Мақолалар

Фақат тилда тавба қилиш ёлғончиларнинг тавбасидир

Аввало биргаликда тавба қилайлик:

استغفر الله (3) استغفر الله العظيم الکريم الذی لا اله الا هو الحی القيم و اتوب اليه. اللهم انت ربی لا اله الا انت خلقتنی و انا عبدک و انا علی عهدک و وعدک ما استطعت اعوذ تک من شر ما صنعت ابوء لک بنعمتک علی و ابوء بذنبی فاغفرلی فإنه لا يغفر الذنوب الا انت

Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Астағфируллоҳал ъазийм ал карим, аллазий лаа илаҳа илла ҳу... Ал ҳаййул қайюм ва атубу илайҳ.

Аллаҳума анта робби... Лаа илаҳа илла анта халақтаний... Ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма санаъту абуу лака биниъматика алаййа ва абуъу бизамби фағфирли фа иннаҳу лаа яғфируз зунуба илла анта.

Ё Раббана! Шу ёшимизга қадар қилган хатоларимизни, гуноҳларимизни, айбларимизни, қусурларимизни лутфинг, караминг билан кечир. Бундан кейинги ҳаётимизда гуноҳу хато қилмасдан, севган қулинг бўлиб яшашимизни насиб эт!

Инсон гуноҳ қилган, айбли бўлиши мумкин. Аллоҳу Таъоло ҳазратлари Ғаффораз зунубдир – гуноҳларни авфу  мағфират этгувчидир. Сатторал уюбдир – айбларни беркитувчидир. Афувдир – авф этишни севади.

Каримдир – бандасининг гуноҳидан қатъи назар, озгина қилган савобли ишлари учун ҳам кўп мукофотлар бериб, уни охиратда бахтиёр қилувчи улуғ раҳматга эгадир. Демакки, банда хатосини тушунсин, Аллоҳга қайтсин...

Аллоҳга қайтишни «тавба» дейдилар. Шуни билиш керакки, фақатгина «Тавба қилдим, ё Раббим!» дейишнинг ўзи билан тавба тавба бўлмайди. Тавба – ваъдадир, надоматдир... Инсон ўз ҳаётининг жараёнини, фаолиятини, йўналишини, яшаш тарзини ўзгартиришидир. Шунинг учун Аллоҳга астойдил тавба қилиш керак...

Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу Куфа масжидига кириб қарасалар, масжиднинг бир бурчагида бир одам: «Тавба қилдим, ё Раббим! Тавба қилдим, ё Раббим!..» – деб ўтирибди. Ҳазрат Али унга: «Тавба қиляпсан, бу жуда яхши, аммо шуни билки, фақатгина сўзда: «Тавба қилдим, ё Раббим!» дейиш ёлғончиларнинг тавбасидир», – дедилар. Чунки тили билан тавба қилади, феъл-одатини ўзгартирмайди. Инсон ўз ҳолини, феъл-атворини ўзгартириши, яхши бир инсон ҳолига келиши керак.

Масалан, Аллоҳ асрасин, қимор ўйнаса, қиморни ташлаши, Аллоҳ асрасин, ичкилик ичувчи бўлса, ичкиликни ташлаши, ёмон одатлари бор бўлса, уларни ташлаши керак! Жаноби Ҳақ йўлига қайтиш бу...

Инсоннинг қайтиши қатъий бўлса, бу қайтишга «тавбаи-насуҳ», жуда самимий тавба дейдилар. Насуҳ – жуда самимий дегани. Мана шундай самимий қайтиш – тавба қилса, олдинги гуноҳлари қанча кўп бўлса ҳам, Аллоҳ кечиради. Ҳатто қотил бўлса ҳам, золим бўлса ҳам, кечиради. Бу хусусда Ҳадиси шарифларда муждалар бор. Шунинг учун Аллоҳнинг раҳматидан асло умид узмаслик, Аллоҳнинг раҳматини исташлик керак!..

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 2268 times

Мақолалар

Top