Мақолалар

“Муборак ой суҳбатлари” (11-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирга узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони эътиборингиз марказида.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Рамазони Шариф барчангизга муборак бўлсин! Тутаётган рўзангизни Аллоҳ таоло Ўз даргоҳида хусни қабул айласин.

Бугун студиямиз меҳмони пойтахтимиздаги “Сирож солиҳ” жоме масжидининг имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров бўлади. Ассалому алайкум. Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Ўтган кўрсатувларимиз давомида мухисларимиз томонидан йўлланган саволлардан маълум бўлдики, Рамазондаги эҳсон тушунчаси кўпчиликни қизиқтираркан. Шундан келиб чиқиб бугунги кўрсатувимизни эҳсон ибодатига бағишласак. Ўйлаймизки, ушбу саъй-ҳаракатимиз юртдошларимизга наф беради.

Ҳасан Қодиров: — Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн! Амма баъд. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Муҳтарам дўстлар, барчангизга Рамазон ойининг иккинчи мағфират даҳаси қутлуғ бўлсин. Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилиб, Рамазон ойида гуноҳлардан мағфират бўлиб чиқишлик саодатини ҳаммамизга насиб қилсин.

Халқимизда эҳсон, деганда дастурхон ёзиб, кишиларга таом едириш тушунилади. Бу жузъий маънодаги эҳсон сўзининг маъносидир. Аслида Исломда эҳсон сўзи маъносининг қамрови жудаям кенг. Бу барча соҳани қамраб олган. Мисол учун ибодатдаги эҳсон. Фарз, суннат амаллариини ўз вақтида адо этишлик ибодатдаги эҳсондир. Агар бир киши рўза тутиб, Рамазоннинг барча талабларини бажарган бўлса, бу ҳам эҳсон. Одамларга гўзал муомалада бўлиш ҳам эҳсон. Ота-она билан мулойим сўзлашиш ҳам эҳсон. Қилаётоган амалларимиз шариатга мувофиқ бўлса, ҳаммаси эҳсон ,деб айтилади. Табиат, ҳайвонат оламига кўрсатилган ғамхўрлик ҳам эҳсон, деб тушуниш мумкин.

Айтайлик, оддий дуродгор ҳамма ишини тартибли бажарса, одамларга наф етказса, бу ҳам касбу коридаги эҳсондир.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли бир киши келиб, менга Ислом ҳақида хабар беринг, деди. Расуллуллоҳ алайҳиссалом Ислом ҳақида хабар бердилар. Сўнг иймон ҳақида хабар беринг, деди ҳалиги киши. Пайғамбаримиз алайҳиссалом иймон ҳақида хабар бердилар. Ваниҳоят эҳсон ҳақида хабар беринг, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эҳсон, сен Аллоҳни кўриб турганингни ҳис қилиб ибодат қилганинг ёки Аллоҳ сени кўриб турганидек ибодат қилганидир, дедилар. Бу ибодатдаги эҳсонга энг гўзал таърифдир.

Ибодатни биз фақат намоз ўқиш, деб тушунамиз. Аслида, бунинг маъноси кенг. Эҳсон инсоннинг хулқини гўзаллаштиради. Эҳсон коинот ва мавжудот билан шариат нуқтаи назаридан яшашни ўргатади. Эҳсон инсон ҳаётини шариат андозасига солади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Оли имрон” сураси, 148-оятида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади”. Яъни оятида каримада Аллоҳ эҳсоннинг мақомини билдириб қўяди. Эҳсоннинг бу дунёда ҳам мукофоти борлиги, зое кетмаслигини таъкидламоқда. Яхшилик қилган одам яхшилик кўради. Яхшилигининг яхшилигини бу дунёда ҳам кўрсатиб қўяди. Охиротда эса жаннатдир.

Уломалар эҳсон — санга ёмонлик қилган одамга яхшилик қилишдир, дейди. Бизда эса эҳсон деса дастурхон ёзиб, ноз-неъмат улашиш, камбағалларга ёрдам кўрсатиш тушунилади. Лекин эҳсоннинг қамрави кенг.

