Мақолалар

Биродарлик – икки дунё саодати

Ўзаро бир-бирига кўмаклашадиган, бир-бирига яхшиликни раво кўрадиган, кечиримли, олийжаноб жамиятда яшаш – инсоннинг бахтли ҳаёт кичириши учун энг муҳим омиллардан бири саналади. Ахлоқий инқирозга учраган, пасткашлик авж олган жамиятда бахтли ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло инсониятни яратар экан, унга икки дунё бахт-саодатига элтувчи омилларни кўрсатиб қўйди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Наҳл сурасининг 97-оятида шундай дейди: “Мўмин бўлиб, солиҳ амаллар қилган эркагу аёлларга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни қилган амалларидан кўра яхши савоблар билан мукофотлаймиз”. Демак, биз бахтли ҳаёт кечиришимиз учун аввало  мўмин бўлишимиз, кейин эса солиҳ амаллар қилишимиз керак экан. Мўминлар жамиятининг энг асосий имтиёзларидан бири шуки, бу жамиятда барча бир-бирига биродар бўлиб, инсоннинг ранги, ирқи, миллати унинг обрўли ёки обрўсиз бўлишига заррача ҳам таъсир қилмайди. Аллоҳ таоло шундай деган: “Мўминларгина (чинакам) ака-ука (биродар)дирлар” (Ҳужурот: 10).

Мўминлар ўзаро бир тану бир жон ҳисобланади. Масалан, Ойша онамиз туҳматга қолиб, мунофиқлар уни зинода айблашганида баъзи мусулмонлар ҳам бу гапга ишониб қолишди. Шунда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг туҳматига ишонган мусулмонларга шундай деди: “Сизлар бу хабарни эшитган чоғингизда мўмину мўминалар ўзлари ҳақларида яхши гумон қилиб: “Бу очиқ туҳмат-ку!” – дейишса бўлмасмиди?!” (Нур: 12). Бу оятда Аллоҳ таоло “биродарлари ҳаққида” демасдан, “ўзлари ҳақларида”, деди. Демак, мўминлар бир-бирларига нафақат биродар, балки улар бир тану бир жондирлар. Яна бир мисол, Аллоҳ таоло одоб-ахлоқ борасида бизга шундай деган: “Ўзингизни камситманглар” (Ҳужурот: 11), яъни мўмин ўз биродарини камситиши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шу маънони бизга тушунтирар эканлар, шундай деганлар: “Мусулмонлар ўзаро меҳр-муҳаббатларида гўёки бир тану бир жонлар: агар бу таннинг бирон аъзоси оғриса, қолган аъзолар иситма ва уйқусизлик билан бир-бирини ёрдамга чақиради” (Муслим ривояти, 2586-ҳадис). Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ўзингизга раво кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар” (Бухорий ривояти, 13-ҳадис) – деганлар. Келинг, салафи солиҳларимиз бу тушунчани қай тарзда ҳаётларига татбиқ қилишганига бир назар солайлик. Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Мен ким билан баҳс-мунозара қилсам ҳам, унинг ҳақ бўлишини истайман”. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога хизмат қилиш учун ҳамроҳ бўлдим, лекин у киши менга хизмат қилди”. Абу Сулаймон Дороний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен биродарларимга овқат бериб, таъмини ўзим ҳис қиламан”. Имом Муновий роҳимаҳуллоҳ солиҳларнинг биридан шундай ривоят қилади: “Мен “алҳамдулиллаҳ” деганим учун ўттиз йилдан бери истиғфор айтаман. Сабаби қуйидагича: Бағдодда ёнғин бўлган эди. бир киши олдимга келиб: “Дўконинг ёнмади” – деганида, мен “алҳамдулиллаҳ” деган эдим. Ўшанда ўзимга раво кўрган нарсани мусулмонларга раво кўрмаган эканман”. Агар биз ўзаро биродар бўлиб, бир-биримизга яхшиликни раво кўрсак, дунё ва охират саодатига эришамиз. Аллоҳ таоло ўртамизни ислоҳ қилсин, қалбимизни ҳасад иллатидан Ўзи покласин!

Шамсуддин Хафизов,
Наманган тумани «Халил Хожи» жоме
масжиди имом-хатиби

 

Read 1857 times

Мақолалар

Top