Мақолалар

Фаровон ҳаётнинг қадрига етиш

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган қарийб ўттиз йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бир-бирига уланиб кетмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Шерзод Рахимов,
Уйчи тумании«Хизробод» жоме
масжиди имом-хатиби
манбаалар асосида тайёрлади

Read 1821 times

Мақолалар

Top