Рамазон — эҳсон ойи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда шамолга ўхшаб сахий бўп кетарди. Сахийилиги ошиб кетарди. Биз ҳам эҳсон ва амалларимизни кўпайтиришмиз керак. Рамазонда закот берилади, бу — фарз амали. Кулиб қўйиш ҳам эҳсондир.

Садақа Раббнинг ғазабини тўхтатади. Ёмон ўлимдан сақлайди. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ҳам бор. Ёмон ўлим имонсиз вафот этиш, деганидир. Садақа ана шундай ёмон ўлимдан асрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам битта хурмо бериб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар, деган. Ночорларга эҳсон қилсак, ўзимизга яхшилик бўлиб қайтади. Эҳсон қилган одамга Аллоҳ таоло савоб битади ва ажр беради. Шу маънода берган одам ютади. Аслида биз муҳтожмиз эҳсон қилишга.

Аввало, эҳсоннинг мазмунини тушунишимиз керак. Эҳсоннинг мазумнини киши билганида эди, одам ҳамма нарсасини берворарди. Бу дунёда савобнинг бозори арзон. Охиратда бундай бозор йўқ.

Бошловчи: — Кишилар оилада қандай эҳсонларни тез-тез амалга ошириб тургани яхши. Шу тўғрисидаям тўхталиб ўтсангиз?!

Домла: — Оддий, харажат қилмасдан қилинадиган эҳсонлар кўп. Эрталаб ота-онага салом бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам эҳсон. Бола-чақага яхши гапиириш, уларнинг кўнглини кўтариш ҳам эҳсон. У шу куни баракали бўлади.

Айтайлик, кечқурин ош қилиб, қўшниларга улашиш ҳам катта эҳсон. Аллоҳ бунинг баркасиниям бериб қўяди. Қолаверса, бу қўшнининг ҳаққини адо этиш ҳамдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир динорни қул озод қилишга ишлатдинг, яна бир динорни аёлингнинг оғзига таом қилиб солдинг. Иккинчиси энг яхши эсондир. Нима учун дейилса оилани боқиш фарздир. Аллоҳ таоло бу амални фарз даражасига кўтариб қўйган. Шунинг учун бунинг даражаси ҳам юқори бўлади.

Шундай маънодаги бир ҳадиси қудсий бор: “Аллоҳнинг розилигини синиқ қалблардан излангиз”. Яъни ким Аллоҳнинг розилигини оламан, деган мўмин муҳтож, кўнгли ўксик инсонни топиб эҳсон қилиши керакки, бу ишидан унинг кўзидан ёш чиқиб кетса, ана шу энг яхши эҳсондир. Ана шу муҳтож одам Худодан аслида, сизни сўраган бўлади. Хурсанд бўлдими, қалби сурурга тўлдими, бас, унинг дуо қилгани шу бўлади. Муҳтож, кўнгли ўксикларнинг эса дуоси ижобат бўлади. Аллоҳ билан уларнинг ўртасида парба бўлмайди.

Тарихда қайдай буюк инсонлар ўтган бўлса, улар синиқ қалбларнинг дуосини олиб, шу мақомга етишган. Масалан, Молик ибн Диннор кўчадан кетаётган бир мазлумнинг қизларига олган кийим-кечагини ўзидан бақувват одам куч билан тортиб олаётган бўлади. Молик ибн Диннор эса ўша молни эгасига қайтариб олиб берганида ҳалиги мазлум хурсанд бўлиб, дуолар қилади. Ва айтадики, мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиб бу бозорга тушгандим, яъни қизимни хурсанд  қилиш учун кийим олгандим ва уни қизимга олиб бормоқчи эдим, дейди. Энди кетаётганида Молик ибн Диннор тўхта дейди, кийимларни қизларингга олиб борганингда хурсанд бўлиб кийганида мени ҳам битта дуо қилиб қўйсин, дейди.

