Мақолалар

ОРЗИҚИБ КУТИЛГАН ОЙЛАР СУЛТОНИ, МАРҲАБО!

Муносабат

 

Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ззгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдек эзгу амаллар сўнгги йилларда янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъмо-мазмун касб этиб бормоқда. Ана шу қадриятлар Рамазон ойида яққол намоён бўлади.

Рамазон ойи халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Бу ойни юртдошларимиз интиқлик билан, орзиқиб кутиб, муносиб ўтказишади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу ойда бир ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: “Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади” (Имом Табароний ривояти).

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрида”ги Қарори матбуотда эълон қилингани барча мўмин-мусулмон юртдошларимиз сингари бизни ҳам беҳад қувонтирди.

Яна бир ҳолатни эслаб ўтиш янада кўпроқ шукр қилишимизга туртки бўлса, ажаб эмас. Авваллари Тошкент шаҳрида бармоқ билан санарли масжидларда Қуръони карим хатм қилинар, қорилар Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатлардан таклиф этилар эди. “Биров билмасин”, дея уч кунда Қуръони карим ўқиб тугатилар эди.

Ҳозир юртимизда 2085 та масжид фаолият юритаётган бўлса, бу йил шулардан 1367 тасида Қуръони карим хатм қилинади. Мустабид тузумдагидек, “уч кунда хатм қилиб, ҳеч ким билмасин” учун эмас, балки халқимиз, айниқса, ёши улуғ инсонлар қийналмаслиги, Қуръони карим тиловатидан завқ олишлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан хатми Қуръонлар 27 кундан кам муддатда ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди.

Тошкент шаҳридаги 114 та жоме масжиднинг барчасида 27 кун давомида мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг каломини сел бўлиб тинглашади, иншоаллоҳ. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилди. Масжидларимиз Рамазонга шай ҳолатга келтирилди.

Ўтган йили коронавирус инфекцияси туфайли масжидларда таровеҳ намозларини ўқий олмаганимиз, Қуръони каримни хатм қила олмаганимиз туфайли бу йил Рамазонни ўзгача соғиндик, интиқ билан кутдик. Аллоҳга беадад шукр, яна эзгу анъаналаримиз давом этади: таровеҳларда, Қуръони карим хатмларидан сўнг барча масжидларимизда юртимизнинг янада равнақ топиши, халқимиз турмуши бундан-да фарвон бўлиши, жаннатмонанд юртимиз  гуллаб-яшнаши учун Яратганга илтижолар қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Рўзадорнинг дуоси то ифторлик қилгунича асло рад этилмайди”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: мустабид тузум даврида Рамазон ойини муносиб кутиб олиш у ёқда турсин, ҳатто рўза ҳам яшириб тутилар эди. Лекин, шунга қарамай, халқимиз имонидан айрилмаган. Собиқ тузум мусулмонлар бошида қон томиб турган қамчисини ўйнатган бўлса-да, мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг қарзини адо этишган. Бир таниш отахон ўша пайтларда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганини, айнан Рамазон ойида рўзадорларни “текшириш учун келган” комиссия аъзолари кўз ўнгида писта чақиб, мағзини ютмасдан, тупуриб ташлаганини ҳалигача айтиб юради.

Бугун биз қанча шукр қилсак – кам. Чунончи, ҳар йили Рамазон ойи ҳамда иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байралари арафасида муҳтарам Юртбошимизнинг махсус қарори қабул қилиниши динимизга, маънавий-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги бир инъикосидир.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йили пандемия туфайли масжидларимиз фаолият юритмади. Бу йил, Аллоҳга шукр, масжидларимиз очиқ. Таровеҳ намозларини карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқишимиз шарт. Шу билан бирга, ёши улуғ отахонлар, сурункали хасталиги бор кишилар ўзларини эҳтиёт қилишлари, таровеҳларни уйларида ўқишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Улар мунтазам равишда тиббий назоратдан ўтииб туришлари тавсия этилади. Чунки ҳали бу хавф, яъни коронавирус балоси тўлиқ чекингани, бутунлай бартараф этилгани йўқ.

Яна бир муҳим жиҳат. Айрим кишилар ифторлик қилишда дабдабага берилиб, исрофгарчиликларга йўл қўйиши кузатилади. Қорни очлар, яъни эҳтиёжманд кишилар бир четда қолиб, қорни тўқлар ифторликларга таклиф этилади. Бу ҳам динимизга мутлақо хилоф ишдир. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”, деганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий ҳам: “Ўт иши – қовурмоқ, ел иши – совурмоқ”, деб, исроф қилувчиларни қаттиқ танқид этган.

Бунинг ўрнига Рамазонда қилинадиган хайрли ишларга кўплаб савоблар берилишидан унумли фойдаланиб, бойлар чақириладиган ифторликларга сарфланадиган харажатлар ўрнига етим-есирлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга кўмак бериш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган “қўли калта” талабаларнинг ўқув-шартнома пулларини тўлашга кўмаклашиш, дори-дармон ололмаётган беморларга ёрдам беришнинг савоби жуда улуғ.

Бу эзгу ишлар Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган қиёмат куни Арш соясига олинувчи етти тоифанинг олтинчисига, яъни ўнг қўли берган садақани чап қўли сезмайдиган кишиларга жуда мос тушади.

Бундай хайрли ишларни қилиш мазкур қарорда ҳам алоҳида таъкидланган.

Мухтасар айтганда, орзиқиб кутилган Рамазон ойи ташриф буюрмоқда. Бу ой савоб, ажр жиҳатидан,  йилларга, минг ойларга татийди. Шундай экан, ҳар биримиз Рамазонни ғанимат билиб, кўнгиллар эриган, қалблар юмшаган дамларда Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуою илтижолар қилишимиз керак.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1693 times

Мақолалар

Top