Мақолалар

Гвинея – мусулмонлар диёри

Гвинея, расман Гвинея Республикаси, Ғарбий Африкадаги қирғоқ бўйи давлатларидан бири. Илгари Франция Гвинеяси номи остида танилган бу замонавий мамлакат баъзан уни Гвинея-Бисау ва Экваториал Гвинея сингари номида «Гвинея» сўзи бўлган бошқа мамлакатлардан ажратиш учун Гвинея-Конакри деб номланади.

Пул бирлиги — Гвинея франки.

Гвинея 13,4 миллион аҳолига эга, майдони 245857 км². Гвинеянинг расмий тили - француз тили. Гвинея ўзига хос географик хусусиятларга эга тўртта табиий минтақа, ўттиз учта префектура ҳамда саккизта маъмурий ҳудудга бўлинган. Пойтахти — Конакри, энг йирик шаҳар ва мамлакатнинг иқтисодий маркази ҳисобланади. Жанубий Гвинеядаги Гвинея ўрмон минтақасида жойлашган Нзерекоре иккинчи йирик шаҳардир. Мамлакатнинг 100 мингдан ортиқ аҳолиси бўлган бошқа йирик шаҳарлар қаторига Канкан, Киндия, Лабе, Геккеду, Боке, Мамоу ва Киссидугулар киради. 1667864 аҳолиси бўлган пойтахт Конакри махсус зона сифатида таснифланади.

Қисқача тарихи

Қадимда Гвинея Ғарбий Африка йирик империяларининг чекка ҳудудида жойлашган эди. Гана империяси уларнинг ичида энг қадимгиси бўлиб, асосан савдо-сотиқ орқали ривожланган, кейинчалик Алморавидларнинг таъсири остида қисқариб, охир-оқибат қулаган. Айнан шу даврда Ислом дини минтақага кириб келган. Ғарбий Африкадаги йирик империялар қулагандан сўнг, ҳозирги Гвинея ҳудудида турли хил шоҳликлар пайдо бўлди. Фулани мусулмонлари Марказий Гвинеядаги Фута-Жаллонга кўчиб ўтиб, 1735 йилдан 1898 йилгача ўзининг ёзма конституциясига эга бўлган Ислом давлатини бошқардилар. Қул савдоси Гвинеянинг қирғоқ минтақасига XVI асрда европаликлар билан кириб келган.

Гвинея мустамлакачилик даври XIX аср ўрталарида Франция ҳарбийларининг бу ҳудудга кириб келиши билан бошланди. Франция ҳукмронлиги 1898 йилга келиб бутун Гвинея ҳамда унга қўшни бўлган ҳудудларни қамраб олди. 1958 йилда Тўртинчи Франция Республикаси қулаганидан сўнг, французлар жуда тез фурсатда мамлакатни тарк этишди ҳамда 1958 йил 2 октябрда Гвинея ўзини суверен ва мустақил республика деб эълон қилди. Сеноу Туре президент этиб сайланди.

Давлат тузуми

Давлат тузуми – республика. Президент тўғридан-тўғри халқ томонидан сайланади ва давлат ҳамда ҳукумат бошлиғи ҳисобланади. Бир палатали Миллий Мажлис мамлакат қонун чиқарувчи органи бўлиб, унинг аъзолари бевосита халқ томонидан сайланади. Суд тизимига Гвинея Олий суди раҳбарлик қилади.

Гвинея кўплаб халқаро ташкилотларнинг, шу жумладан, Африка Иттифоқи, Француз тилида сўзлашувчи ҳамжамиятлар агентлиги, Африка тараққиёт банки, Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро Валюта Жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзосидир. Гвинея табиий бойликларига қарамай, дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ҳисобланади.

Гвинеядаги саводхонлик кўрсаткичи даражаси дунёдаги энг пастларидан бири. 2010 йилда бу кўрсатгич ёши катталар ўртасида атиги 41 фоизни ташкил қилган. Бошланғич мажбурий таълим атиги 6 йил, аммо кўпчилик болалар ҳатто шу муддат давомида ҳам мактабга тўлиқ қатнашмайди.

Пойтахт Конакрида электр энергияси кунига атиги бир неча соат берилади — эрта тонгда ва кечқурун. Бошқа шаҳарларда эса электр энергияси ярим йил давомида ҳам узиб қўйилиши мумкин – бу асосан ёмғирли мавсум бошлангунга қадар ҳамда гидроэнергетика режаси ишлай бошлаганда.

Рейтер агентлигининг маълумотларига кўра, CinalCo корпорацияси вакиллари (Хитой) Гвинея ҳукумати аъзоларига мурожаатида улар бутун Симанду темир рудаси конини сотиб олишни таклиф қилган. Айнан шу кон мутахассислар томонидан ҳали ўзлаштирилмаган дунёдаги энг катта темир конлардан бири сифатида тан олинган. Симандуда маъданнинг энг юқори сифатини таъкидлаш жоизки, у пўлат эритиш ва ундан юқори сифатли зангламайдиган доиралар, тўсинлар, арматура, каналлар ва бошқаларни ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин.

