Мақолалар

Мусҳафи Усмон ва Лангар Қуръони: қай бири қадимийроқ?

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони карим оятлари матни ҳижрий 10 (милодий 632) йилда тўла мукаммал бўлди. Ўша пайтда нозил бўлган сура ва оятлар турли ашёларга кўчирилиб, тартибланмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хоналарида бир жойга жамланган эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида, яъни ҳижрий 11-13 йиллари Қуръон карим оятларининг ўрама шаклдаги бир нусхасини кўчиришга қарор қилинди. Бу шарафли вазифа йигирма ёшли саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собитга юкланди. Зайд ибн Собит мадиналик ансорийлардан эди. Ўн бир ёшида имонга келиб, ҳамиша Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида юриб, дуоларидан баракот топди. Қатор тилларни ўрганиб, илму ҳикмат соҳиби бўлиб етишди. Мадина шаҳрида Куръон қироати қоидалари, шариат аҳкомлари ва мерос тақсимоти масалаларида беназир зот эди. Зайд ибн Собит Абу Бакр Сиддиқ топшириғи билан оятларни ўрам-ўрам териларга биринчи бўлиб кўчирган, кейинчалик Мусҳафи Усмонни кўчириш ишларига ҳам бош-қош бўлган.

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонига келиб Ислом динимиз шарқда Хитойгача, ғарбда Андалусия (Испания)гача етиб борди. Ҳижрий 13-24 йиллар оралиғида Ислом давлати ҳудуди ниҳоятда кенгайди. Араблардан ташқари Ажам ўлкаларидаги халқлар ҳам Ислом билан шарафланишди. Бу эса Қуръони каримнинг ягона қурайш лаҳжасидаги “андоза расмихат имлодаги” (эталон) нусхасини кўчириш заруратини юзага келтирди.

Бу тарихий иш учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларига тўғри келди. Ҳижрий 25 йили асҳоби киромдан катта бир гуруҳ назорати остида, дақиқ текширувлар натижасида Қуръони каримнинг ягона андоза нусхаси кўчириб ёзилди. Тери саҳифаларнинг иккала юзасига ҳам матн ёзилиб, барча саҳифалар муқова орасига олинди. Қуръони каримнинг китоб шаклидаги бу нусхасига “Мусҳафи Имом” деб ном берилди. Тери варақларга ёзилган Қуръон нусхасининг энг биринчи намунаси ҳазрати Усмонга нисбат берилиб, “Мусҳафи Усмон” атала бошлади.

Хаттотлар ана шу мусҳафдан бир неча нусха кўчириб, Ислом етиб борган турли ўлкаларга юборилган. Бугунги кунда Ҳазрати Усмон мусҳафларидан нодир бир нусха Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмокда.Лангар Қуръони эса милодий саккизинчи асрда номаълум бир хаттот томонидан кўчирилган нусха бўлиб, у қайси саҳоба кўчириб ёзганини айтишга илмий асослар йўқ. Бу нусхада тўлиқ бўлмаса-да, ҳамма ҳарфларнинг нуқта-белгилари қўйилган. Нусха Кашқадарё вилоятининг Лангар қишлоғида сақланиб келингани учун “Лангар Куръони” номи билан машҳур бўлган. Унинг 16 варағи Ўзбекистонда, 82 варағи Санкт-Петербургда сақланмоқда. Доктор Ефим Резван Петербургда Лангар Куръони варақларининг мажмуасини рангли китоб ҳолида нашр эттирган. Бу нашрнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳам бир нусхаси мавжуд.

Мазкур мусҳафларнинг Марказий Осиёга келтирилгани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар марҳум устоз Шайх Исмоил махдумнинг “Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи” асарида келтирилган. Мазкур китобда соҳибқирон Амир Темур ва аллома Абу Бакр Қаффол Шоший Мусҳафнинг юртимизга келишига алоқадор экани кўрсатилади. Лекин Мусҳафни айнан ким олиб келгани ҳамон жумбоқлигича қолмокда. Бизнингча, Мусҳафни ҳижрий 54 йили Самарқандга муҳожир бўлиб келган Усмон ибн Аффоннинг ўғли Холид ибн Усмон олиб келган, деган фикр илмий асосга эга. Самарқанддаги Хожа Абду Дарун мақбараси айнан Холид ибн Усмонга мансуб меъморий ёдгорликдир.

 

Фотима Ҳабибуллоҳ қизи Ҳақбердиева

Read 2383 times

Мақолалар

Top