Мақолалар

Рамазоннинг 41та фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

 

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Расулимиз Муҳаммад Мустафога энг улуғ дуруду салавотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.

«Рамазон» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, аллома Жавҳарий: «Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди. Иккинчи бир фикрга кўра, «Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида «Нотиқ» деб аталар эди». Бошқалар айтишадики, «Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган». 

Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазонинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Биз ҳозир улардан ўзимизга маълум бўлганларини эслаб ўтамиз:

1.    Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қлиган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.

2.    Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ айтади:

«Рамазон ойи – унда  одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185-оят).

«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр, 1-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир. 

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Ҳадис китобларни ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳм шафоат қилади», деганлар». 

Ана шундоқ қилиб, бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровеҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи ичи барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизда ҳам «Хатми Қуръон» деган Рамазон, «Рамазон» дегана Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

3.    Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. 

Имом Бухорий ва Муслим Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».

4.    Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар.

Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди», дедилар».

Абу Фазл ўз     «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди. 

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».

Яҳё ибн Касир: «Аллоҳим, мени Рамазонга саломат етказгин, Рамазонни мен учун омон қилгин. Уни мендан мақбул ҳолида қабул қилиб олгин», деб дуо қилар экан.

5.    Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Унда бебош шайтонлар кишанланади», дейилган. 

6.    Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади», дедилар».

7.    Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳамати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади. 

8.    Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг  Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

9.    Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Имом Аҳмад ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, «Солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди», дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади», дедилар».

10.    Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамзонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.

11.    Рамазон тақво ойидир. Рамазон мўмин кишига тақво малакасини бахш этувчи ойдир. Чунки бу ойнинг асосий хоссаси ҳисобланган рўза ибодатининг энг катта натижаси – бу рўзадорда тақво сифатини ҳосил қилишидир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида Рамазон рўзасини фарз қилган оятида: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга сизлардан олдингиларга рўза фарз қилгани каби рўза фарз қилинди, шоядки тақводор бўлсангиз», деб, рўзанинг асосий фазилатини, хусусиятини баён қилган. 

12.    Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.

Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.

13.    Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди. 

Имом Бухорий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амлларни қилмасин ҳамда бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: «Мен рўзадор кишиман», десин», деганлар.

14.    Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», деганлар. Бу ҳадисни Бухорий, Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

15.    Рамазон сабр-бардош ойидир. Рўза тутиб, бир қатор ноқулайликларга, машаққатларга қарамай, ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам, Абу Фазл келтирган ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган.

16.    Рамазон ризқ-рўзларга барка бериладиган ойдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади. 

17.    Рамазон саломатлик ойидир. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам очлик билан даволаш муолажалари табиблар ўртасида энг кенг тарқалган даволаш услубларидан ҳисобланади. Мусулмон бўлмаган мутахассисларнинг таъкидлашларича, инсон жисмонан соғлом юриши учун бир йилда 28, 29 кун ихтиёри оч юриши керак экан. Рамазон ойи эса 29, 30 кун давом этади. Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин-мусулмонларга соғлигимиз гарови бўлган ушбу муолажани ибодат қилиб бериб, улкан ажру савобларни, яхшиликларни ваъда қилган экан.

18.    Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам алоҳида фазилати бор. Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазоннинг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, дўзах эшиклари беркитилади, улардан бирортаси ҳам очиқ қўйилмайди ва жаннат эшиклари очилади, улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Ҳар кеча бир жарчи: «Эй яхшилик талабгори, келгин! Эй ёмонлик талабгори, тўхтагин!», дейди», деганлар.

19.    Рамазонда ҳар куни жаннат безатилади. Жаннат ўзи таърифига тил, фикрлашга ақл ожиз даражада гўзал. Аммо Рамазон кунлари у янада безатилар экан. Ҳадисда: «Аллоҳ таоло Рамазонда ҳар куни жаннатини безатади», дейилган. Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.

20.    Рамазон рўза ибодати ойидир. Рамазон ойининг  энг буюк хусусияти, фазилати – унинг рўза ойи эканидир. Рўзанинг дунявий ва ухравий: руҳий, жисмоний, ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа кўплаб фойдалари барчага маълум. Биз ушбу ойнинг шарофати билан ана шундай буюк ибодатга сазовор бўламиз. Рўза ибодатига тегишли барча фазилатлар бевосита Рамазон ойига боғлиқдир. Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган рўза ибодати учун айнан Рамазон ойининг танланиши бу ойнинг фазли учун етарлидир.

