Мақолалар

Тошкентда Рамазон ойи қандай ўтказилган?

Мусулмон халқлари ҳаётида ҳар йили Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфият касб этиб келган.

Аждодларимиз ижтимоий турмуш тарзи ҳақида сақланиб қолган маълумотларга кўра, бу ойда одамлар байрамона кайфиятда бўлган ва кўплаб соҳа вакиллари кундуз кунлари иш фаолиятини тўхтатиб, кўпроқ вақтини ибодат билан ўтказган.

Тошкент асрлар давомида ислом цивилизациясининг бешиги саналади. XIX аср охири – ХХ аср бошларида Тошкент шаҳрида йигирматача мадраса ва уч юз элликтача масжидлар фаолият кўрсатгани ҳақида архив ҳужжатларида маълумотлар бор.

Айни шу даврларда шаҳарда Рамазон ойининг қандай ўтганлиги ҳақида турли манбаларда маълумотлар сақланиб қолган. Масалан, шаҳардаги бозорлар бу муборак ойда кундузи фаолиятини тўхтатган. Савдогарлар савдо ишларини кечқурун ифторликдан кейин бўладиган бозоршабда олиб борганлар.

Академик А.Муҳаммаджонов “Қанғ-қадимги Тошкент ва тошкентликлар” номли асарида ёзишича, “Кечқурун шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири ёки майдон безатилиб, карнай-сурнай ноғоралар чалиниб, махсус жарчилар одамларни бозоршабга чорлаган. Бозоршабда кўчанинг икки четидаги чойхона ва дўконлар олдига чорпоялар қўйилиб, ҳар хил мева-чева, озиқ-овқат сотилган”.

Бозоршаб “тунги бозор”, деган маънони беради. Архив ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳридаги бозорларда сотиладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари буғдой, арпа, шоли, кепак, зиғир, кунжут, тариқ, нўхот, зиғир ёғ, сабзи, пиёз, лавлаги, шолғом, турп, товуқ гўшти, мол гўшти, қўй гўшти, сут, совун, ҳар хил мевалар, нонлар, майиз, ўрик кабилар бўлган. Эски Жува, Ўрда, Якшанба бозорлари шаҳардаги энг йирик бозорлар саналган.

“Туркестанские ведомости” газетасида ёзилишича, шаҳарда Рамазон ойини халқ катта хурсандчилик билан ўтказган. Шаҳар аҳолисининг асосий вақти масжидларда ўтиб, кунлик беш маҳал намоз билан бирга кечқурун хуфтондан кейин таровеҳ намозларини адо этган. Кундузи рўза тутган вақтида китоблар ўқиб, Аллоҳни зикр қилиш каби амалларни бажарган. Бу ойда мадраса таълими тўхтатилиб, мактаб таълими давом эттирилган. Чунки мактабда болалар хат-савод чиқариб, Рамазонда асосан катта чошгоҳгача таълим жараёни олиб борилиб, фақат Ҳайит байрамларидагина болалар маълум кунларга дам олишган.

Шунингдек, Рамазон ойида мактаб ўқитувчиларига болаларнинг ота-оналари томонидан совғалар, ҳадялар улашилган. Болалар эса кечқурун шаҳарнинг марказий майдонларида бўладиган байрамона сайилларда иштирок этиб, томошалар кўрган.

Умуман, бу муқаддас ой мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар учун катта хурсандчилик билан ўтган.
Бошқа ойларда ҳунармандчилик устахоналари, дўкон ва чойхоналарнинг гавжумлиги ва шовқин-сурони Рамазон кунларида ёпилганлиги туфайли шаҳар сокин бир кўринишга эга бўлиб қолар эди.

Рамазон ойининг катта хурсандчиликларидан бири оғиз очиш, яъни ифторлик вақтидир. Ифторлик пайтида Тошкент шаҳрининг турли жойларида катта зиёфатлар уюштирилган.

Шаҳардаги бозор майдонлари ва боғларда бўладиган сайилларда минглаб одамлар йиғилган, уларнинг асосий қисмини оддий аҳоли ташкил этар эди. Бозорнинг асосий йўлакларида чойхоналар жойлашган бўлиб, ифторлик пайтида бу чойхоналар ҳам гавжум жойга айланарди.

Чодирхаёл қўғирчоқ театри, акробатик томошалар базм иштирокчиларига ўзгача шукуҳ бахш этса, баъзи жойлардан миллий мусиқа куйларининг овози ҳам эшитилиб турарди.

Шунингдек, дарвешларнинг овози кўпчиликнинг эътиборини тортиб турган. Ифторлик пайтида маддоҳлар ҳам турли маълумот ва ривоятларни айтиб, одамларни атрофига тўплаган, йиғилганлар эса қизиқарли маълумотлари эвазига улар учун майда чақа тангалар ташлаган.

1908 йил “Туркестанский курьер” газетасида “Старый город” (“Эски шаҳар”) номли мақолада бундай байрамона гавжумлик пайтида бозорда олмани осмонга отсангиз ерга тушиши амримаҳол, деб тасвирланган. Умуман, бундай сайилларнинг энг гавжумлари Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур масжидининг катта ҳовлисидаги боғда ва бозорларда бўлиб ўтган. Баъзиларнинг ҳовлиларида ҳам Рамазон шукуҳи акс этиб, турли зиёфатлар бўлиб турган.

Йил давомида Рўза ҳайити байрами катта шодиёналик билан ўтказилган. Байрам кунларини эса шаҳар қозиси эълон қилган. Масалан, Тошкентда 1875 йил Рўза ҳайити куни 22 октябрга тўғри келганлиги манбаларда келтирилган.
Аждодларимиз ҳаётида Рамазон ойининг файзу футуҳи ўзига хос тарзда ўтиб, ҳаётининг маълум қисмини дунёнинг ишларидан узилиб, вақтини тоат-ибодатга, шунингдек, хурсандчиликка бахш этган бўлса, бу муборак ойнинг шодлик кунлари болаларнинг ҳам қалбига чексиз қувонч олиб кирган.

Обид ТАНГИРОВ,
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири

Read 1868 times

Мақолалар

Top