Мақолалар

“Муборак ой суҳбатлари” (4-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, қадрли телетомошабинлар! Эътиборингиз марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланаётган ҳамда жонли эфирда амалга оширилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги тўртинчи сони хонадонгиз меҳмони. Бугун Рамазон ойининг илк жумаси. Барчангизни улуғ айём билан табриклаймиз. Эслатиб ўтмоқчимиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари. Бугун студиямизга  пойтахтимиздаги “Сирож солиҳ” жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодировни таклиф этганмиз. Ассалому алайкум. Хуш, келибсиз! Рамазон муборак бўлсин! Бугунги суҳбатимизни Ислом динининг моҳиятига бағишласак. Марҳамат!

Ҳасан Қодиров, “Сирож солиҳ” жоме масжиди имом-хатиби: — Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Бизни кузатиб турган мухлисларимизни Рамазони шариф билан табриклайман. Аллоҳ субҳана ва таоло кундузлари тутган рўзаларимиз, тунлари қиладиган ибодатларимизни хусни қабул айласин. Муқаддас Ислом динимиз — маърифат ва илм дини. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган илк ояти карима ҳам “ўқи” кўрсатмаси бўлган ва бунда жуда катта ҳикмат ва маъно мужассам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар” – деганлар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, — деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна шундай деганларки, бу кўрсатмани ҳар бир киши ҳаётининг мазмунига айлантириб олишса, фақат манфаат бўлур эди: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар — садақаи жория, манфаатли илм, ҳамда солиҳ фарзанд (Имом Бухорий). Яъни ушбу ҳадисда ҳам илм эгаллаш, уни ўргатиш, солиҳ фарзандларни вояга етказиш улуғланмоқда. Ҳар бир киши ҳаётнинг ушбу ҳақиқатларини англаб етса, унга амал қилса, саодатга етишиши уқтирилмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”.

Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, илмдан ўзга нажот йўқ. Чиндан ҳам илм эгаллаш орқали дунёни англаймиз, Аллоҳни таниймиз. Аслида, барча ҳикмат ва саодат англаш ва танишимиздадир. Шу боисдан ҳам аждодларимиз илм-маърифатга ҳаёт-мамот даражасида эътибор қаратганлар.

Мана шу гаплардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда шундай бир тоифа борки, улар динимизни тушунмайди, лекин диний масалаларда фатво беришгача боради. Албатта, бу яхши эмас. Киши қайси соҳа вакили бўлса ҳам мукаммал, фундаментал илмга эга бўлиши лозим. Шундагина, қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу ерга келганда, динимиздаги гўзал бир зобитани эслатиб ўтмоқчиман. Дунёвий илм шу даражада бўлиши керакки, мусулмонлар яшаб турган жамиятда дунёвий жиҳатдан қандай муаммо пайдо бўлса, уни тезда бартараф қиладиган соҳа вакиллари бўлиши кераклиги шариатимизда фарзи кифоя қилинган. Масалан, каронавирус балоси кириб келди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралганда, ушбу вирусга даво топишлик олимлар ва шифокорларнинг зиммасидаги фарзи кифоядир. Агарки, бунинг вакцинасини топса, ишлаб чиқса ҳаммасининг бўйнидан фарзи кифоя соқит бўлади, агар топмаса ҳаммаси гуноҳкор бўлади. Бу борада фиқҳ китоблари бор. Уларда шу каби хулосалар ўрин олган. Ҳатто фатво китобларимизда ҳали инсон ҳаётида учрамаган саволларга ҳам жавоб ёзиб қўйилган. Шунинг учун ҳам ислом дини инсонларни дунёвий илмларда ҳам бир қадам олдинда бўлишлигини талаб этади.

Бошловчи: — Энди кўрсатувимизнинг иккинчи қисмига ўтиб, мухлисларимиздан келаётган саволларга жавоб берсак.

 

— Биз, имконияти чекланган шахслар масжидларга борамиз, орамизда динни билмайдиганлар кўп. Айтайлик, бир инсон ҳар йили рўза тутаркану лекин намоз ўқимаскан. Шундай қилса ҳам бўладими? Фарзандлари намоз ўқиркан. Улар ўзлари ўқиётган намозини ота-онасининг номидан амалга ошириши мумкинми?

