Мақолалар

Аллоҳ таолонинг бандага муҳаббати аломати

Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ таоло сени яхши кўришини, сени афзал қилганини англаб етасан. Зеро, Аллоҳ таоло сенга Ўзига ибодат қилишинг учун куч-қувват ато этди. Намозда: "Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина ёрдам сўраймиз" дейишга муваффақ этди.

Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сени яхши кўришини, сени мукаррам этганини тушуниб етасан. Дунёнинг беҳисоб турли неъматларини ато этди, осмону ердан ризқингни берди.

Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сенга офият неъматини берганини, Унинг неъматлари сенга доимий равишда келаётганини гувоҳи бўласан.

Бу нимани англатади? Бу Аллоҳ таоло сени яхши кўришини билдиради. Ҳа, Аллоҳ ҳаққи, Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зот Аллоҳга қасамки, Албатта Аллоҳ сизни яхши кўради.

Бизни яхши кўради, зеро, Ўз раҳмати ила бизга Ўзини танитди.

Бизни яхши кўради, ахир Ўз фазли билан ибодатида бизни қоим этди.

Бизни яхши кўради, Ўзига сажда қилишимизни насиб этди-ку...

Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўришини англаб етсангиз, эй азиз биродарим, ахир Аллоҳ таолонинг муҳаббатига жавобан муҳаббат билан жавоб беришингиз керак эмасми?

Нима учун муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтармайсиз?

Бизнинг қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиши керак. Агар сизнинг қалбингиз Аллоҳнинг муҳаббатига лиммо-лим бўлса, қалбингиздаги барча зулуматлар йўқолади. Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг бандаларига қараб, уларнинг ҳар бири сиздан афзал эканини англаб етасиз. Ҳатто улар бугун сиздан яхши бўлмасалар-да, эртага сиздан кўра яхши бўлишлари мумкинлигига ишонасиз.

 

Доктор, шайх, шаҳид Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг маърузаларидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Read 2343 times

Мақолалар

Top