CinalCo мутасаддилари 20 млрд доллардан ортиқ жуда катта лойиҳани амалга оширишга қодир эканликларини эълон қилган. Ушбу лойиҳа 1997 йилда бошланган бўлиб, унинг ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 миллион тонна хом ашё сифатида баҳоланмоқда.

Аммо матбуот хитойликлар давлат раҳбариятидан Гвинеянинг амалдаги қонунлари доирасида бериб бўлмайдиган имтиёзларни талаб қилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ҳозирча CinalCo 4 та участкадан 2 тасига эгалик қилади, аммо қолган 2 тасига ҳам эгалик ҳуқуқини қўлга киритмоқчи ва мамлакат қонунлари талаб қилган тендерни четлаб ўтмоқчи. Ҳозир BSGR (Исроил) ва Гвинея ҳукумати ўртасида ушбу 2 кон учун суд жараёни ўтказилмоқда. BSGR бир вақтнинг ўзида ушбу лойиҳанинг 51% акцияларини сотиб олган эди, аммо кейинчалик уларни Vale (Бразилия) га қайта сотишди. Бироқ, BSGR коррупцияда айбланиб тергов қилинмоқда.

Расмийлар CinalCo билан алоқада бўлганликларини инкор этмайди, аммо улар музокара жараёни натижалари бўйича қарор қабул қилишларини ва бу иккала томон учун ҳам фойдали бўлиши кераклигини эълон қилишмоқда.

Дин

Гвинея аҳолисининг тахминан 85 фоизини мусулмонлар, 8 фоизини христианлар ташкил этади. 7 фоизи маҳаллий динларга эътиқод қилади.
Гвинея мусулмонларининг аксарияти ақидада Аҳли сунна вал жамоа, фиқҳда Моликий мазҳабига амал қилишади. Гвинеяда шиа жамоати ҳам мавжуд.
Ислом динининг Гвинеяга тарқалиши Арабистон ярим оролининг бевосита ўзидан амалга ошган. Мали империясининг ўнинчи ҳукмдори Мусо I (тахминан 1280 - тахминан 1337) исломни давлат динига айлантирган.

Гвинеянинг тоғли ҳудуди бўлган Фоута-Джаллон XVII аср охирларидан бошлаб исломнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келган. Алмами сулоласи томонидан бошқарилган Фута Жаллон ислом давлати 1725 йил атрофида ташкил этилган. 1891 йилда Франция мустамлакаси қарор топганига қарамай, ислом динининг ривожланиши тўхтаб қолмади.

1958 йилда Гвинея мустақилликка эришгандан сўнг, унинг марксист биринчи президенти Аҳмед Секу Туре Исломнинг таъсирини камайтиришга ҳаракат қилди, аммо ҳаракатлари самарасиз якунлангач, 1970 йилларда у «ўз ҳукмронлигини қонунийлаштириш учун мусулмон муассасаларини бирлаштириш» йўлида иш бошлади. Туре Саудия қироли Фаҳд томонидан молиявий рағбатлантирилиб, пойтахт Конакри шаҳрида Буюк масжидни қурдирди. Масжид 1982 йилда очилди. Бу Ғарбий Африкадаги энг катта масжид бўлиб, унинг ички зали 10000 намозхонни сиғдира олади.

Мажбурий таълим дастури диншуносликни ўз ичига олмайди, аммо бутун мамлакат бўйлаб, хусусан Фоута Джаллонда кўплаб ислом мактаблари мавжуд. Баъзи мадрасалар Саудия Арабистони, Қувайт ва Форс кўрфазининг бошқа давлатлари томонидан молиявий қўллаб-қувватланади.

Конакри жоме масжиди

Конакри жоме масжиди - Гвинеянинг Конакри шаҳридаги масжид бўлиб, Конакри ботаника боғининг шарқида, Донка касалхонаси ёнида жойлашган. Масжид Саудия Арабистони Подшоҳи Фаҳднинг маблағлари ҳисобига Аҳмед Секоу Туре назорати остида қурилган. У 1982 йилда очилган. Бу Африкадаги тўртинчи ва Саҳрои Кабирдаги энг катта масжиддир. Масжидда аёллар учун юқори қаватда 2500 та, эркаклар учун эса 10000 та ўрин мавжуд. Масжиднинг катта ҳовлиси қўшимча 12500 намозхонни сиғдира олади. Масжиднинг боғида Камаянне мақбараси, жумладан миллий қаҳрамон Самори Туре, Секу Туре ва Альфа Яйа қабрлари жойлашган.
2003 йилда Саудия Арабистони Қироллиги томонидан 20 миллиард Гвиана франки миқдорида хайрия қилинганига қарамай, бугунги кунда масжид техник таъминот, сув ва электр таъминотининг етишмаслигидан азият чекмоқда.

Канкан масжиди

1690 йилда Диафун (Мали)дан кўчиб келган Довуд Кааб томонидан асос солинган.

azon.uz

Read 2267 times

Мақолалар

Top