Молик ибн Диннор шу воқеадан кейин мен умуман бошқа одамга айланиб қолдим, қалбим очилди, ва Аллоҳга бўлган муҳаббатим зиёда бўлди, дейди.

Бошловчи: Эҳсон ҳақидаги суҳбатимизда солиҳлар, бизга ибрат бўла оладиган инсонларнинг ҳаётидаги воқеалар, ўйлаймизки, телетомошабинларга ҳам қизиқарли бўлди. Аслида, илм ҳам бир эҳсон. Илм эса савол ва жавоблар орқали мукаммал бўлади. Демоқчиманки, кўрсатувимизнинг иккинчи қисмига етиб келдик.

 

— Ассалому алайкум. Агар киши Рамазон ойида вафот этса, у жаннатга кирадими?

 

— Рамазон ойида солиҳ банда ҳам, имонсиз киши ҳам вафот этиши мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, агар солиҳ амаллар соҳиби, Аллоҳнинг фарзларини мунтазам бажариб келган бўлса, унинг Аллоҳнинг ҳузурида даражаси баланд бўлади. Имонсиз, дунёда одамларга фақат зиён-заҳмат етказиб келган бўлса, бундай одам эса ўз қилмишига яраша жавоб беради. Демоқчимизки, Рамазонда вафот этганнинг ҳаммаси ҳам жаннатга киравермайди.

 

— Айтайлик, пешин намозининг дастлабки тўрт ракат суннатини ўқиб бўлдингиз. Ва фарзини ўқиётганда кишининг таҳорати синса, аввалги суннат намозлари ҳам қайта ўқиладими?

 

— Аввалги ўқилган тўрт ракат суннат намози қайта ўқилмайди. Фиқҳ китобларида агар пешин намозининг тўрт ракат фарзини ўқиётган пайти таҳорати синса, ҳеч кимга гапирмасдан туриб, таҳорат олиб келиб, тўрт ракат фарз намозини бошидан ўқиган афзал, деб айтилади.

 

— Муҳожирмиз. Ватандошлар билан йиғилиб, таровеҳ намозини ўқиймиз. Лекин ҳар тўрт ракатдан кейин тасбеҳни билмаймиз. Таровеҳни тасбеҳсиз ҳам ўқиса бўладими?

 

— Ҳар тўрт ракатдан кейин шу тўрт ракат миқдорича ўтириб, ором олиш мустаҳаб. Энди бекор ўтирмасин, деб тасбеҳ жорий қилинган. Лекин тасбеҳсиз ҳам бўлаверади.

 

— Рўзамнинг бир кунини қасддан бузиб қўйдим. Бу аввалги кунги рўзаларимга таъсир қилмайди. Каффорат рўзасини тутишни соғлиғим кўтармайди. Ишим оғир, бунинг устига олтмиш кишини тўйдиришга ҳам имкониятим йўқ. Қилган ишимдан пушаймонман.

 

— Агар Рамазон ойининг рўзасини қасддан бузиб қўйса, аввалги рўзаларига таъсир қилмайди инша Аллоҳ. Чунки ҳар бир куннинг рўзаси алоҳида бўлакларга бўлинган.

Саволнинг иккинчи қисмига ўтадиган бўлсак, агар киши рўзасини қасддан бузса, кетма-кет олтмиш кун рўза тутади. Агар ҳозир бунга қурби етмаса кейинроқ тутиб бериши мумкин. Агар бунга ҳам қурби етмаса олтмишта мискинга таом беради. Бунга ҳам ҳозир қурби етмаса кейинроқ берса ҳам бўлаверади.

 

— Менинг ичимда ҳам бир одам бордек. Ҳаёлимга ҳар хил фикрлар келаверади. Намоз ўқиётганимда ҳам шундай бўлади. Бундан қутилиш учун нима қилсам бўлади?