21.    Қиёмул-лайл ва таҳажжуд фазилати. Қиёмул-лайл – кечани ибодат билан бедор ўтказишнинг фазилати жуда ҳам кўп. Аммо Рамозон кечларида ибодат қилишнинг алоҳида фазилати бор. Шу боис, бунга ҳадисларда қайт-қайта тарғиб қилинган.

Барча Саҳиҳ тўпламларда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазоннинг кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

22.    Ифторлик фазилати. Ифторлик бир қараганда кечки таомланиш. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Ҳатто барча пайғамбарлар ифторлик қилишга буюрилганлар. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз – пайғамбарлар жамоаси ифторни эрта қилишга ва саҳарликни кечга суришга буюрилганмиз», деганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай», деган».

Имом Бухорий Сaҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудaн ривoят қилaди:

«Рaсулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Oдaмлaр мoдoмики ифтoргa шoшилaр эканлар, яхшиликдa бўлиб бораверaдилaр», дeдилaр».

Имом Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ифторлик вақтида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.

23.    Ифторлик бериш фазилати. Бу ҳам Рамазонга хос амаллардан саналади. Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди», дедилар.

Салмон Форисийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди», дедилар». 

24.    Ифторлик пайтидаги дуонинг фазилати. Ифторликдаги дуонинг ҳам алоҳида фазилати бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бисмиллаҳ (Аллоҳнинг номи билан). Аллоҳим, Сенинг учун рўза тутдим. Сенга иймон келтирдим. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилгум. Бас, менинг олдингижю кейинги гуноҳларимни мағфират қилгин. Ўзинг мендан қабул қилгин. Албатта Сен ўта эшитгувчи ва билгувчисан», деб дуо қилардилар.

25.    Ифторлик пайтидаги дуонинг қабул бўлиши ҳам Рамазоннинг фазилатидандир. Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши бор, уларнинг дуолари қайтарилмайди: одил раҳбар, рўзадор ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси», деганлар.

26.    Саҳарликнинг фазилати. Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар».

Имом Табароний Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик тўла баракадир. Бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам, уни тарк этманглар. Чунки Аллоҳ ва У Зотнинг фаришталари саҳархўрларга салавот айтади», деганлар.

Имом Абу Довуд Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарлик ейишдир», дедилар».

27.    Қадр кечасининг фазилати. Бутун инсониятнинг йиллик тақдири қайд қилинадиган, энг юксак қадрли кеча – Қадр кечаси ҳам айнан Рамазон ойига яширилган. Бу кечанинг қанчалар улуғлигини англашга қуйидаги оятларни тадаббур қилиш кифоя: 

«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир». Қадр сураси, 1–5-оятлар.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким Қадр кечасини ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.

Айрим саҳоба ва тобеинлар Қадр кечасини топиш ва улуғлаш мақсадида Рамазонинг охирги ўн кечасида ғусл қилиб, ўзларига хушбўйликлар суртишни мустаҳаб санашар экан.

28.    Эътикоф фазилати. Рамазонга оид энг кўзга кўринган ибодатлардан бири масжидда эътикоф ўтиришдир. 

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари эса, йигирма кун эътикоф ўтирдилар».

Эътикоф ўтириш – бу дунё ишларидан узилиб, ибодат учун ажраб чиқишдир. Эътикоф аслида Рамазон ойида адо этилгани учун, баъзи уламолар бошқа ойларда эътикоф ўтирмоқчи бўлган киши ҳам албатта рўза тутиб олиши керак, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирса, белни маҳкам боғлаб, кечаларини ибодат билан ўтказар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар». Бухорий ривояти.

29.    Рамазоннинг яна бир фазилати – фидя садақасидир. Рамазон рўзасини тутишга умуман имкон топа оламайдиган кишилар ҳар бир кун учун бир мискин таомини садақа қиладилар. Аллоҳ таоло: «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир», деган.

30.    Фитр садақасининг фазилати. Фитр садақаси Рамазонга хос молиявий ибодатдир. Имом Дайламий Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон ойи ер билан осмон ўртасида муаллақ туриб қолади, Аллоҳ таолонинг ҳузурига фақат фитр закоти билангина мақбул ҳолда кўтарилади», дейилган.

31.    Рамазондаги умранинг фазилати ҳажга баробар келади. Бу ҳам Рамазоннинг шарофати, албатта. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг ўрнига ўтади», деганлар».

32.    Рамазонда қуллар, асирларни озод қилиш алоҳида суннат амалдир. «Мишкот»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кирганда барча асирларни озод қилиб юборар эканлар. Салмон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким унда (Рамазонда) ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади», деганлар.

