Мақолалар

Хабарчи қушни биласизми?

Қадимда хабарни бир мамлакатдан бошқа мамлакатга чопарлар олиб боришган.  Ўз даврида чопарлар хар хил турдаги хабар ва маълумотларни от, туя каби уловлар орқали амалга оширганлар.  Кейинчалик техника ривожланиш натижасида поезд, машина, самолётлар орқали инсонларга хабарлар етказилган. Орадан вақт ўтиб хабарлар телефонлар, телеграммалар орқали инсонларга етказилди.

Ҳозирги кунларда интернет орқали янгидан янги хабарлар тез ва осон етказилмоқда. Зеро, интернет инсонларга бутун дунё бўйлаб хабар ва маълумотларни етказиш учун яратилган. Буни интернет деган сўзнинг маъносидан билиб олиш ҳам мумкин. Интернет сўзи аслида хорижий сўзларнинг қисқартма шаклидан ясалган бўлиб, у “халқаро хабарлар тўри ёки халқаро маълумотлар тўри“, деган маънони англатади.

Қадимда хабарлар қушлар орқали етказилган ва олинган. Қадимда хабарчи қушлардан бири ҳудҳуд ҳисобланади.

Ҳудҳуд қандай қуш?

Ҳудҳуд қушнинг арабча номидир. Унинг ўзбекча атамаси попишак, сассиқпопушакдир. Бу ҳақда “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Ҳудҳуд (арабча)- попишак, сассиқ попушак ” дейилади.

Маълумотларга қараганда, Ҳуд-ҳуд-Кўкқарғасимонлар туркумига мансуб қуш. У мамлакатимизнинг дашт, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида учрайди.  Бошида тожи (попуги) бор бўлиб, пати оқ-қора йўл-йўл, сарғиш жигар ранг бўлади.

Ҳудҳуд қушининг хабарчи эканлиги ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “У (Сулаймон пайғамбар) қушларни кўздан кечириб: “ Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман. Балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?!  Албатта,  уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки менга узрини баён қилиб аниқ ҳужжат келтирур” деди. Сўнг узоқ вақт қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабо шаҳридан ишончли хабар келтирдим”  (Намл сураси, 20-22-оятлар).

Ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссалмо ёзган мактубларини Сабо шаҳрига элтади. Мактубда ёзилганлар тўғрисида Қуръони каримда: (Ҳудҳуд мактубни олиб келиб малика Билқис олдига ташлагач) у деди: «(Эй, зодагонлар!) Ҳақиқатан менга шарафли бир мактуб ташланди. Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактуб-да): «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар Менга катталик қилмай ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!» (деб ёзилган)  (Намл сураси, 29-31-оятлар) дейилади. Сулаймон пайғамбарнинг бу хабарини Ҳудҳуд бир зумда Сабо мамлакатининг маликаси Билқисга етказади. Ҳудҳуднинг Сулаймон пайғамбар хабарини етказиши бугунги кундаги интернет ёки телефондан “смс” ташлашга қиёс қилиш мумкин. 

Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Read 2284 times

Мақолалар

Top