 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Демак, рўза тутишга қодир киши рўза тутиши керак. Бу — шариатимиз талаби. Намоз эса фарз қилинган бошқа ибодат. Умид қиламизки, бугун рўза тутган одам эртага намозни ҳам бошласа. Намоз ибодати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кескин гапларни айтганлар. Қиёмат куни, аввало, намоздан савол қилинади.

Фарзандлари ота-онасининг номидан намоз ўқиб бўлмайди. Тана ибодатларини фақат шу инсоннинг ўзи адо этади. Молиявий ибодатларни эса, фарзандлари ота-онасининг номидан қилса бўлади.

 

— Рамазоннинг рўзасини бошида уч кун, ўртасида уч кун, охирида уч кун тутиш мумкинми?

 

— Манбаларда кимки Рамазон ойида ҳозир бўлса, бемор бўлмаса рўзани тўлиқ тутсин, дейилган. Бошидан, ўртасидан ва охиридан уч кундан тутиб бўлмайди. Унда фарз тўлиб адо этилмайди.

 

— Киши намоз ўқиётганида бурнидан беҳосдан сув оқиб кетса, таҳорати синадими?

 

— Бурундан сув оқса, таҳорат синмайди. Аммо уломалар тананинг қайси жойидан бўлса ҳам жароҳат натижасида йиринг оқиб чиқса, таҳорат синишини маълум қилганлар.

 

— Аёл киши таровеҳ намозини тўлиқмас, имкон қадар ўқиса бўладими?

 

— Таровеҳ — суннат намози. Буни имконияти бор одам ўқийди. Таровеҳ намозининг қазоси йўқ. Аёллар бу намозни уйда адо этишади.

 

— Одам ўзига атир сепиб юрса, рўзаси бузиладими?

 

— Бузилмайди. Лекин Рамазонда атирни сепмаса ҳам бўлаверади.

 

— Турмуш ўртоғимнинг кўп вақти чойхонада ўтади. У ерда ғийбат ҳам бўлиши, табиий. Аҳли илмларнинг бесамар кетаётган вақт ва пулга нисбатан фикрларини билмоқчи эдим?

 

— Афсуски, ҳозирги пайтда кўпчиликнинг қимматли вақти чойхона ва интернетда ўтяпти. Эркак киши, аввало, оиланинг ҳаққини адо этиши керак. Фарзандларига яхши таълим-тарбия бериши, аёлига ҳам эътибор қаратиши лозим. Синглимизга тавсиямиз шуки, аёллик вазифасини гўзал тарзда адо этсин. Аллоҳ таолодан сўрасин, ҳаммаси яхши бўлади.

 

— Тез-тез янги кийим олиб кийишнинг таомилини тушунтириб берсангиз?

 

— Бу борада шаърий қоидалар бор. Кўп олиб кийса, исроф бўлади. Бундан сақланиш керак. Қийналганларга совға қилинса, бунинг гуноҳидан қутулади. Агар тез-тез янги кийим кийишлик қайсики кишининг талаб-эҳтиёжи бўлса, гуноҳ бўлмайди.

 

— Уй шароитида асалари боқаман. Улар чақса рўза очилмайдими?

 

— Очилмайди.

 

— Рўза тутмаган одам таровеҳга борса бўладими?

 

— Борса бўлади. Лекин рўзани тутиш керак. Бу — фарз амал.

 

— Азизлар ҳақида динимизда нима дейилган? Шу ҳақда айтиб берсангиз?

 

— Одатда, фолбинлар олдига келган одамга азизларингиз бор экан, дейишади. Бу, унинг атрофида жинлар борлигини назарда тутади. Улар ўша келган кишини ўзининг гуруҳига қўшиш учун шундай дейди. Атрофингда одамларинг бор экан, фалон ишни бўйнингга олишинг керак, дея ҳалиги одамниям макруҳ йўлга бошлайди. Кейин унинг атрофидаям жинлар хизмат қила бошлайди. Бунинг оқибати жуда ёмон, бундан эҳтиёт бўлиш керак.

 

— Дадам одамларга қарз  беради. Лекин бизга пул керак бўлса, йўқ дейди. Аввал бизни таъминлаганлари дурустмасми? Бундай ҳолда дадамнинг закотлари ўтадими?

 

— Закоти ўтаверади. Бу кишига мурожаатимиз шуки, биринчи навбатда оила, фарзандлари эҳтиёжини таъминлаши керак. Бу — отанинг зиммасидаги фарз.

