Мақолалар

Даврий нашрларда: Уч карра амр ила қайтарилганмиз

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум, домла. Яқинда бир эҳсонга борган эдик. Тушгача Қуръон тиловат қилиниб, келиб-кетувчиларга ош тортилди. Биз томонда “Худойи” деб аталадиган бу маросим тушдан кейин ичкиликбозликка айланади. Айтишларича, энди буёғи тўйга дахлдор бўлган эмиш... Афсус, бу манзара бугун ҳар биримизга таниш. Ичкиликбозлик иллати кенг тарқалган. Сиз билан шу мавзуда гаплашсак…

 

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Каломида бундай марҳамат қилган: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).  

Эътибор беринг, инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи мукаррам қилинганида, унга энг покиза нарсалар ризқ қилиб берилганида, дунёдаги барча мавжудотлар одамга беминнат хизматчи ўлароқ буйсундириб қўйилганида экан. Албатта, бундаги ҳикмат инсон Раббисини таниши ва унга ибодат қилиши, неъматларига шукр қилиши билан очилади. Ақлли киши ичкилик туфайли хор бўлганларни кўриб, “демак, менинг ҳам ҳолим шу бўларкан” дейиши табиий ҳолдир. Афсус, ичкиликка муккасидан кетиб, уни тарк этолмаганлар ҳануз жуда кўпчиликни ташкил этади.

Қимор балоси ҳам шундай. Бу икки бало инсоният тарихида қанча оилаларни барбод қилган бўлса-да, қизиғи, ҳеч ким “етар, бас” демайди, бу зарарли йўллардан қайтишни ўйламайди. Бу билан инсон ўзига кийдирилган азизлик тожини оёқости қилади. Инсонлик рутбасидан кечиб, ҳайвоний сифатларга ўз истаги билан рози бўлади. Аллоҳнинг пок назари нопок ва ҳаром нарса билан озиқланган танага, қалбга тушмайди. Ўзини билган одамга бундан ортиқ хорлик бормикин?..

 

– Одамлар бир ёмон ишга қўл урса ё урмоқчи бўлса, қайсидир тоифалар ўзларига “фатво” қидириб қолишади. “Қуръонда ароқ, деб айтилмаган”, “узум ҳалол бўлгач, унинг суви нега ҳаром бўлади?”, “Исломнинг биринчи даврида ҳам ичилган-ку, биз ҳам аста-секин ташлармиз” сингари гапларни эшитамиз...

 

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр (ақлни тўсувчи)дир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисдан билинадики, танани бўшаштирувчи ҳар бир нарса, маст қилувчи ичимлик ҳаромдир. Бу нарса ҳозир спиртли ичимликларда кўпроқ яққол намоён бўлмоқда. Ароқ, коняк, вино, пиво кабиларнинг барчаси ҳаромдир. 

Энди Исломнинг биринчи даврига назар ташлайлик. Ҳазрат Умар Муоз ибн Жабал билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Ичкилик ва қимор борасида нега бирон тақиқ йўқлигини сўраб, “ичкилик ақлни, қимор эса молни йўқотмоқда”, дейишди. Улар қайғураётган нарса ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалдан ўйлаб юрганларига шубҳа йўқ эди. Аммо у зот бу ҳақда Аллоҳ таоло ҳукм юборишини кутиб индамай юрар эдилар. Зеро, қайси ҳукм қачон келишини Аллоҳнинг Ўзи билгувчидир.

 Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келган ҳазрат Умар саволларига жавобан Аллоҳ таоло туширган ваҳийни эшитди: «Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”» (Бақара сураси, 219-оят). Аммо ҳазрат Умар янада кескинроқ ҳукм эшитишни истарди. Бу оят ўқиб берилгач, баъзи мусулмонлар “ана, фойдаси ҳам бор, дейилган экан. Биз шу фойдасини ният қиляпмиз”, деб ичиш ва қимор ўйнашда давом этишди. Бир куни жамоатга имомлик қилган киши ичкилик туфайли Кофирун сурасини ўқий олмади. Ҳолбуки, у бу сурани кўп марта ўқиган эди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирилди. Ўша пайтда навбатдаги ваҳий тушди: «Эй имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!» (Нисо сураси, 43-оят). 

Аммо бу оят ҳам тугал тақиқни билдирмасди. Чунки хуфтон намози ўқиб бўлингач, тонг отгунча ширакайф бўладиганлар бор эди. Бир кунги зиёфатда шеър ўқилиб, бир томон иккинчи томонни ҳақорат қилди. Муҳожир ва ансорлар биродарлик ришталарини унутиб, уришиб кетишди. Бошлар ёрилиб, қонлар оқди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб, ҳодисани сўзлаб берди.

Гапи орасида, “Аллоҳим дардимизга малҳам бўлувчи қатъий ҳукм берсин”, деб дуо қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ваҳий келадиган ҳол қамради. Сўнг ўтирганларга мана бу икки оятни айтиб бердилар: «Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бутсанамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?» (Моида сураси, 90–91-оятлар).

 Демак, биз бу иллатдан уч таъкид ила қайтарилганмиз. “Бас энди ҳам тийилмайсизми?” деган шиддатли огоҳлантириш бизга кифоя қилмайдими ахир?!

 

– Мутахассислар агар спиртли ичимликлар истеъмол қилиш 35 фоизга камайса, қотиллик 40 фоизга, безорилик 25 фоизга камайишини эътироф этишади...

 

– Бўлмасам-чи? Жамиятда содир этилаётган етмиш фоизга яқин қотиллик, саксон фоиз безорилик асосан мастлик оқибатида рўй бераётганини хабарлардан ўқиб, эшитиб, кузатиб келяпмиз-ку. Чунки ичкиликбозлик шахсий ва ижтимоий ҳаётнинг ҳамма шаклларига таъсир қилади. Ичкилик оқибатида одамлар жамият ва давлат олдида масъулият ҳиссини йўқотиб қўяди, безорилик ва қонунни бузишга алоқадор бошқа ҳаракатлар қилади. Ичкиликбозлик ишлаб чиқаришга ҳам зарар етказади, меҳнат интизомининг бузилиши ва унумдорлигининг пасайиши, одамларнинг хасталаниб қолиши ва вафотига олиб келади.

Бежиз Набий алайҳиссалом: “Хамр (яъни, ақлни тўсувчи ичимлик) барча ёмонликларнинг онасидир”, демаганлар (Имом Насоий ривояти). Бошқа ҳадисда: “Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир” (Имом Муслим ривояти), деганлар.

Шундай экан, ичкиликбозлик иллатига ҳар бир жамият аъзоси, ким бўлишидан қатъи назар, қарши курашмоғи лозим. Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари кўмагида бу иллатнинг нақадар улкан хатар эканини билдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди

Read 1781 times

Мақолалар

Top