Мақолалар

Улуғлар наздида тил тарбияси

Инсон учун беҳисоб неъматлар ичида "тил" деган улуғ неъмат ҳам берилган. Барча аъзолардан биттадан гуноҳ содир бўлса, тилдан бир нечта гуноҳлар, яъни ғийбат, ёлғон, чақимчилик, ёлғон қасам, туҳмат, манманлик, ҳақорат, беҳаё сўзларни сўзлаш ва ҳоказо... чиқади. Тилни сақлаш ҳақида жуда кўп оят, ҳадислар келган. Тил ҳақида келган ояту ҳадисларнинг ижросини ҳар ким ҳам таъминлай олмайди. Бу борада улуғларимиз бизга ўрнак бўлганлар.

Улуғ олим, эшон, мударрис, мутасаввиф, ҳаттот, ҳофизу Қуръон, Қори Абдураҳим: Мадиёр Қурбоновдан кейин Бухоро шаҳар "Тагбандбофон" масжидида мутаваллий вазифасида бир неча йил ишлаганлар. У кишидан сўнг бу ишни ўғиллари, устоз Абдулбосит домланинг оталари, Абдуссамад Раҳимов давом эттирганлар. Биз талабалик давримизда Абдуссамад домло оталари қори Абдураҳим ҳақларида сўзлаб, "отамиз ҳар ойнинг охирида масжиднинг ҳадия қуттиларини очиб, тушган пулларни санаб, банкка топширар эдилар. Пулни санаганда Ўзбек тилида, "бир, икки, уч... етмиш саккиз, етмиш тўққиз, ҳаштод, ҳаштоди як, ҳаштоду ду...ҳаштоду нў, тўқсон, тўқсон бир, тўқсон икки", деб, етмиш тўққиздан тўқсонгача бўлган оралиғни тожик тилида санар эканлар. "Нега бундай санайсиз"?, деб савол берсалар, "саксан” дегани ўзбек тилида рақамни англатсада, тожик тилида “итсан” (кучуксан) деганидир. Қўпол сўзга ўхшаб қолгани учун, Аллоҳдан шарм қилиб, ўша жойини тожик тилида санайман", дер эканлар.
Қойил нақадар фасоҳат ва балоғатли тил. Аллоҳ у зотни раҳмат қилсин.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Одам фарзанди эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: "Орамизда сен Аллоҳдан (кўпроқ) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб қоламиз", дейди", дедилар. (Термизий ривояти).

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни қўли билан тилини чўзаётганини кўриб қолди ва:
- Эй Расулуллоҳнинг халифаси, нима қилаяпсиз?!- деди.
Шунда Абу Бакр Сиддиқ:
- Бу мени кўп ҳалокатли жойларга етаклайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Жасадда Аллоҳга шикоят қилмайдиган бирорта аъзо йўқ. Шулардан энг ғазабнок ва ўткири тилдир", деганларини эшитганман, дедилар.
(Абу Дунё ривояти).

Ҳазрат Хўжа Али Ромитаний айтадилар: "Тилни Худо яратди, оғизга зиндон қилди, ҳамда ўттиз иккита соқчини қўйди".

Саъдий Шерозий айтадилар:

Кимки, андишасиз сўзласа жавоб,
Сўзи эътиборсиз, чекар изтироб.
Ё ўйлаб сўзлагил инсон мисоли,
Ё жим туравер ҳайвон мисоли.
(Бўстон китобидан).

Аллоҳ Таоло мўминларни сифатлаб: "Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар", дейди. (Мўминун сураси 3-оят).

Бесуяк тилни тарбиялаш учун улуғларимиз турли хил тарбия услубларини қўллаганлар. Абу Бакр Сиддиқ р.а. беҳуда гап гапирмаслик учун оғизларига тош солиб юрар эканлар.
Ҳар бир мўмин тилини чиройли услуб билан тарбияламоқлиги даркор, чунки инсонни жаннатга ҳам дўзахга ҳам киришига кўпинча тили сабаб бўлади.
Аллоҳ тилларимизни фасоҳатли қилсин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжиди имоми М. Исоев.

Read 2161 times

Мақолалар

Top