Мақолалар

Янги мажмуа Имом Бухорий бобомизнинг ислом оламидаги мақомига муносиб бўлади

Тарихий ташриф таассуротлари

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, қадамжоларни янада обод этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, илм-маърифатини бойитиш, миллий ғурурини ўстиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Самарқандда буюк муҳаддис Имом Бухорий бобомиз мажмуасининг мутлақо замонавий, кўркам лойиҳада бунёд этилаётгани бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак, муболаға эмас.

Президентимиз 15 апрель куни Самарқанд вилоятида бўлганида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган ишларни ҳам кўздан кечиргани ташрифнинг тарихийлик аҳамиятини янада оширгани шубҳасиз.

Бинобарин, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни бутун ислом олами “Амирул мўминин фил ҳадис” — “ҳадис илмида мўъминларнинг амири”, “Шайхул-ислом” — “мусулмонлар устози” дея шарафлаб келади. Бу зотнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиши, ҳаёти ва меросини ўрганишга кенг шароитлар яратилиши юртдошларимизни ғоят мамнун этиб қолмай, мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори ва имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Имом Бухорий — ҳар бир инсоннинг интилиши учун юксак маънавий чўққи, ибрат олишига арзигулик буюк сиймо. Аждодимизнинг бу даражага етишишига сабаб у зотнинг ҳадис илмига қўшган улкан ва беқиёс ҳиссаси, тақволари, парҳезкорликлари ва омонатдорликлари каби кўплаб фазилатлари, десак, янглишмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси 11-оят).

Аллоҳ таоло илм, зуҳд ва тақвода замонасининг пешқадами бўлган Имом Бухорийнинг бу дунёда номини улуғ қилди. У зот тўплаган ҳадислар инсонда оқни қорадан фарқлаш, ота-онани ҳурмат қилиш, ҳалол, оқибатли, бағрикенг бўлиш, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш каби хислатларни тарбиялайди.

Имом Бухорийнинг замондошларидан бири Яҳё ибн Жаъфар: “Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир”, деган эди. Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол эса “Менимча, ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди”, дея эътироф этади.

Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда буюк муҳаддис бобомиз илмий меросини ўрганиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Самарқандда янгидан бунёд этилаётган мажмуа эса Имом Бухорийнинг башарият олдидаги хизматлари ва шуҳратига монанд муаззам қиёфа ҳамда сийрат касб этади.

Президентимиз ушбу мажмуанинг барпо этилиши ва бундан кўзланган мақсад ҳақида гапираркан, “Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келса ҳам, қулай шароит бўлиши зарур”, дея таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва топшириқларига мувофиқ, янги ёдгорлик мажмуасида сони тобора ошиб бораётган миллий ва хорижий зиёратчилар учун барча шароитлар яратилади. Мажмуа таркибига кирувчи масжиднинг ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлади. Бу ерда симметрик тўртта минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бунёд этилади. Қатор меҳмонхоналар, автотураргоҳлар ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо қилинади. Ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши ҳам белгиланган.

Янги мажмуанинг кўркамлиги, беқиёс салобати ва муҳташамлиги  бошқаларга кўз-кўзлаш учун эмас, аввало, халқимиз маърифатини, маънавиятини янада юксалтиришга қаратилгандир.

Тан олишимиз керак: бутун ислом оламига машҳур Имом Бухорий бобомизни ва унинг бебаҳо меросини юртимиз аҳолисининг кўпи яхши билмайди. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида юксак тараққиётни кўзлаб дадил одимлаётган мамлакатимизда бу муборак зотнинг таълимотларини ёшларимизга етказиш бугун долзарб масалалардан биридир.

Биз аждодларимизнинг илмий меросларини ўрганиш, ўгит ва таълимотларига амал қилиш билан уларнинг ҳурматларини жойига қўяр эканмиз, кўзлаган катта-катта маррраларга етишишимизга Аллоҳ таолонинг Ўзи куч-қувват беради, Ўзи марҳамат кўрсатади, йўлларимизни очади.

Имом Бухорий бобомизнинг таълимотларини, айниқса, ёшларимизнинг таълим-тарбиясида қўллашимиз жуда зарур. Бугун бу тўғри таълимотни ёшлар ўрганса, адашганлар бўлмайди, улар нотўғри йўлга кириб кетмайди.

Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йил 15 мартда Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Ушбу халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий шундай деган эди:

— Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда.

Улуғ аждодимиз хотирасига халқимизнинг ва жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми белгиси сифатида Аллоҳнинг изни ҳамда халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига муборак Рамазон ойи кунларида тамал тоши қўйилганида ҳам катта маъно бор.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталаркан, “Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, деди.

Шукрки, муборак Рамазон ойи хайрли амаллар билан, тинчлик-осойишталикда, шукроналикда ўтмоқда. 2020 йилда пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришимизга тўғри келган эди. Бу йил эса масжидлар очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этмоқда.

Ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминлаган оилаларга беғараз кўмак кўрсатилмоқда. Халқимизга хос ҳамжиҳатлик, мурувват, ўзаро меҳр-оқибат фазилатларининг ушбу қутлуғ ойда яна бир бор намоён бўлаётгани бутун дунё оғир инқирозни бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб вазиятда жуда муҳим.

Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари халқимизни янада жипслаштиради, эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади.

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг янги беқиёс лойиҳа асосида қурилиши бошлангани коронавирус пандемияси қалбларни ларзага солиб турган айни кунларда нафақат халқимиз, балки дунё мусулмонлари бағрини нурга тўлдиргани, уларнинг руҳига янада кўтаринкилик бахш этганига ишончимиз комил. Зотан, савобли амалларнинг, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Read 1810 times

Мақолалар

Top