Мақолалар

Даврий нашрларда: Иймон калимасини айтиш вақти келди

Теятат Тажасин – профессор, Чанг Мэй университети (Таиланд) эмбриология ва анатомия кафедраси мудири, шу университетнинг тиббиёт факультети декани бўлган.

Таиландлик профессор Теятат Тажасин бир илмий кенгашда мусулмон олимлар билан ҳамсуҳбат бўлиб қолади. Суҳбат асносида уламолар баъзи бир Қуръон оятлари ва Тажасиннинг мутахассислигига бевосита алоқадор ҳадиси шарифларни ўқиб, маъноларини тушунтириб беришади ва бу борада унинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқишади. Профессор: «Буддизмнинг муқаддас китобларида ҳам эмбрионал ривожланиш босқичларини аниқ тавсифловчи қисмлар мавжуд», деб айтади. Шунда мусулмон уламолари: «Бу жуда ҳам ажойиб хабар бўлди. Биз ҳам ана шу маълумотлар билан танишсак», дейишади. Профессор Тажасин кейинги йил улар билан яна учрашиб, шу масалага ойдинлик киритишга ваъда беради.

Бир йил ўтгач, у Саудия Арабистонидаги қирол Абдул Азиз номидаги университетнинг тиббиёт талабаларидан имтиҳон олувчи сифатида ташриф буюрганида у билан аввал суҳбатлашган мусулмон уламолари ўтган йилги саволни эслатиб:

– Сиз билан бундан аввалги учрашувимизда Будда динига оид китобларда ҳомиланинг босқичлари аниқ тушунтириб берилгани ҳақида маълумотлар бор, деган эдингиз ва ана шу маълумотлар билан таништиришни ваъда қилган эдингиз, шуни бизга кўрсатсангиз? – дейишади.

– Кечирасизлар, мен худди шундай деган эдим, лекин яхшилаб ўрганиб айтмаган эканман, кейинчалик китобларни ўрганганимда бундай маълумотларни топа олмадим, – деб узр сўрайди профессор.

Уламолар профессорга канадалик машҳур доктор Кейт Мурнинг баъзи мақола ва илмий ишларини кўрсатишади. Булар орасида Кейт Мурнинг «Замонавий эмбриология Қуръон башоратлари ва Муҳаммад пайғамбарнинг сўзларига мос келади» деб номланган ёзма ҳисобот ҳам бор эди. «Сиз асар муаллифини танийсизми?» деган саволга профессор «Кейт Мур дунёга машҳур олимлардан бири. Уни, албатта, танийман», дейди. Ҳисобот билан танишар экан профессор Тажасин ҳайратини яшира олмади. Шунда суҳбатга гувоҳ бўлиб турган бир киши:

– Сизга ихтисослигингиз бўйича баъзи бир саволларни берсак бўладими? – деб сўрайди.

– Ҳа, албатта, – дейди Тажасин.

– Инсон териси ҳақида нима дейсиз? Масалан, тери куйиши қандай жараён?

– Агар куйиш кучли бўлса организмдаги оғриқни сезиш қобилияти йўқолади.

– 1400 йил муқаддам инсониятга туширилган Қуръон китобида ҳақни инкор қилганлар учун дўзахдаги жазо зикр этилгани сизга қизиқ бўлса керак. Чунки Қуръонда тери куйганда Аллоҳ гуноҳкорларга оғриқни ҳис этишлари учун янги тери бериши ҳақида эслатиб ўтилган. Яъни бу қуръоний башорат киши терисида асаб толалар борлиги ва улар куйганида оғриқ сезмаслигига далилдир.

Шундан кейин уламолар Қуръон Каримдаги қуйидаги оятни ўқиб беришади:

«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта дўзахга киритурмиз. Қачонки терилари пишиб етилганда, азобни тортишлари учун бошқа терига алмаштирурмиз. Албатта, Аллоҳ азиздир, ҳакимдир» (Нисо сураси, 56-оят).

