Мақолалар

Динда саволим бор: Масжидларга бориш ҳақида (Айрим ҳолда масжид қабристон билан ёнма-ён жойлашган бўлади. Шу тўғри-ми?)

— Эшитишимизча, масжидга борганда масжидни бир марта ўнг тарафидан юриб айланса, мискинларнинг ҳажига ўтар эмиш. Бу қанчалик тўғри?

— Бундай гап динимизда йўқ. Масжидга боришнинг ўзи катта фазилат ва савобга эришишдир. Валлоҳу аълам!

 

— Бошқа мамлакатларга иш юзасидан бориб қолсак, у ердаги масжидларда намозлар биздагидан бошқачароқ ўталишига гувоҳ бўламиз. Бу ҳолда қандай йўл тутиш керак?

— Борган жойингиздаги имом аҳлус сунна вал-жамоадан бўлса, иқтидо қилинади ва ўзимизнинг мазҳабимизда қандай ўқиётган бўлсангиз, шундай ўқийверасиз. Саҳобаларни ҳақорат қиладиган тоифаларнинг орқасида намоз ўқишдан сақланинг.

 

— Масжидда тупуриш мумкин эмас, дейишади. Аммо айрим масжидларнинг ичида ҳожатхоналар ҳам бўлади. Масжид ҳовлисида ҳожатхона қуриш мумкин-ми?

— Ҳадисларда масжидни намоз ўқиладиган қисмига бошқаларга озор бериши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга буюрилган. Тупуриш ҳам шулар жумласидан. Масжид ҳудудига ахлатларни ташлаш учун мўлжалланган идишлар қўйилса, жоиз бўлади. Аммо масжид ҳудудида намозхонлар учун таҳоаратхона бўлишининг монелиги йўқ. Таҳоратхонада намоз ўқиш жоиз бўлмайди.

 

— Айрим ҳолда масжид қабристон билан ёнма-ён жойлашган бўлади. Шу тўғри-ми?

— Бу саволингизга “Фатовий ал-Азҳар” — Ал-Азҳар фатволари” мажмуасидаги қуйидаги фатвони жавоб тарийқасида тақдим этишга ижозат берсангиз:

- Ичида қабр бор масжиддаги намоз ҳукми: Агар қабр масжиддан ажралган жойда бўлса, яъни намоз ўқилмайдиган жойда, унга қўшни масжиддаги намоз тўғридир. Бунинг ҳаромлиги ёки макруҳлиги йўқ.

- Аммо қабр масжиднинг ичида бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабидан бошқа имомнинг мазҳабида жоиздир. Фақат улар, қабр намозхоннинг олд тарафида бўлиши макруҳ, деганлар. Чунки, бунда қабрга намоз ўқиганга ўхшашлик бор. Лекин қабр олдида намоз ўқишдан уни муқаддас билиши ва улуғлаш кўзланган бўлса, ҳаромдир. Гоҳида ширкка олиб бориши ҳам мумкин. Бас, қабр намозхоннинг орқасида, чап ёки ўнг тарафида бўлсин!

 

 

 

— Айрим масжидлар ҳовлисида мушки анбар, атирлар, диний китоблар сотилади. Масжидлар ичида савдо қилиш жоиз-ми?

— Масжиднинг хонақосида жоиз эмас. Ҳовлисида жоиз. Масжиднинг ташқарисида ҳунармандчилик, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш жоиздир. Термизий ва Насоий келтирган ривоятда шундай дейилган: “Пайғамбар алайҳиссалом масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар”. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2243 times

Мақолалар

Top