Мақолалар

Толиби илмларга инфоқ-эҳсон қилишнинг фазилатлари

Тоййиба университети доктори, фазилатли шайх Муҳаммад ал-Амсамий "Олим ўқитувчи ва илм олишга ўзини бағишлаган талабага иқтисодий кафиллик қилишнинг фазилати" номли илмий мақола ёзган. Аввало, эътиборингизга унинг таржимасини ҳавола этамиз:

"Ҳалол касб қилишга энг иқтидорли кишилар толиби илмлардир. Чунки улар тадбиркорлик борасида юксак маҳорат, етарли тушунча ва йўналишга эгадир. Бунга биринчи ёрқин мисол Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан олдинги улкан даромад келтирган бир неча тижоратлари ҳамда у зот алайҳиссаломнинг тижорат билан шуғулланган саҳобаларининг фаолиятларидир. Шуникдек, улардан қайси бирлари қандай иш билан шуғулланган бўлсалар, албатта, унинг уддасидан чиққанлар. Бунга Ислом тарихи тирик гувоҳдир.

  1. Аллоҳ таоло толиби илмлардан шундай буюк ишларни талаб қилганки, у ишлар талабаларни фақат ўзининг тор доирали шахсий манфаатини ўйлашдан воз кечишга, оқибати таҳсинга сазовор, наф келтирувчи ишларни яхши кўришга ундаган ва бу умумманфаатли, доимо бутун уммат ҳамда келажак авлодларнинг асосий эҳтиёжи бўлган ишларга ўзларини тўлалигича бағишлашга даъват қилиб, уларни дунёдан рағбатларини сўндириб, иймон ҳаловати таъмини тоттириб, имкон қадар, дунёга боғланиб қолмай, уни ташвишини камайтириш, дунё матоларидан зарурий эҳтиёж бўлган нарсаларни олиш билан кифояланишга ўргатди.
  2. Уларнинг таълим-тарбиявий ҳамда илмий ишлари қалбни –дунё ташвишлари-ю, унинг ортидан касб қиламан, мол-мулк йиғаман, банкда сақлайман каби – барча чалғитувчи фикрлардан, дунёда ўз мустақил ғояси бор кишининг шу фойдали ғоясини амалга ошириб, қисқа умрини яхшиликлар билан тўлдириши учун асосий сармояси бўлмиш олтиндан қиммат вақтини ўғирловчи ишлардан  холи бўлишини талаб қилади.
  3. Қолаверса, улар ризқнинг йўллари кўп эканини, дунёга ўзини уриш ҳам ўшалардан бир торгина йўл эканини биладилар. Шунинг учун улар тўғридан-тўғри ризқ берувчи Розиқ зотнинг ўзига итоат қилишга ҳамда Аллоҳнинг қарамоғидаги боқимандалари бўлмиш халқнинг манфаати учун ишлашга юзланганлар. Энг яхши одам бу – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг боқимандаларига манфаат етказувчи киши! Нима дейсиз? Аллоҳга итоат ва халқига манфаат етказишга юзланган кишини Аллоҳ қаровсиз қолдириб, зое қиладими?!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликдан илгари чўпонлик қилиб, қўй боққанлар, сўнг тижоратчилик қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг баракали ва энг кўп фойда кўрувчи савдогарлардан бирлари ҳамда энг ваъдасига вафодор, омонатдор бўлганлар. Бу эса фойда кўришни хоҳловчи савдогарларда бўлиши керак бўлган энг муҳим шартлардир. Мўминлар онаси Хадижа разияллоҳу анҳо У зот алайҳиссаломнинг буюк ва гўзал ахлоқларига таҳсин айтиб, бундай деган эдилар: "Йўқ, Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон Сизни Аллоҳ хор қилмагай! Чунки Сиз, силаи раҳм қиласиз(қавми-қариндошчилик алоқаларини боғлайсиз), ҳеч вақоси йўқ, жамиятга боқиманда-юк бўлган кишилар юкини кўтарасиз, йўқсилларга имконият яратиб берасиз, меҳмонга зиёфат-дастурхон ёзасиз, дунёни турли машаққат-синовларига учраганларга ёрдам берасиз" (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ишларнинг барчасини бажариш учун мол-мулк керак. Булар яхшилик йўлида инфоқ қилишнинг энг улуғ кўринишдагиси, энг муҳими ва энг манфаатлиларидир.     