 

— Интернет орқали пул ишлаш ҳалолми ёки ҳаром?

 

— Агар интернетдан қимор орқали пул топса, бу — ҳаром. Меҳнат қилиб, кимгадир бирон нимани ўргатиб, пул топса, шариатга мос бўлса, ҳалол.

 

— Олти ойлик қизим бор. Ҳеч қаерда ишламайман. Қизимнинг номидан нафақасини эҳсон қилишим мумкинми?

 

— Давлатдан олинаётган нафақа — қизники. Унинг эҳтиёжи учун ажратилган. Онаси эса нафақани олиш ва қизи учун сарфлашга масъул. Агар орттирилган пул бўлса, ундан эҳсон қилса бўлади.

 

— Рамазонда қарздор бўлатуриб ҳам эҳсон қилса бўладими?

 

— Аввал қарзни адо этиб қўйиши керак. Бой одамнинг қарзни чўзиб юриши зулм, деганлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

 

— Нима учун биз Аллоҳга сен, деб илтижо қиламиз?

 

— Аллоҳга сен, деб илтижо қилишимизнинг сабаби шуки, сиз кўплик маъносида ишлатилади. Аллоҳ эса яккаю ягона. Сен дейишлик Унинг ягоналигини ифодалайди. Яна савол туғилади. Қуръони каримда “Биз” деб келтирилганку, дейишингиз мумкин. Бу улуғлик маъносини англатади.

 

— Қуръони карим бор хонада ухласа бўладими?

 

— Ухласа бўлади. Фақат Китоб оёқ остида бўлмаслиги керак.

 

— Уйимизда кучук бор. Ҳамма томонни ифлос қиляпти. Рамазонда кучукни кўчага ташлаб келсам гуноҳ бўлмайдими?

 

— Аввало, итни чорва ҳайвонларини қўриқлаш ва ов учун боқишади. Динимизда бунга рухсат бор. Агар уни уйда сақламоқчи бўлсангиз, яшайдиган жойдан қирқ газ узоқликда бўлиши керак. Демак, итни кўчага чиқариб ташлагандан кўра, бирор кишига берворган маъқул.

 

— Дўстим қарз сўради. У пулни қиморга тикади. Бунинг менга гуноҳи бўладими?

 

— Агар пулни қиморга тикишини билиб туриб берса, гуноҳ бўлади. Билмаган бўлса, гуноҳи бўлмайди.

 

— Рўзадор одам сўкинса рўзаси очиладими?

 

— Рўзаси очилмайди. Лекин савоби камаяди.

 

— Дадам уч ёшимда бизни ташлаб кетган. Ҳозирда телефон қилиб нолийверади, мендан хабар олмайсан, деб. Шу масалада нима маслаҳат берасиз?

 

— Нима бўлганда ҳам у ота. Отани рози қилиш керак. Фарзанд ота-онасига яхшилик қилишга буюрилган.

 

Жунуб ҳолида рўза тутса бўладими?

 

— Киши саҳар пайти жунуб бўлиб қолди. Мана шу жунублик рўзани ман қилмайди. Айтайлик, бир киши кундуз куни бироз дам оламан, деб ухлади ва нопок бўлиб қолди. Бу пайт ғусул қилиб олиши керак.

 

— Сунъий онг яратишга динимизда нима дейилган?

 

— Роботлар мисолида гапирсак, у инсон фойдаси учун хизмат қиладиган бўлса шариат рухсат беради. Ҳозир инсоннинг танасига ўхшаш мосламалардан роботлар чиқяпти. Бундан эрлик, хотинлик вазифасида фойдаланса, бунга шариатимиз рухсат бермайди.

 

— Рўзани очиш ва ёпиш дуосини ўқиш шартми?

 

— Рўзани очиш ва ёпиш дуоларини ўқиса яхши бўлади. Бунда ният бор. Ёки рўза тутишни қалбдан ўтказиб қўйса ҳам бўлаверади.

 

— Ўзи бева бўлсаю ўзига тўқ бўлса, бошқаларга ёрдам қилса бўладими?

 

— Албатта бўлади. Закот улашиш, эҳсон қилиш ҳақида аёлларга доир ҳукмлар ҳам бор.

Read 2098 times

Мақолалар

Top