 

— Бу каби васвасаларни Аллоҳ таолога истиғфор айтиш билан кўнгилдан аритса бўлади. Иложи бўлса кўпроқ “Нос” ва “Фалақ” сураларини ўқиган маъқул.

 

— Учта қизим бор. Учинчи қизимга Ясина, деб исм қўйганмиз. Бу исмни қўйса бўладими ўзи?

 

— Ясина исмини қўйиб бўлмайди. Аслида бу исм араб тилидаги иккита ҳафр “Я”, “Сиин”дан ҳосил бўлган. Буларнинг маъноси бизга маълум эмас. Умуман олганда, мен бу исмни қўймасликларини тавсия этаман. Ўзгартиришлари керак бўлади.

 

— Бугун саҳарлик пайти оғзимни эртароқ ёпдим. Лекин бироздан кейин дори ичишим эсимга тушиб қолди ва дори ичдим. Бу билан рўзам бузилмайдими?

 

— Субҳи содиқгача ҳали вақт бўладиган бўлса, бемалол у-бу нарса еб олиши ҳам, дори ичиб олиши ҳам мумкин. Сўнг яна ният қилиб оғизни ёпади. Бунда рўза бузилмайди.

 

— Қиз бола машина миниши мумкинмас, дейишади. Шу гап тўғрими?

 

— Бу борада икки хил фикр илгари сурилади. Баъзи уломалар қиз боланинг машина минишига қарши. Сабаби, аёл боши билан кўчада юриши, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан муомала қилишларига тўғри келади. Баъзи бирлари эса жуда зарурат бўлса, миниши ҳам мумкин, дейди. Бу борада катта уломаларимизнинг фатволарини тингласак яхши бўлади.

 

— Ассалому алайкум, домла. Шукр саждаси борми?

 

— Шукр саждаси бор. Расуллуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам хурсанд бўлганларида сажда қилганлар. Икки ракат шукр намозини ҳам ўқиш мумкин.

 

— Имом Маҳдий ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

 

— Имом Маҳдий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зурриётларидан дунёга келадиган зот бўладилар. Қиёматнинг катта оламатларидан бири Имом Маҳдийнинг туғилишларидир. Бу киши дажжол чиққанидан кейин чиқади. Исо алайҳиссалом ва Имом Маҳдий дажжолга қарши курашадилар. Дажжолда ҳамма фитна бўлади. Бу қиёматнинг катта аломати. Имом Маҳдий ниҳоятда адолатли амир бўлади. Ер юзини фасоддан тозалайди.

 

— Рўза тутиб келаётгандим. Бир куни зонт ютишимга тўғри келди. Рўзадан кейин бир кун рўза тутсам бўладими?

 

— Агар чиндан ҳам ошқозон чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ натижасида зонт ютган бўлса, унда рўзаси очилмайди. Ёки чидаб бўладиган бўлса, кечқуринлари ишлайдиган клиникаларда, ёки тонг саҳарда ишлайдиган клиникаларда зонт ютса бўлади.

 

— Мисрдаги аэропортда эдим. Ҳужжатларимдаги камчилик туфайли жарима тўлашга тўғри келди. Аммо ёнимда пулим етмай қолди. Нима қилишни билмадим. Шу пайт бир ўзбек талаба йигити менинг ўрнимга 100 доллар жарима тўлади. Мен унга манзилингизни ва исмингизни айтинг, дедим. У ҳозир ручка топиб келаман, деб бир зумда ғойиб бўлди. Қиёмат куни бу бўйдимда қарз бўлиб қолмайдими? Мен у йигитни изламоқчи эдим. Лекин қўлимда чақолоғим бор, уддасидан чиқолмадим. Бунинг ҳукми қанақа бўлади?

 

— Агар у йигит қарз маъносида берган бўлса, бўйнида қарз бўлиб туради. У йигитни кутадилар. Унинг гап-сўзини тинглайди. Қарз маъносида бўлса, қайтиб беради. Агар топилмаса, шу миқдордаги пулни жуда қийналганга беради. Шундан сўнггина қайтиб келиб қолса, пулни эгасига тўлайди. Эҳсон бўладиган бўлса, аёлнинг зиммасида у йигитнинг қарзи қолмайди.

