Мақолалар

Долзарб мавзу 

“Меҳрнинг тафтини туйганмисиз?”

“Бирор марта меҳрдан тўйганмисиз?”

Табиийки, кўпчилигимиз бу саволларни ўқиб ҳайрон бўламиз. Чунки ҳаммамиз ота-онамизнинг, яқинларимизнинг меҳридан тўйиб, жаннатмонанд Ватанимизнинг меҳри тафтини туйиб яшаяпмиз. Яъни бизларга меҳр бегона эмас. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин.

Лекин... лекин ҳамма ҳам шундай эмас. Меҳрга зор, Ватанга ташна, ширин сўзнинг гадоси, бир бурда нонни кўзига тўтиё айлаганлар бор. Улар бегона эмас. Айнан сизу бизнинг юртдошларимиз. Улар пешонасига ёзилганига рози бўлмасдан, юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар, шароитларга қаноат қилмай, мўмай даромад илинжида чет элларга иш излаб кетаётган юртдошларимиздир. Афсуски, улар террорчи тўдаларнинг тузоғига тушиб қолганини кеч англаб етишмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқларига биноан “Меҳр 5” операцияси доирасида Суриянинг “ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида мажбурий ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – жами 93 нафар юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди.

Эсингизда бўлса, аввал ҳам “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари амалга оиширилиб, 320 дан зиёд ватандошларимиз юртимизга қайтарилган эди.

Ойларнинг энг улуғи – Рамазонда, кунларнинг энг улуғи – жумада бундай хайрли ишларни амалга оширишнинг ажри жуда катта. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Одам боласининг ҳар бир эзгу амалига (Рамазон ойида) ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб ато этилади” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзосига, ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан қаралади. Махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз. Чунки барчамизнинг яратувчимиз яккаю ягона Аллоҳ таолодир.

Бугун ҳар қадамда “эътиқод ўғрилари” изғиб юрганини яхши биламиз-ку. Имом-хатибларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан, “ҳижрат” аталмиш сохта даъволарга учаётганлар ҳали ҳам учраётгани кишини ташвишга солади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда: “Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ойнаи жаҳон, ижтимоий тармоқлар, интрнет сайтлари орқали “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари доирасида юртимизга келтирилган фуқароларнинг бошидан не кунларни ўтказганларини кўрдик, эшитдик.

Куни кеча юртимизга келтирилган 93 нафар кишидан 7 нафари боқувчисини йўқотган чин етим болалар экан. Бугун фарзандларини нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталар, оналар ўзга юртларда ўзгаларнинг алдовига ишониб, пуч орзулар қурбонига айланишди. Уларнинг фарзандлари эса мамлакатимизга олиб келинди.

Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Бежиз Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), демаганлар.

Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маъсум болаларга, муштипар аёлларга бошпана бўлган жаннатмонанд Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Ер юзидаги энг яхши маъводир.

Бу норасидаларда нима айб?! Улар шу пайтгача ўзбекистонлик бошқа тенгдошлари қатори шу азиз юртдаги мактабгача таълим муассасаларида, умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олишлари мумкин эди-ку! Наҳотки, катталар, яъни ота-оналар шуни англаб етмаган бўлсалар!

Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлардан, жанггоҳлардан 93 нафар юртдошимизни тинч-осуда юртга қайтаришнинг савоби жуда улуғ, ота-онасидан, яқинларидан айрилган болаларни оталиққа олишнинг ажри жуда юксак. Албатта, бундай юртга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзу баракаси ёғилиши шубҳасиз. 

Юртимизда келтирилган 93 нафар киши эндиликда Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсида тинч-осуда, малакали шифкорлар кўригида, меҳрдан тўйишади ва Ватанимизнинг иссиқ тафтини туйишади.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

Read 1903 times

Мақолалар

Top