Машаққат ва синовларга дучор бўлганларга ёрдам бериш...

Қайси хайр-эҳсон одамларга яхшиликни ўргатувчи-муаллим ва ўша яхшиликни ўрганувчи-талабани моддий таъминлашдан улуғроқ экан? Кафиллигига олган кишига бу каби юксак ахлоқий усуллар борасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганининг ўзи улкан шараф бўла олади. Энди унинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савоби ҳақида ҳар қанча гапирсангиз, шунча оздир!..     

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳридан Макка шаҳрига ҳижрат қилганларидан сўнг У зотнинг ҳузурларига келган барча саҳобалар толиби илм ҳисобланадилар. Уларни моддий таъминотига кафиллик қилиш эса, дунёдаги энг фазилатли, самара ва манфаати нақд, Охиратга энг яхши захира бўлувчи амаллардан биридир. Буни чуқурроқ англаш учун Исломнинг бошида "Суффа аҳли" - дея танилган қавмларнинг ҳаётига эътибор қаратамиз. Улар Исломнинг меҳмонлари, Мадинада уй-жойи, мол-мулки бўлмаган, ғариб-мусофир ва камбағал талабалардир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳам улардан бири бўлган. У зот "Аҳли суффалар" ҳақида бундай деганлар: "Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қисқа ва узоқ муддатлар мобайнида қорин тўйдириш эвазига бирга юрар эдилар. Масжидда юз ёки ундан озми-кўпроқми "Аҳли суффа"лар йиғилиб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлининг барчалари уларни иқтисодий таъминотини кафолатлашга масъул деб билар эдилар. Шунинг учун уйларидан уларга егулик ва ичимлик қидирар ҳамда саҳобаларидан ҳам талаб қилар, уларни одамлардан тиланиб юришга ҳаргиз ташлаб қўймас эдилар. Балки ўзлари намуна бўлганлари ҳолда одамларни бу ишга амал ва сўз билан далолат қилиб: "Ким фалончини кечки овқат билан таъминлайди? Ким уйига бир кишини олиб кетади? Ким икки кишини меҳмон қилади? Чунки бир кишилик овқат икки кишига ҳам кифоя қилади. Икки кишилик овқат уч кишига етади" – дер эдилар.

Абдур Раҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: "Кимнинг уйида тўрт кишига етгулик овқат бўлса, бешинчи ёки олтинчисини ўзи билан бирга олиб кетсин" – дердилар. Сўнг Абу Бакр уч кишини олиб кетдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишини олиб кетганлар" (Имом Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни фақат камбағаллиги учунгина қарамоғларига олганлар деб ўйлайсизми? Йўқ, улар ночор талабалар ҳам бўлганлар, тўғри йўл ва шаръий йўналишни ўрганиб, келажакда уни одамларга омонатдорлик ила етказиб, халқни тўғри йўлда бардавом бўлишига сабабчи зотлар ҳам бўлганлар.

Муҳаммад ибн Маслама разияллоҳу анҳунинг таклифларига қарайлик. Масжидда бу талаба(аҳли суффа)ларнинг сони кўпайиб кетгани ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ишларини зиммаларига олиб, одамларга қарата: "Яхшиликка далолат қилувчи ҳам уни қилувчиси кабидир" – деганларида у зотга раҳми келиб, "Бу меҳмонларни ансорларнинг уйларига тарқатиб юборинг! Биз ҳар бир уй бошига сизга бир бош хурмо ажратайлик, ҳузурингизга келувчи қавмларга озуқа бўлсин" – деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўғри айтдинг, майлин", дедилар. Унинг хурмоси пишгач, бир бошни олиб келиб, масжидга – икки устуннинг орасига – қўйди. Буни кўрган одамлар ҳам шундай қила бошладилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу бу ишга ташкилотчилик қилар эдилар...

Талабалари Қуръон ва Суннати мутаҳҳара, фиқҳ ва одоб нурларини тарқатувчи илм даргоҳларида таълим олиб турган жамият – турли камчилик ва нуқсон, бузуқ эътиқодлардан саломат жамият бўлиб, унда талаба ва олимларни моддий таъминоти бўйнига олиш, уларни эҳтиёжларини чиройли тарзда адо этишдек, савобу-фазилатли ишлар борасида ҳеч бир муаммо бўлиши мумкин эмас.