 

— Рамазон ойидан бошқа ойларда саҳарлик ва ифторлик вақтларини қандай билишимиз мумкин?

 

— Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишлик суннат амал ҳисобланади. Саҳарлик субҳ билан, ифторлик эса шом намозининг кириши билан белгиланади. Шунингдек, бир йиллик тақвимлар бор. Унда субҳ ва шом вақтлари белгиланиб қўйилган.

 

— Таҳорат олаётган вақтда киши ўзи билмаган ҳолда аъзоларини икки ёки тўрт марта ювса, таҳорат олган ҳисобига ўтадими?

 

— Киши таҳорат олаётганда сувнинг миқдорига қараб бир марта ювса ҳам бўлади. Бунда таҳорат олишнинг фарзини бажарган бўлади. Агар суннатга амал қилинадиган бўлса, уч марта ювиш керак. Ўзи билмаган ҳолда аъзоларини тўрт марта ювиб қўйса, бунинг зарари йўқ.

 

— Намозхон киши ўзидан катта киши намоз ўқиётганда унинг хатоси кўрса ва кейин шу хатоликни айтса, гуноҳ бўлмайдими?

 

— Йўқ, гуноҳ бўлмайди. Албатта, хатоликни қандай даражада тушунтиришларига боғлиқ. Агар дилини ранжитадиган даражада тушинтирса, бу яхшимас. Ёки тушунтириш асносида унинг кўнглини кўтарса, бу албатта, яхши. Агар хатоликни кўриб туриб айтмаслик ҳам яхши эмас. Айтиш керак.

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини юксак даражада яхши кўрганлар. Биз ҳам уларни шу даражада яхши кўриш, юксак муҳаббатга эга бўлиш учун қандай амалларни қилсак бўлади?

 

— Аввало, Расулуллоҳ алайҳи васалламни яхши кўришлик бу иймон тақозоси. Биринчи навбатда, У зотга муҳаббат қўйишларимиз учун У зотнинг тарихи ва сийратини яхши ўрганиб олишимиз лозим. У зотни яхши таниб олишимиз, мақомларини билишлигимиз керак. Кейин ўз-ўзидан У зотга муҳаббатимиз тушиб қолади.

 

— Ифторликда оғиз очиш учун сув оловга тегмаган, қайнамаган бўлиши керак, дейишади. Шу тўғрими?

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо билан оғиз очганлар ва совуқ сувни яхши кўрганлар. Оловга теккан сув билан оғиз очиб бўлмайди, деган гап йўқ динимизда.

 

— Исмим Жалилбек. Бу Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмларидан 42-чиси. Нима деб ўйлайсиз, исмимни Абдужалил, деб ўзгартирсаммикин?

 

— Бу исмни Абдужалил, деб эълон қилса, яхши бўлади. Ўша пайтда эътибор беришмаганда.

 

— Сеҳр-жоду борми? Агар бўлса уни қилганларга қандай ҳукм бор?

 

— Сеҳр-жоду қилганлар шариатга қарши иш, бировга зулм қилган бўлади. Яхши оилаларни бузган бўлади. Улар Аллоҳ таолога тавба қилиш керак. Сеҳр-жодунинг таъсири бор. Унинг таъсиридан ҳимояланиш учун инсон таҳоратда, ибодатда ва Қуръон оятларини кўп тиловат қилиб юриши керак.

 

— Мен таксичиман. Баъзан нарсаларни ҳам манзилига етказиб бераман. Бирхиллар телефон қилиб ароқ, сигарет олиб келинг, деб қолади. Шуларни олиб бориб берсам, гуноҳкаор бўлиб қолмийманми?

 

— Гуноҳкор бўлиб қоласиз.

Read 1840 times

Мақолалар

Top