Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Закот кимларга берилади-ю, кимларга берилмайди? Закот беришда ният қилиш шартми?

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров билан уюштирилди.

 

Закотнинг моҳияти нима?

Закот — Исломнинг беш фарзидан бири, молиявий ибодатдир. Унинг «ўсиш», «салоҳият» каби маънолари бор. Истилоҳда эса бой киши маълум бир моллардан зиммасига вожиб бўлган миқдорни камбағалга мулк қилиб беришидир. Закот беришда нисоб ва йил ўтиши эътиборга олинади.

Закотнинг фарзлигига Қуръони карим, ҳадислар ва умматнинг ижмоси далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Намозни қоим қилинг ва закотни беринг...» (Бақара сураси 43-оят). Қуръони каримда худди шу жумла буйруқ кўринишида такрор-такрор келган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом беш нарса устига қурилганини зикр қилиб уларни ичида закотни ҳам санадилар (Имом Бухорий ривоятлари).

У Зот атрофдаги мусулмонларнинг закот молларини йиғиш учун ходимлар жўнатар эдилар. Жумладан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб: «Уларга маълум қилингки, Аллоҳ таоло уларнинг молида бойларидан олиниб камбағалларига қайтариладиган бир садақани вожиб қилган», деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Закотни бермайдиганларни Аллоҳ таоло қаттиқ азоб билан огоҳлантиради: «...Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!» (Тавба сураси 34-оят).

Киши закотга қодир бўлганини қандай аниқлайди?

Закот бериш фарз бўлиши нисоб ва йил ўтишига боғлиқ. Исломда нисоб-бойлик даражаси мол-мулкнинг 85 грамм тилла ёки унинг қийматига етиши билан ўлчанади. Бу бойликка аслий ҳожатлари: уй-жойи, уй асбоблари, кийим кечаклари, касб асбоблари ва улов (машинаси)нинг қиймати қўшилмайди. Демак, кимда қарзларидан ортиқча 85 г тилла ёки унинг қийматидаги кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат моллари бўлса, унинг моли нисоб (бойлик миқдорига) етган бўлади. Бундай киши моли нисобга етгани учун энди закот ололмайди.

Қамарий тақвим бўйича роса бир йилдан кейин ҳам нисоб миқдоридаги мол-мулк эҳтиёждан ортиқча бўлиб, ишлатилмай турган бўлса, ана энди фақирларга мол-мулкининг 1/40 (қирқдан бир, яъни 2,5%)ини закот сифатида беради. Масалан, бир кишининг моли Муҳаррам ойида 85 грамм тилланинг қийматига етди. Келаси йил Муҳаррам ойида эса моли 100 грамм тилланинг қийматига етди. Шунда у мол-мулкининг 1/40 и, яъни, 2,5 грамм тилланинг қийматини закот қилиб беради. Йил ўртасида қийматнинг кўпайиб-камайгани эътиборга олинмайди.

Чорва молларидан қандай закот берилади?

Кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат молларининг закоти бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Лекин чорва молларининг закоти буларга қўшилмасдан, алоҳида ҳисобланади.

Закот бериладиган чорва моллари йилнинг кўп қисмида (6 ойдан кўпроқ) даладан ўтлаб юрган бўлиши керак. Қўлда боқиладиган ҳайвонлардан закот берилмайди. Тижорат мақсадида олиб боқилаётган ҳар қандай ҳайвонларнинг қиймати тилла-кумуш, қоғоз пул ва тижорат моллари қийматига қўшиб ҳисобланади.

Закот бериладиган чорва ҳайвонлари: қўй-эчки, сигир, туя ва от. Бу чорваларнинг турлари ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланмайди. Алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт бўлади. Қўй қирқтага етса, битта қўй; сигир ўттизтага етса, битта бир ёшни тўлдирган бузоқ; туя бештага етса, битта қўй; урғочи ёки эркак-урғочи отлар аралаш бўлганда, отнинг ҳар биттасидан қийматининг 1/40 и закот қилиб берилади.

Бу ҳайвонларнинг сони ортиб борган сари закотга бериладиган сони ўзгариб боради. Уларни батафсил билиб олиш учун фиқҳ китобларга мурожаат қилиш керак. Бунда ҳайвоннинг ўзидан ҳам, қийматини ҳам бериш мумкин. Қайси ҳайвон бўлса ҳам, фақат болаларининг ўзи бўлса, ундан закот берилмайди, лекин катталари билан аралаш бўлса, кичикларини ҳам ҳисобга қўшилади.

Закот беришда ният қилиш шартми?

Албатта, закотда ният шарт. Закот молини ажратаётганда ёки уни фақирга бераётганда закот беришни ният қилиш керак. Ҳеч қандай ниятсиз берилган закот садақа бўлиб, қайтадан закот бериш лозим бўлади. Фақирга бу закот деб айтиш шарт эмас.

Закот кимларга берилади?

Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:

  1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
  2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
  3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
  4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
  5. Мукотаб қуллар;
  6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
  7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
  8. Йўлда қолганлар (моли бору, ўзи билан бирга эмас).

Юқорида санаб ўтилганлардан «диллари Исломга ошно қилинувчилар» ҳазрати Умар даврида закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли «мукотаб қуллар» бугунги кунда мавжуд эмас.

Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, кейин амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, кейин тоға-хола ва уларнинг фарзандлари, кейин бошқадан қариндошлар, кейин қўни-қўшни, маҳалла ва ҳамкасблардан бошлаш афзалдир.

Кимларга закот берилмайди:

Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:

  1. Бой кишиларга;
  2. Бошқа дин вакилларига;
  3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
  4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва уларнинг ота-оналари, ўғил-қизлар ва уларнинг фарзандларига;
  5. Эр ёки хотинга;
  6. Ҳошимийлар, яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Read 2741 times

Мақолалар

Top