33.    Рамазоннинг хусусиятларидан бири – сафардаги киши уни сафардан қайтгач, шаръий узрга яроқли касаллаикка чалинган киши тузалгач қазосини тутиб бериши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғини бошқа кунлардан тутадир». Бақара, 184-оят.

Шунингдек, ҳайзли аёл покланганда, намоздан фарқли равишда, Рамазон рўзасининг қазосини тутиб бериши лозим.

34.    Рамазондан бошқа бирор ой тўла рўза билан ўтказилмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан бошқа пайт ҳеч қачон бир ой тўлиқ рўза тутмаганлар». Бухорий ривояти.

35.    Рамазонда тунги нафл намозлар масжидларда жамоат билан ўқилади. Фиқҳий китобларимизда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқишга доир турли фатволар бор. Хусусан, масжидда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқишдан қайтарилади. Фақат Рамазон ойида таровеҳ ва таҳажжуд намозларини, уларга қўшиб витр намозини жамоат бўлиб ўқиш суннатлигини жумҳур уламолар таъкидлаган. Шунга кўра, бутун Ислом оламида Рамазон ойида масжидларда мўмин-мусулмонлар таровеҳ ва таҳажжуд намозларини жамоат бўлиб ўқишади, уларда хатми Қуръонлар қилишади. Буларнинг барчаси ушбу ойнинг фазилатларидандир.

36.    Рамазон болаларни ибодатга қизиқтириш ва чиниқтириш фурсатидир. Саҳобаи киромлар болаларни рўза билан ибодатга ўргатар ва бунинг учун уларга одатдагидан ташқари эътибор беришар, турли ўйинчоқлар билан уларни ўйнатишар эди. 

Имом Бухорий Рубaййиъ бинти Муъaввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Биз ёш бoлaлaримизгa рўзa туттирaрдик ва улaргa жундaн ўйинчoқ қилиб бeрaр эдик, бирoртaси oвқaт деб йиғиласa, тo ифтoр вақти бўлгунчa унга ўшани бeриб қўяр эдик».

37.    Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир. Аслида оғиздан ҳеч қачон хушбўй ҳид чиқмайди. Аммо рўзанинг шарофатидан ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ толонинг наздида дунёдаги энг хушбўй нарса, хушбўйлик ҳақида гап кетганда зарбулмасал қилинадиган мушкдан кўра ёқимлик, хушбўйроқ саналар экан. Ана шундай фазилатга Рамазон шарофати билан эришилади.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир», деганлар».

Шунинг учун ҳам, уламоларимиз куннинг иккинчи ярмида тишни мисвок қилмаган яхши, чунки мисвок Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўй саналган мазкур ҳидни кетказиб юбориши мумкин, дейдилар.

38.    Рамазонда унутишнинг ҳам фазилати бор. Ибодатларда унутишга йўл қўйиш аслида яхши саналмайди. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Аллоҳ таолонинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлади.

Деярли барча саҳиҳ тўпламларда Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди», дeганлaр.

39.    Рамазонда яхши амалларнинг ажру савоби бир неча барорбарига кўпайтириб берилади. Рамазон ҳақида Салмон Форсийдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан: «Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади», дейилган. 

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Рўзанинг шундоқ ҳам бошқа амалларга нисбатан ажри бир неча баробар кўп бўлгач, Рамазоннинг рўзаси ҳам бошқа рўзаларга нисбатан бир неча барорбар устун бўлади. Бу унинг вақтининг шарофати ва у Аллоҳ фарз қилган рўза бўланлиги ҳамда У Зот бу рўзани Ислом барпо қилинган аркон – устунларнинг бири қилгани эътиборидандир».

Рамазонда яхши амал қилган киши табиий равишда уни рўзадор ҳолда бажаради. Бир амални ибодат ичида қилиш уни бошқа пайт қилишдан кўра фазилатли ва савобли бўлади.

40. Рамазон каффоротдир. Рамазон ойи олдинги гуноҳларни ўчириб юборадиган ойдир. Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса «Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса унинг кечаларини ибодат билан ўтказишни сизга суннат қилдим. Ким иймон билан, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва кечаларини ибодат билан ўтказса, гуноҳларидан онаси туққан кундагидек тоза бўлади», дейилган.

Имом Бухорий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Кишининг фитнага учраши ўз аҳли, моли, фарзанди ва қўшниси сабабли бўлади. Уни намоз, рўза, садақа, (яхшиликка) буюриш ва (ёмонликдан) қайтариш ўчиради», дейилган.

40.    Рамазон ҳайити. Рамзонни эсон-омон, ибодат ва мислсиз ажу савоблар эга бўлиб ўтказганликни нишонлаш ва бунинг учун шукрона келтириш маъносида Ислом шариатида Рамозондан кейинги ой – шаввол ойининг биринчи куни мусулмонлар учун байрам қилиб берилган. Ҳайит кунининг барча фазилатлари бевосита Рамазоннинг шарофати саналади. 

Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойи фазилатлари ҳақида гапира туриб, жумладан қуйидагиларни айтганларини эшитган эканлар: «Фитр кечаси бўлганда бу кеча «Мукофот кечаси» деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза важалла фаришталарни шаҳарларга юборади, улар ерга тушадилар ва кўчаларнинг оғзида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза важалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: «Эй уммати Муҳаммад, кўп савоб берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг», дейдилар. Қачонки улар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза важалла: «Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?», дейди. Улар: «Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қойим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди».

Бошқа бир ривоятда келишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, намозгоҳга чиққанларида, Аллоҳ таоло: «Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Эй уммати Муҳаммад, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз ҳасанотларга алиштирилди», деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Менинг учун рўза туттинглар, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар», дейди.

 

Шуни яна бир бор алоҳида таъкидлаш лозимки, бу айтганларимиз Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида биз билган, ёдимизга тушган маълумотлар, холос. Унинг яна кўплаб бошқа яхшиликлари, хусусиятлари, баракалари бор, албатта.

Азиз ўқувчи! Рамазонни ғанимат билинг! Ҳар галги Рамазонни ўзингиз учун сўнги фурсат деб қаранг! Кимнинг ажали қачон, ҳеч ким билмайди. Агар насиб бўлиб, кейинги Рамазонга етсангиз, хайр, бўлмаса, сиз фурсатдан унумли фойдаланиб қолган бўласиз, надомат чекмайсиз.

Афсуски, кўплаб кишилар шундай улуғ ойнинг қадрига етмайдилар, уни ғанимат билмайдилар. Қанчадан қанча одамлар бу ойнинг кечаларини уйқида, ғафлатда ўтказади! Қанчадан қанча одамлар ибодат ўрнига турли сериал ва беҳуда лағв нарсалар билан банд бўлишади! Қанчадан қанча одамлар бу ойда турли баҳоналар билан рўза тутмай, бемалол кундизида ҳам овқатланиб юраверади! Яна кимлардир рўза тутса ҳам гуноҳлар билан овора, ғийбат ва ёлғонини ташламаган! Қанчадан қанча инсонлар иймони бўлмагани учун бу ойда рўза тутиш фазилатидан умуман маҳрум!

Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган қуйидаги ҳадис барчамизни хушёр тортишга ундайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейшди. У зот дедилар: 

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббулоламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омин» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақиқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун алоҳида тайёргарлик кўриш керак, бир қанча одобларга риоя этиш лозим. Жумладан: 

а) Рамазон билан табриклаш, унга етишгани учун шукр қилиш, хурсандчилик изҳор этиш; 

б) Рамазон кирганини хонадон аҳлига, хусусан ёш гўдакларга билдириш, сездириш. Бу уларга махсус Рамазон туҳфалари улашиш, саҳарлик-ифторликларга алоҳида эътибор бериш, оиланинг нафақасини одатдагидан кенг қилиш каби ишлар билан рўёбга чиқади;

в) Йиллик дам олиш ойлигини, ҳеч бўлмаса, бир қисмини Рамазон ойига тўғрилаш;

г) Кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиш. Бу рўзани қийналмай тутишга, кечалари хатми Қуръонларда иштирок этишга ёрдам беради.

д) Қуръон тиловати ва таълимига алоҳида эътибор бериш. Имкони бўлса, ўзи ўқиб, ҳеч бўлмаса, тинглаб Қуръонни бир бора хатм қилиш. Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда юртимизда қарийиб мингта масжидда хатми Қуръон бўлмоқда. Қориларимиз намозда туриб Қуръонни ўқиб беришмоқда. Бу фақат хайру баракадир. Бундан унумли фойдаланишга  ҳар бир мусулмон шахс масъулдир. Йилнинг бошқа ойида бу имконият топилмайди. Янаги йилга ким бор, ким йўқ;

е) Рамазон ойидан шахсий ва оилавий таълим-тарбия, руҳий-ахлоқий покланиш учун унумли фойдаланиш. Турли гина-адоватларни унутиш, шайтонларнинг боғлиқ турганидан фойдаланиб қолиш лозим.

ё) Рамазондан чиқишда маҳзун бўлиш ҳам ушбу ойга нисбатан бўладиган одоблардан саналишини ҳам унутмаслик даркор.

Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини ҳам барча Ислом юртлари қатори азиз ва жанатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламан.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

islom.uz

Read 1838 times

Мақолалар

Top