ким ҳам ҳаёт ё жон бера олади? Дунёдаги барча кучлар тўпланиб, Аллоҳ яратган бирорта улкан жуссали ҳайвонни ярата олмаганларидек,  битта чивинни ҳам ярата олмайдилар.  Зарбулмасалдан мақсад кишилар қалбини синаш, уларни имтиҳон қилишдир.  Одамлар эса, бундай зарбулмасалдан кейин икки хил муносабатда бўладилар:

  1. Иймон келтирганлар зарбулмасалдан ибрат ва ваъз-насиҳат оладилар, Аллоҳнинг  қудратига яна бир бор қойил қоладилар. Зарбулмасал Роббиларидан келганини, унинг ҳақлигини биладилар, иймонлари янада зиёда бўлади.
  2. Куфр келтирганлар эса, Аллоҳнинг нуридан, иймондан бебаҳра бўлганликлари учун, бу улкан ҳақиқатни англаб-тушуниб етмайдилар” дейилади.

             Аллоҳ таолонинг барча ишларида ҳикмат мужассам, бирортасида зарар йўқ. Ҳатто баъзи бир зараркунанда махлуқотларнинг керакли эканлиги бизга номаълумдек бўлсада, келгусида  эса уларнинг  керакли эканлиги аниқ бўлади.
Аллоҳ таолодан иймонимиз нурларини зиёда бўлишини ва барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилишини сўраб қоламиз.

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими.

Read 1966 times

Мақолалар

Top