Мақолалар

Аразлашиш – шайтоннинг фитнаси

Муқаддас Ислом динида  биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жахли  чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик халол эмас. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажр (савоб)га шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади:

 "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир", дедилар".

Аразлашган икки киши кўчада учрашиб қолиб, бир-биридан юз ўгириб ўтиб кетиши халол эмас. Мана шу икки кишининг кай бири аввал салом берса, шуниси яхшироғи бўлади.

Абу Дардодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам:

«Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми?» дедилар.

«Ҳа! Айтиб беринг!» дейишди.

«Икки томоннинг орасини ислоҳ қилиш. Икки томоннинг орасини бузиш қирувчидир», дедилар».

Шарҳ: Уришиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилишнинг даражаси нафл рўза тутгандан, нафл намоз ўқигандан, нафл садақа қилгандан юқоридир.

Икки томоннинг ораси бузилиши ҳалокатга олиб борадиган нарсадир. Бу худди устара сочни қиргандек, жамиятни қириб, расво қиладиган нарсадир.

Бунинг акси, яъни аразлашиб, жанжаллашиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилиш эса юксак даражадаги савобли ишдир.

Ҳар биримиз аразлашиш ва қариндошлардан узоқлашиш, гина-адоват, нафрат, адоватни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан паноҳ тилашимиз лозим. Аллоҳ мўминларнинг қалбини иймон билан поклади. Қуръон ва суннатда баён қилинган одоблар кишининг қалбидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлайди. Қуръон ва суннат мусулмонларни яқинларига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирларига ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибат изҳор қилишга буюрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши бир-биридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши жоиз эмаслигини марҳамат қиладилар. Зеро, гина-араз яқин кишилар ўртасида меҳр-оқибат йўқолишига олиб келади. Шайтонга мўминлар орасида низо солиши учун қулай фурсат туғилади. Мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса, бу иш гуноҳи кабирадир. Чунки бу одамларнинг ораси бузилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун уч кундан кейин саломлашиб, ярашиб олиш буюрилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: "Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. То бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми - ораларингизда саломлашишни ёйинглар" (Бухорий ва Абу Муслим ривоятлари).

Кимдир оила даврасида кўп эркалик кўрганидан, улғайганида ҳам унга ҳамма жойда шундай муносабатни кутади. Аммо ҳамма ҳам бировнинг эркалигини кўтаравермайди. Шундай экан, ҳар нарсага аразлаб, яқинлари билан неча  кунлаб гаплашмай юриш мўминнинг иши эмас. Аллоҳга хуш келмайдиган бундай ишлардан тийилайлик. Шунда яқинларимиз ҳурматига сазовор бўлиб, осуда ҳаёт кечирамиз.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман Имом Султон жомеъ масжиди имом хатиби

 

 

Read 3525 times

Мақолалар

Top