Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар!

Қадрли уруш ва меҳнат фахрийлари!

Аввало, мана шу улуғ айём кунларида, муҳташам Ғалаба боғида туриб, сиз, азизларни, бугунги тантанали маросимни жойлардаги студияларда, ҳарбий округларда, оила даврасида телевидение орқали томоша қилаётган барча фахрийларимизни кўпмиллатли бутун халқимизни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда буюк Ғалабанинг 76 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

 

Муҳтарам уруш ва меҳнат фронти фахрийлари!

Бугунги шонли санани биз доимо чексиз қувонч ва чексиз изтироб билан нишонлаймиз. Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирамиз.

Сиз, мўътабар фахрийларимизнинг беқиёс қаҳрамонлигингиз инсоният тарихига абадий ўчмайдиган, буюк саҳифа бўлиб ёзилганини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Улуғ ва табаррук ёшларга етиб, бугун орамизда соғ-саломат, дуогўй бўлиб юрган уруш ва меҳнат фронтининг барча жангчиларига яна бир бор юксак меҳр ва ҳурматимизни изҳор этиб, уларнинг барчасига чин юракдан ташаккур айтамиз.

Ҳаётнинг оғир ва аччиқ синовларини мардона енгиб ўтган Сиз, азизларнинг Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялашга қўшаётган муносиб ҳиссангизни барчамиз юксак баҳолаймиз.

Сизларнинг мардлик ва матонатингиз коронавирус пандемияси давом этаётган ҳозирги мураккаб даврда ҳам ана шу хатарли касалликка қарши курашда бизга куч ва мадад бермоқда.

Биз – бугунги миннатдор авлодлар сизлар каби жасур оталаримиз билан умрбод фахрланамиз.

Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сизларнинг жанг майдонларида буюк қаҳрамонлик кўрсатганингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади.

 

Ҳурматли юртдошлар!

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келган энг даҳшатли қирғин бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олти йил давом этган бу қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди.

Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилгани ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлгани ҳар қандай одамни ларзага солади. Энг кўп қурбонлар собиқ Иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келиб, қарийб 27 миллион кишини ташкил этганини бугун ҳам улкан қайғу ва изтироб билан эслаймиз.

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қаторида урушнинг биринчи кунларидан бошлаб фашизмга қарши жангга кирди. Ёвуз душманни тор-мор этиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Шу борада баъзи бир энг муҳим, илгари бизга номаълум бўлган факт ва рақамларни яна бир бор эслаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман.

Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.

Бизбу рақамларни ҳар йили 9 май – Ғалаба байрамида қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.

Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир.

Ўзбекистон халқи ана шундай оғир талафотлар кўриб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшди. Бу ҳақиқатни
200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани ҳам яққол исботлайди. Ватандошларимизнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди.

“Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ғоя эл-юртимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинди ва қисқа муддатда қайта ишга туширилди.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди.

Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб  инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. “Тошкент – нон шаҳри”, “Ўзбекистон – меҳр мамлакати” эканини амалда яна бир бор исботлади.

Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Ва бу билан биз ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

 

Муҳтарам ватандошлар!

Сизларга маълумки, кейинги йилларда халқимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатлари очилгани, собиқ Иттифоқ республикалари ва чет элдаги архив ташкилотлари, музей ва фондлар, олим ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик кучайгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихи янги маълумот ва далиллар, ноёб ҳужжатлар билан бойиб бормоқда. Мавзуга оид янги-янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва альбомлар, кўплаб картина ва ҳайкаллар яратилмоқда.

Таълим масканлари ва маҳалла идораларида ушбу йўналишда ташкил этилган стенд ва кўргазмаларда жангчи ота-боболаримизнинг ўлмас сиймолари, улар ҳақидаги муҳим тарихий маълумотлар акс эттирилмоқда. Биз бу ишларни янада кенг кўламда, фаол давом эттиришимиз зарур.

Бугун уруш йилларида беш азамат ўғлидан жудо бўлган Зулфия Зокирова ва унинг оиласига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтирдик. Бу матонатли инсон тимсолида барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиромимизни изҳор этдик.

Ишончим комилки, ана шундай фидойи оналаримиз – севган ёри ва фарзандларига, оиласи ва юртига содиқ аёлларимизнинг жасорати ёш ўғил-қизларимиз учун Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат, сабр-матонат тимсоли бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ушбу мажмуадаги ҳар бир ёдгорликнинг маъно-мазмуни ва фалсафасини, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ғалаба боғи фаолиятини ташкил этиш ҳақида ўтган йили қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, бу борада эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, уларнинг барчаси ҳақида сўзлаш учун кўп вақт керак. Мен фақат энг муҳим ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Аввало, Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасини ҳарбий тарихимиз, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари жасоратини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш ҳаракати бошланди. Шу мақсадда ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан мажмуанинг электрон платформаси, онлайн дастурлар яратилди ва уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Мажмуанинг веб-сайти такомиллаштирилди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 миллионга яқин ватандошларимизнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш ва шу асосда “Ватан фидойилари” хотира китобини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган қисқа даврда, карантин шароитига қарамасдан, Ғалаба боғига 350 мингга яқин юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар ташриф буюрди. Уларнинг орасида ўқувчи ва талаба ёшлар, муҳтарам нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, Ҳамдўстлик давлатлари ва бошқа чет эл фуқаролари, юқори мартабали хорижий делегациялар аъзолари борлиги айниқса эътиборга сазовор.

