Мақолалар

Миллий ва диний қадриятларнинг тарихий илдизи

Ўзбекистон – бебаҳо қадриятлари билан азалдан оламни ўзига мафтун этиб келган мунаввар диёр.

Қадрият сўзи алоҳида эътибор ва эъзозга эга бўлган одат маъносини англатар экан, у бир халқ ичида эмас, барча халқлар томонидан эътироф этилса, олий мақом касб этади. Ўзбекистон заминида яшовчи халқларга мансуб каттаю кичикка бирдек салом бериш, кексаларни эъзозлаш, қўшнига ҳурмат, қариндошга оқибат, болапарварлик, меҳмонни икром этиш, дини ва миллатидан қатъи назар Бани башар авлодига унинг, аввало, инсон эканлиги эътиборидан бағрикенг муносабатда бўлиш каби фазилатлар асрлар давомида жаҳон тамаддуни саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган.  

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонга кўчирилган каттаю кичикка кўрсатилган мислсиз меҳр-оқибат тилларда достон бўлган. Она халқимиз етимларни бағрига босиб, улар билан бир бурда нонини баҳам кўриб, минглаб инсонларнинг ҳаёти ва ҳаётдаги муносиб ўрнини сақлаб, яхшиликнинг олий намунасини намоён қилгани маълум ва машҳур ҳақиқат. Етим сўзи араб тилидан таржима қилганда “ёлғиз, ягона”, деган маънони англатади. Бу сўз уруш йилларида юртимизда ўз маъносидан узоқлашди. Манбаларга кўра, Ўзбекистонга уруш ўчоқларидан кўчирилган 200 минг мурғак боланинг барчаси оилали, бошпанали бўлди.  

Ислом дини кўрсатмаларида етимларга меҳр кўрсатиш жаннатий фазилат сифатида эътироф этилган. Ҳадиси шарифда Муҳаммад алайҳис-салом: “Мен ва етимга кафиллик қилувчи, яъни етимга ғамхўрликни ўз зиммасига олувчи жаннатда ёнма-ён бўламиз”, дея икки бармоқларини жуфтлаштириб кўрсатдилар. Қўлимиздаги икки бармоқ бир-бирига қанчалик яқин бўлса, етимни бағрига босувчилар ҳам оламлар сарвари билан жаннатда шунчалар яқин турар эканлар.  

Ислом динининг асрлар давомида башариятни эзгуликка, маърифатга чорлаб келаётган, йиллар давомида ҳаётбахш маънолари кишилар қалбидан ўрин олиб, тарихнинг турли мураккаб онларида ҳам беназир ҳамдам, дилларга малҳам бўлиб, ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, турмушига рўзғор сафолигини, дунёқарашига ҳидоят зиёсини олиб кираётган тушунчаларини диний қадриятлар, деб атаймиз. Бу қадриятлар имон, эътиқод, виждон, диёнат, маънавият каби ўлмас ва енгилмас туйғулар самарасидир. Бу қадриятлар олий даражадаги одоб-ахлоқ, билим ва маърифатнинг асосидир. Уларда тинчликсеварлик, ҳақсеварлик, инсонпарварлик, маърифатпарварлик, меҳнатсеварлик ҳамда бунёдкорлик каби умуминсоний, дея эътироф этилган, жаҳон тамаддуни тараққиётига бемисл улуш қўшган анъаналар ҳосиласи мужассам.

Кези келганда миллий ва диний қадриятларимиз ўзаро чамбарчас боғланиб кетганини, уларни бир-биридан ажратиш мушкуллигини таъкидлаш жоиз. Айниқса, кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданият, турмуш тарзимиз, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келмоқда. Зеро, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади.

Сир эмаски, қадрият масаласи исломда ибодат даражасига кўтарилган. Ибодатлар моҳиятида эса қадриятларни муҳофаза қилиш ётади. Масалан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилиш таъкидланган. Бу қадрият савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Шоир таъкидлаганидек,  

“Отанг билан онанг қалби ўтар Каъба тавофидин,  

Алар кўнглини шод этсанг бу хизмат ҳам ибодатдир”.

Исломдаги беш асоснинг моҳиятига эътибор қаратилса, уларнинг барчаси инсоният учун қадрият ҳисобланган эзгуликларга чорлаши маълум бўлади. Масалан, имоннинг энг кичик белгиси йўлдан кишиларга озор берадиган нарсани олиб ташлаш, дейилади. Ислом асослари инсониятни ёмон ва бузғунчи ишлардан қайтариши қайд этилган. Савоб учун очлик ва ташналикни ирода қилса-ю  ёмонликлардан тийилмаса, бундай машаққатдан ҳеч қандай манфаат йўқлиги, савоб учун улуғ зиёратга борса-ю аммо тилини бузуқ сўзлар, ўзини фисқу фужур ишлардан тиймаса, ҳатто узоқ давом этган сафаридан ҳам фойда бўлмаслиги таъкидланган. Даромадининг қирқдан бирини эҳтиёжманд кишиларга бераман деса-ю, бу даромад нопок йўллардан келган бўлса ёхуд нопок йўлларга сарфланса, савоб қиламан, деб гуноҳ ва жиноятга ботиб кетиши ҳақида огоҳлантирилган. Демак, исломда савоб ва қадрият тушунчалари ўзаро чамбарчас боғланган.

Ўзини имонли, деб ҳисобловчи ҳар бир инсон атрофдагиларга фақат эзгулик улашиб, кишиларга озор берадиган ишлардан ўзини тийиши лозим. Бу борада Алишер Навоий инсониятга ибратдир. Сўз султонининг умрини буюк ишларга бағишлашига сабаб бўлган туйғу комил имон эди. Шунинг учун ҳазрат: “Нақди жон чиққанда имон гавҳарин кўнглимға сол, Айлагил жондин жудо, лек этма имондин жудо”, дея муножот қилди.

