Мақолалар

Нима сабабдан таҳоратли юрилади?

Ҳар доим таҳоратли юринг. Тариқатимизнинг одобларидан бўлгани учун ҳам таҳоратли юришингиз лозим.

Нима сабабдан таҳоратли юрилади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари ҳар доим таҳоратли юришга жиддий аҳамият берар эканлар. Шу даражада диққат қиларканларки, у пайтлар уйларида хожатхона бўлмаган, олисда, таҳорат бузилган жойда сув, шароит бўлмагани учун уйга келиб таҳорат олишар экан. Лекин уйга келгунча ҳам таҳоратсиз юрмаслик учун таяммум қилар эканлар. Яъни орадаги қисқа муддатда  ҳам таҳоратсиз юришни ўзларига эп кўрмаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу қадар улуғ бир инсон бўлатуриб, таҳоратсиз юрмаганликлар «бунинг бир сабаби, бир фойдаси бор» деб, буюкларимиз ҳам таҳоратли юрганлар. Шайхларимизнинг, авлиёларнинг ҳаётларини ўқиганимизда  шунга амал қилишганини кўрамиз. Бир қатор инсонлар ҳаётида ҳам буни кўрдим. Доим таҳоратли юрар, сувсиз жойда, таҳорат бузилса, сув топгунга қадар таяммум қилар эканлар... Нима учун? Таҳоратли инсонга шайтон таъсир қилмайди, васваса қилмайди. Таҳорат инсоннинг маънавий томондан муҳофаза қилинишига сабабчи бўлади. Инсоннинг савоб иш қилиши осон, гуноҳ иш қилиши қийин бўлади. Чунки шайтон ёнига яқинлаша олмайди. Хайру барака, савобу ажр кўп бўлади.

Бир инсон таҳоратли юрса, кечаси таҳоратли ётса, фаришталар атрофида тўпланиб ҳаққига дуо қилишади.

Демак, таҳоратли юриш яхши бир одат. Доимо бу одатга амал қилиш керак. Улуғларимиз бу одатга амал қилганлар, сиз ҳам ҳар доим амал қилинг, таҳоратли юринг.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1763 times

Мақолалар

Top