Бу масъулият биринчи бўлиб, уларнинг бадавлат ва имконияти кенг кишиларига сўнг жамият зиммасига умумий тарзда юкланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофир талабаларга яхши муносабатда бўлишга буюрганларида, уламолар толиби илмларни "Марҳабо" – деб, қучоқ очиб, кутиб олиб, уларга ўзларида бор илм-маърифатларни берсинлару, сўнг эвазига жамият олимларни ҳеч бир кафолату-таъминотсиз, қаровсиз, ғариб ҳолда ташлаб қўйишларини назарда тутганмилар? Нима дейсиз?

У ҳадиси шариф бутун вужудини мол-мулкига очкўзлик ҳисси эгаллаб олган, унинг воситаси ила яхшиликлар қилиш ёки фазилатли ишлар ила жамиятда ўзидан яхши хотиралар қолдиришни истамас баъзи кишилар тушунган – олимлар дарсини берсину, ҳеч қачон, ҳеч кимдан, ҳеч нарса кутмасин каби – муддаодан кўра кенгроқ маънони билдиради!

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Сизларнинг ҳузурингизга Машриқ томондан илм олиш учун кўплаб кишилар келадилар. Келганларида уларга яхшилик қилинглар".

Бу ҳадиснинг ровийси: "Абу Саиднинг ўзлари бизни кўрсалар: "Марҳабо, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишга буюрган зотлар, хуш келибсиз!" – дер эди" – деган. Бошқа бир ривоятда – ҳадис ровийси Абу Ҳорун Абдий бундай деган: "Биз Абу Саид ал-Худрийнинг ҳузурига борар эдик. У эса: "Марҳабо, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишга буюрган зотлар, хуш келибсиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта, одамлар (илмда) сизларга тобеъдурлар. Ер юзининг барча  қитъаларидан сизнинг ҳузурингизга одамлар динни чуқур ўрганиш учун келадилар. Келганларида уларга яхшилик қилинглар" – дея буюрганлар" – дер эди.

Олим ва таълим олувчи ажрда тенг шерик бўлишса, фаришталар уларнинг қилган ишларидан рози бўлганлари учун уларнинг оёқлари остига қанотларини тўшасалар, улар одамларга кўплаб манфаатлари теккани, уларга Аллоҳ ва пайғамбарларни, фаришталарни танитиб, ҳақ-ҳуқуқ ва ҳукмлар, ҳалол-ҳаромни ўргатганлари учун – уларнинг ҳақига ҳамма нарса, ҳатто денгиздаги китлар ҳам истиғфор айтсалар, бу яхшиликни ўрганувчи ва ўргатувчи ҳамда илмга чорловчиларни иқтисодий кафолатини бўйнига олган кишиларнинг – инша Аллоҳ – бу яхшилик, ажр-мукофот, савобдаги улуш-насибалари ҳам олиму-талабалардан кам бўлмайди. Балки улардан ортиқ бўлиши мумкин. Сабаб шуки, олим ва талабалар моддий томондан қарамоғига олувчи киши топа олмасалар, бу яхшиликдан узилиб қолиб, ундан буткул юз ўгиришлари ҳам мумкин. Натижада, илмсизлик ва ёмонлик омма халқни эгаллайди, ер юзида номақбул ишлар кенг тарқалади, оқибат халққа Аллоҳнинг қаҳру-ғазаби келур...

Фаразан, умматнинг бой кишилари орасида бу каби хайрли ишларни қилишни аҳамият қаратувчилар топилмаса, закот фақат фақирларга берилса, олимлар, тўғри йўлга чақирувчи ва талабалар вожиб закотдан маълум миқдорда берилувчи кишилар рўйхатининг энг бошида туришларида шубҳа йўқ!

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-укалар бор эди. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳузурларига келиб, илм ўрганар эди. Иккинчиси ҳунармандлик қилиб, кун кўришар эди. Шу ҳунарманд илм ўрганувчи биродари устидан (у ҳам ишласин-да, қачонгача мен ишлайвераман? – деб), Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Балки сенга унинг сабаби(баракаси)дан мўл ризқ берилаётгандир?!" – дедилар" (Имом Термизий ривояти).

 

Доктор Муҳаммад Ал-Амсамийнинг мақоласидан

"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли таржимаси

Read 2725 times
Tagged under

Мақолалар

Top