Мақолалар

Бир оят тафсири: Қуръон нозил бўлган ой

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг)саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

Аллоҳ таоло йил ойлари орасидан рамазон ойини мақтади, Қуръонни нозил қилиш учун ойлар ичидан уни ихтиёр қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар рамазон ойининг биринчи кечаси нозил бўлган, Таврот рамазон ойининг олтинчи куни, Инжил ўн учинчи куни нозил бўлган. Қуръони карим эса Қадр кечаси нозил қилинган” (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Вафот этадиган йилларида икки марта ўтказиб олганлар.

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойи кирса: “Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир”, деб айтардилар.

«...Одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир». Аллоҳ таоло Қуръонни унга имон келтирган, эргашган ва уни тасдиқлаган бандалар учун ҳидоят этиб, уни тушунадиганлар учун, очиқ-ойдин далил, ҳужжат қилиб, ҳақ ва ботилни, ҳаром ва ҳалолни ажратиб берувчи Фурқон этиб нозил қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мана бу Қуръон Аллоҳнинг одобномасидир. Унинг одобномасидан имконингиз борича ўрганинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг қатъий аҳди, ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Унга амал қилган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар, Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Имом Ҳоким ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори кироман котибинлар (яхши ва ёмон амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) билан (бир мақомда)дир. Қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар» (Бухорий, Муслим, «Сунан» соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло: “Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман, дейди” (Имом Термизий ривояти). Доримий ва Байҳақий ривоятида: “Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган энг афзал савобни бераман”, дейилган.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади”, деб айтганларини эшитганман» (Имом Муслим ва Имом Аҳмад).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади» (Имом Ҳоким).

“Ким рамазон ойида ҳозир бўлса”, яъни муқим ва соғлом ҳолда рамазон ойига етиб борса, рўза тутиши фарз саналади. Сафардаги одамга рўза фарз эмас, улар рўза тутиш ва тутмасликда ихтиёрлидирлар.

«...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди...» Бу оятдаги “енгилликдан” мурод сафарда рўза тутмаслик, “оғирлик”дан эса сафарда рўза тутиш назарда тутилган.

«...Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун...». Сафар ёки касаллик сабабидан рўза тутмаганлар сафардан қайтгач ёки соғайгач, қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб берсинлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ой йигирма тўққиз кун ҳам бўлади”.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, янги ойнинг чиққанига икки киши гувоҳлик бериши лозим. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Агар Шавволнинг янги ойи заволдан кейин кўринса, у келаётган туннинг ойи саналади. Агар заволдан олдин кўринса, у ўтган туннинг ойи ҳисобланади”.

Read 2001 times

Мақолалар

Top