Мақолалар

Кечириш, бағрикенглик халқимизга хос инсонпарварликдир

Инсон ҳаёт йўли давомида хато қилиши, адашиши мумкин экан. Хатоларидан тўғри хулоса чиқарган ва тавба қилганларни Аллоҳ таоло ҳам кечиради.

“(Эй Муҳаммад), Менинг (турли гуноҳ – маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларини) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир”.(“Зумар” сураси, 53-оят).

Ўз йўлидан адашганларга яна бир бор имкон бериб кечириш, суяш, йўл-йўриқ кўрсатиб, бағрикенглик қилиш халқимизга хос бўлган энг юксак инсонпарварлик намунаси ҳисобланади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий саъй-ҳаракати билан асосан аёллар ва болалардан иборат “Меҳр-5” операцияси натижасида Суриядаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталарга” бориб қолиб, “Ал-Ҳол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди. “Меҳр” инсонпарварлик операциясининг узвий давоми сифатида муборак Рамазон ойи кунлари амалга оширилган ушбу тадбир улкан аҳамиятга эга бўлиб, бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Маълумки, ушбу ойда яхшилик, кечиримлилик, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, адоватни унутиш каби инсоний фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлади. Ана шу жиҳатдан, ушбу тадбир айни вақтида ва ўрнида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан:

“Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”

(Тағобун сураси 14-оят).

Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.

Вақтида ватан, тинчлик, яқинларининг қадрига етмасдан ўзга юртларга “жиҳод”, “ҳижрат” дея чиқиб кетган инсонлар таъбир жоиз бўлса мана шу нарсаларга хиёнат қилган эди деб айтсак ҳам хато бўлмас. “Жиҳод”, “ҳижрат” тушунчалари исломда катта аҳамиятга эга. Бу шунчаки ҳар бир киши ўзининг тушунчаси ва хоҳиш-истаги билан амалга оширилаверадиган ишлар эмас. Унинг мазмун-моҳияти, шарти, шароити, мақсад чуқур ўрганилиб, сўнг амалга оширилади. Бу борада етарли билимга эга бўлмаган айрим фуқаролар Сурия, Ироқ ерларига кетиб қолишди. Ҳали чин ихлос билан бу сафарга чиқишнинг ўзи кўп нарсаларни талаб қилиб турган бўлса, моддий манфаат ва бошқа дунёвий ниятлар аралшаган сафарнинг охират учун фойдаси эмас, балки зарари ҳам бордир. Бу каби ҳаркатлар билан фитнанинг авж олиши, бегуноҳ инсонларнинг, мўмин-мусулмонларнинг қонлари ноҳақ тўкилишига сабаб бўлиши албатта, улкан гуноҳдир. Буни англамаган ёшлар Сурияга чорлаб жар солаётганларнинг “Сурияда жиҳод фарзи айн” деб лоф уришаётганини, ҳолбуки жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмаслигини билмайдилар. Балки, бу каби урушлар Исломда ҳаром қилинган уруш ҳисобланади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади. Ўзининг юрти уламоларини вақтида нодон, илмсиз, ҳатто кофир дейишгача борган, юрт, тинчлик қадрига етмаган ва бугунги кунда қилиб қўйган ишларидан минг пушаймон қилаётган, уруш ўлкаларида хору зор бўлиб, лагерларда асирликда қийналиб ётган аёллар ва болаларни кечирган Президентимиз ва халқимиз уларга том маънода инсонпарварлик, мўминлик ва мурувват қўлини чўзмоқда.    

Билиб-билмай хато қилган ва бугун қилмишига чин маънода пушаймон бўлиб, ватанига қайтарилганлар, фарзандларини бағрига босиб, мамлакатимизда қарор топган инсонпарварлик, адолат учун шукроналикларини изҳор этишлари зарур. Энди улар ҳам мамлакатимизда эзгу мақсадлар йўлида амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватан келажаги, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб, Халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини муносиб оқлаши лозим.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

 
Read 1965 times

Мақолалар

Top