Қадим-қадимдан заминимизда улуғланган қадриятлардан бири бу каттага ҳурмат, раҳбарга итоат, қонунга риоятдир. Ҳар бир имонли инсон ёши улуғларни эъзозлаши, раҳбарларга бўйсуниши, давлат ва жамият қонун-қоидаларига амал қилиши ўта муҳим. Айни пайтда ислом оламининг баъзи нуқталарида юз бераётган парокандалик ва зиддият, ихтилоф ва адоват, ҳалокатнинг асосий сабабларидан бири айнан шу каби тушунчаларнинг барбод бўлганидандир. “Катталаримизни ҳурмат, кичикларимизга шафқат қилмаганлар биздан эмас”, “Барака катталарингиз билан бирга”, “Бир қавмнинг мўътабар кишиси келса сиз ҳам уни иззат-икром қилинг”, “Ким султонни хорласа, Аллоҳ уни хорлайди” мазмунидаги ҳадислар мазкур фикрларга исбот бўлади.

Миллий ва диний қадриятларимиздан яна бири ҳалоллик ҳисобланади. Буюк бобокалонимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ибодат ўн қисм бўлса, шундан тўққиз қисми ҳалолликни талаб қилиш, қолган бир қисми бошқа ибодатлардир”, деган ўгитлари ҳалоллик мақоми қанчалар юксак эканини кўрсатиб беради. Ҳалоллик ҳар томонлама покликни ифодалайди. Шу ўринда яна Навоий ўгитлари ёдга келди. Буюк мутафаккир баркамоллик намунаси бўлган Фарҳодни тавсифлаб, “Демангким, кўзи поку ҳам сўзи пок, Дили поку, тили поку ҳам ўзи пок”, дейди.

Ҳалолликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ўғрилик, порахўрлик, фирибгарлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби бу кишилар мулкига тажовуз ва хиёнат қилишдан тийилиш саналади. Ҳалолликнинг муҳимлигидан, унга олиб борувчи воситаларнинг барчаси, айниқса, меҳнат қилиш, касбу ҳунар билан шуғулланиш ҳам исломий қадриятлар орасида алоҳида ўрин тутади. Кишилар ҳақига кўз олайтириш, тамаъгирлик муқаддас динимизда қораланади. Ҳадиси шарифда “Инсон ўз қўли билан ишлаб топган луқмасидан ширинроқ неъмат йўқ”, эканлиги таъкидланган. Шунинг учун диёримиздан ўтган буюк аллома ва мутафаккирлар касбу ҳунар билан шуғулланган. Масалан, Тошкентнинг Ҳастимом – Ҳазрат Имом даҳасига номи қўйилган Абу Бакр Шоший қаффоллик, яъни қулфсозлик қилган. Абу Саъид Харроз косибликни, Абу Ҳафс Ҳаддод темирчиликни касб қилган бўлса, Баҳоуддин Нақшбанд матога гул солганлар. Диёримиз мусулмонлари амал қиладиган ҳанафий мазҳаби асосчиси – Имои Аъзам Нўъмон ибн Собит тижорат билан шуғулланган.

Халқимиз меҳмондўстлиги оламга машҳур. Дунёда ўзидан-да меҳмонини иззат қиладиган кам сонли миллатлардан бири. Ўзбек хонадонларида ҳамиша тўсатдан келиб қоладиган меҳмон учун захира ҳозирланган. Агар ундай имкон бўлмаса, қўшнидан ёрдам олиб бўлса-да меҳмонга таом ҳозирланган. Бу эса меҳмондўстлик миллий ва диний қадриятлар уйғунлигининг ёрқин ифодасидир. Ҳадиси шарифда қайд этилган “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, деган тамойилга амал қилиш аждодларимиздан бизга етиб келган гўзал анъана ҳисобланади. Шу сабаб ўлкамизга ташриф буюрган сайёҳлар қадим-қадимдан бу ердаги гўзал урф-одатларга мафтун бўлган. Ўз эҳтиёжидан бошқалар эҳтиёжини устун қўювчилар Қуръони каримда Ҳашр сураси 9-оятида малҳ қилинганлар. Мазкур оятда “ийсор қилувчилар” мақталади. “Ийсор” сўзи араб тилидан таржима қилинганда устун қўйиш маъносини англатади. Яъни, ўз эҳтиёжидан бошқалар эҳтиёжини юқори қўйиб, нафсини бахилликдан сақлаган кимсалар нажотга эришиши баён қилинган. Бу эса гўзал исломий қадриятлардан бири саналади. Бу ўтган пайғамбарлар, азиз авлиёлар, улуғ мутафаккирлар, буюк алломаларга хос бўлган юксак фазилат. Ўзбекистонда ҳали ҳануз мазкур фазилат кўзга ташланади. Емай едириш, киймай кийдириш каби хислатлари билан меҳмон, мусофир, кекса, қўшни, қариндош, бола, етим-есир, бева-бечорани эъзозлаган юртимиз замини қадим-қадимдан файзу баракага бой ўлка сифатида довруқ қозонди. Мазкур қадриятлар Янги Ўзбекистонни барпо қилишда ҳаётимиз кўркига айланиб, Учинчи Ренессанс пойдевори учун тамал тоши бўлиб хизмат қилмоқда. Устозлар, ота-оналар, зиёлилар ўзаро чамбарчарс боғланиб кетган миллий ва диний қадриятларимиз моҳиятини халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказишлари бугуннинг долзарб вазифасидир.  

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,  

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси.

ЎзА

Read 1975 times

Мақолалар

Top