– Мана шу оятлар 1400 йил илгари нозил бўлганлигига нима дейсиз?

– Мен ушбу оят маъноларига тўла қўшиламан. Ихтисослигимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, кимдир бир гуноҳи учун терисини куйдириш билан азобланадиган бўлса, Аллоҳ уни янги тери билан алмаштирар экан ва янгидан куйиб азоби яна ортар экан. Бу 1400 йил олдин маълум бўлиши мени ҳайратга солди.

Шундан кейин мусулмон олимлар унга Қуръондан бир нечта оят ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадисларини тақдим этишади ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маълумотларни бирор башарий манбадан олган бўлиши мумкинми, деб берилган саволга профессор қатъият билан:

– Йўқ, бу мумкин эмас! – деди. – Бугунги кунга келибгина маълум бўлган бу билимларни Муҳаммад алайҳиссалом инсониятга оид бирор манбадан олиши имконсиздир.

– Аммо мен сизга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билимларни қаердан олганликларини айтмоқчиман. Қудратли Аллоҳ Ўз Расулини бу билимлардан бохабар қилди.

– Аллоҳ дегани ким? – ажабланди профессор Тажасин.

– Аллоҳ – бутун борлиқнинг яратувчиси. Агар сиз атрофингизда доноликнинг гувоҳи бўлсангиз, демак, бу Ҳакийм исмли Аллоҳнинг зотидир. Агар сиз ҳаётда яратувчилик билан боғлиқ воқеликни кўрсангиз, демак, бу Холиқ Аллоҳнинг яратишидир. Раҳм-шафқат, меҳрибонлик эса Аллоҳнинг Раҳим ва Роҳман исмининг иникоси. Хуллас, бир сўз билан айтганда, сиз гувоҳи бўлиб турган дунёдаги бенуқсон тартиб ва уйғунлик сизга ягона, Буюк Яратувчининг борлигини кўрсатади.

Жаноб Тажасин бу гапларни тасдиқлади, юртига қайтиб боргач, бу мавзуда бир қанча маърузалар қилди. Шундан кейин унинг бешта шогирди Исломни қабул қилди. Ниҳоят, Теятат Тажасиннинг ҳаётини тубдан буриб юборган Риёзда ўтказиладиган VIII тиббиёт бўйича анжуман вақти келди. Мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган илмий ходимлар 4 кун давомида катта залда «Қуръоннинг илмий мўъжизаси ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари» мавзусидаги маърузаларни тинглашди. Анжуман охирида сўзга чиққан профессор Тажасин бундай деди:

«Мен охирги уч йил ичида Қуръонга қизиқиб қолдим. Ўзимнинг шахсий тадқиқотларимга ва шу конференцияда эшитганларимга асосланган ҳолда, мен 14 аср илгари Қуръонда нима ёзилган бўлса барчаси ҳақиқатга тўғри келиши ва илмий асослар билан исботлананишига ишонаман. Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам на ўқишни, на ёзишни ўрганган, бу унинг элчи эканига далолат қилади. Ўзини Яратувчи деб аташга ҳақли Зот унга бу очиқ ойдин ҳақиқатни етказган, бу Яратувчи эса Аллоҳдан бошқаси эмас. Шундай экан, мен ўйлайманки бу сўзни айтиш вақти келди: «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ».

Сўзим сўнгида ташкилотчиларга бу анжуманни юқори савияда ва ўта муваффақиятли ўтказганлари учун миннатдорчилик билдираман. Анжуман менга илмий ва диний тарафдан фойдали бўлиш билан бирга менга машҳур олимлар билан учрашишга имкон берди, янги дўстлар ортирдим. Мен учун бу ерга келиб эришганим энг қимматли нарса «Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг расулидир» деган калима бўлди ва яна бир ҳақиқат мен мусулмон бўлдим».

«Ҳилол» журналининг 3(24) сонидан

Read 1852 times
Tagged under

Мақолалар

Top