Мақолалар

Она тарбияси – буюкликка йўлланма

Илм олиш динимизда улуғ ибодат саналади. Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб бошланиши сўзимиз далилидир. Ўқиш – илмнинг калити. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир”, дедилар.

Динимизда дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганиш фарз даражасига кўтарилган. Занжий ибн Холид раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Болалик чоғимизда  Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга:” Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар

Дарҳақиқат, дунёвий илмларни эгаллашга жидду жаҳд этмаган инсон ҳаётининг саодатли кечишини тасаввур этиб бўлмайди.                          

Аллоҳ таоло илм ўрганишга хотин-қизларни ҳам тарғиб этган. Негаки, жамиятнинг ярмини аёллар ташкил этади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Чунки келажак авлод тарбияси хотин-қизларнинг қанчалик маърифатли эканига боғлиқ. Улар илмли бўлса, келажак авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлса, келажак авлод ҳам одобли бўлади. Бир одам донишманднинг олдига бориб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Иккаласини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Донишманд унга: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

Ана шу ҳикоятнинг исботи кўзи ўнгимизда: қанчадан-қанча алломаларни оналар тарбиялаганига барчамиз гувоҳмиз.

Жамиятимизнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Қайсики, жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолиб, маънавий инқирозга юз тутади.                  

Ҳар бир жамиятнинг олимлари, зиёлилари, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслигига, ахлоқи бузулмаслигига, сохта ва бузғунчи эътиқодлар, маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни англаб, таълим-тарбияни пухта олиб боришлари даркор. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устознинг зиммасидаги масъулиятдир. Болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмаслик яхшиликка олиб бормайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Ҳайратул-Аброрда” зикр қилганидек: 

Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл,

Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.

Ғафлат агар бўлса бу ишдин, даме,

Ким йўқ анингдек кишига мотаме. 

Фарзанд тарбиясида, айниқса, она жонсарак бўлмоғи лозим. Илм бериш ва тарбия қилишда яхши гап манфаатли бўлади. Доно халқимиз: “Яхши гапга илон инидан чиқар, ёмон гапга пичоқ қинидан” дейди.

Электр чироқни кашф қилган Томас Эдисон болалигида мактабдан келиб онасига устоз бериб юборган мактубни тутқазди ва “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”, деди. Она мактубни ўқир экан, кўзларидан ёшлар оқди. Бундан хижолат ёш Томас хавотирга тушиб йиғининг сабабини сўради. Онаси меҳрибонлик ила жавоб берди: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйида таълим ола қолсин!”. Шундай қилиб, Эдисон ўз уйида онасидан таълим-тарбия ола бошлади. Орадан йиллар ўтди. У лампочкани ихтиро қилди. Вақти-соати етиб онаси вафот этди. Онасининг вафотидан кейин олим онасининг нарсалари турадиган жавондан мактуб топиб олди. Анча йил ўтган бўлса-да, мактубни дарров таниди. Бу – ўша, мактабдаги устози ёзиб берган мактуб эди. Бир зум тарих оғушида қолган Эдисон хатни ўз кўзи билан ўқий бошлади. Унда бундай деб ёзилган эди: “Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан бошлаб мактабга келмасин!”. Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмади. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қуйди: “Эдисон ҳақиқатан калта фаҳм бола эди, бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”. Она тарбияси – буюкликка йўлланма.

Болаларимизни китоб ўқишга тарғиб қилиб, уларни  китобхон, китобсевар қилайлик. Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга бекитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қуйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетди”.

Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутоаласига ҳам эътибор қаратайлик. Фарзандларимизнинг илм маърифатли бўлишида энг катта масъулият биз ота-оналар зиммасида эканини зинҳор унутмайлик.     

 

Озод НАЗАРОВ,

     Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани бош имом-хатиби

Read 7575 times
Tagged under

Мақолалар

Top