Бу ерга ташриф буюрган одамларнинг Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига кўрсатилаётган улкан ҳурмат-эътибор ҳақида билдирган самимий фикрлари, юксак баҳолари, ўйлайманки, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Ғалаба боғи қисқа муддатда табаррук зиёратгоҳга, турли учрашувлар, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар мунтазам ўтказиладиган қутлуғ масканга айланиб қолгани барчамизни қувонтиради. Айниқса, 300 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган “Шон-шараф” ҳарбий фестивали, ёш ижодкорларнинг уруш мавзусидаги кўргазмалари, кўрик-танловлар кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Бугунги кунда мажмуа таркибида фаолият кўрсатаётган “Шон-шараф” давлат музейида 12,5 мингга яқин экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.

Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомини тилга олиш ўринлидир. Бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилган.

Шу борада биргина мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Маълумки, таниқли саҳна устаси Маъсума Қориева урушдан олдинги йилларда собиқ Ҳамза театрининг етакчи артистларидан бири бўлган. Унинг қайнотаси – жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси Абдувоҳид қори, қайин укаси – истеъдодли шоир Олтой Қориев, турмуш ўртоғи – Маданият вазирлиги санъат бошқармасининг бошлиғи Босит Қориев 30-йилларда ноҳақ сиёсий қатағонга учрайди. Қайнотаси ва эри ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Юртга ёв бостириб келган оғир кунларда Маъсума Қориева ўз бошига тушган фожиани унутиб, икки фарзанди – Шавкат ва Ботир Қориевларни фашизмга қарши жангга юборади. Ўзи эса ҳозирги Ўзбек миллий театрида касаба уюшмасига раҳбарлик қилиб, ғоят оғир даврда ходимларни моддий таъминлаш учун жонбозлик кўрсатади.

Уруш тугайди, лекин Маъсума аянинг фарзандларидан дарак бўлмайди. Муштипар она уларнинг изларини излаб Москвага боради. У ерда иккала ўғли ҳам жангларда ҳалок бўлганини аниқлайди.

Маълум бўлишича, урушда кўрсатган жасорати учун Шавкат Қориев “Қизил байроқ” ордени, Ботир Қориев эса “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган экан. Минг афсуски, Маъсума Қориева у пайтда бундан бехабар эди. Онаизор фарзандлари доғини кўтаролмасдан, 1946 йили Москвада вафот этади.

Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз.

Ўйлайманки, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўларди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Юртимиздаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла ва таълим муассасаси, давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилигимиз уруш иштирокчиларига доир материалларни тўплаш ва тарғиб этишда янада фаол иштирок этадилар, деб ишонаман.

Айниқса, замонавий илм-фанларни, хусусан, миллий тарихимизни катта қизиқиш ва меҳр билан ўрганаётган ёшларимиздан бу борада янги ташаббус ва ҳаракатларни кутиб қоламиз.

Бугунги кунда юртимизда уруш қатнашчилари ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ электрон базасини яратишнинг вақти-соати келди. Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибасини ўрганиб, бундай амалий ишларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этишимиз лозим.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, бу борада махсус сайтлар, Интернет ресурсларни кўпайтириш ҳақида қарор лойиҳасини тайёрлаб киритиш топширилади.

 

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди.

Шу боис биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади. Байрам муносабати билан бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Жумладан, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини қутлаш, табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилди. Ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг уй-жойлари таъмирланди ва обод қилинди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатадиган, уларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган патронаж хизмати йўлга қўйилди. Ана шундай фахрийларимиз ўз хоҳиш-истаклари асосида республикамиздаги санаторийларда даволанмоқда. Байрам кунларида барча шаҳар ва қишлоқларимизда хотира тадбирлари ўтказилмоқда.

Албатта, халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми бўлган бундай савобли ишларни биз бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.

 

Қадрли дўстлар!

Бугунги нотинч ва таҳликали ҳаётнинг ўзи Иккинчи жаҳон урушининг қонли фожиаларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшашни бутун дунё халқларидан талаб этмоқда. Ер юзида тинчлик учун курашиш, дунё давлатлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биз янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясини айнан мана шундай тамойиллар асосида амалга оширмоқдамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.

Айниқса, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамиша бош вазифамиз бўлиб қолади.

Дунёда ва минтақамиздаги нотинч вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз доимо ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириб, ёшларимизни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялашимиз зарур.

Ана шундай ғоят муҳим вазифаларни самарали адо этишда буюк аждодларимиз, муҳтарам фахрийларимизнинг мардлиги ва шонли анъаналари, ҳеч шубҳасиз, биз учун доимо ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Халқимиз ва миллатимизнинг юксак қадрият ва фазилатлари айнан ана шундай асосда шаклланади ва ривожланади.

Қаҳрамон оталаридан ўрнак ва намуна олиб, улар билан доимо фахрланиб яшайдиган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди ва ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади.

 

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Сиз, азизларни бугунги қутлуғ байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Мана шу имкониятдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган яна бир улуғ айём – муқаддас Рамазон ҳайити билан ҳам барчангизни самимий муборакбод этаман.

Хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат тилайман.

Халқимиз ва бутун инсоният учун буюк Ғалаба келтирган барча жасур жангчиларимизга шон-шарафлар бўлсин!

Тинчлик ва озодлик йўлида ўз азиз жонларини фидо этган қаҳрамонлар хотираси ҳамиша барҳаёт бўлсин!

Барча эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Доимо соғ-саломат бўлинг, азизларим, қадрдонларим!

Read 1620 times

Мақолалар

Top