Мақолалар

Оилапарвар ҳукмдор

Соҳибқирон Амир Темурни одамлар қаҳри қаттиқ ҳукмдор сифатида тасаввур қилади, хусусан, катта авлод. Негаки, собиқ шўро даври дарсликларида у золимларнинг золими сифатида тасвирланган эди. Ўқиганларимиз таъсиридами, билмадим, дарсликда берилган сурати ҳам қўрқинчли таассурот уйғотар эди кишида. Ўша таассуротлар онгимизга шу қадар сингиб кетган эканки, уни миллатимиз халоскори, миллатимиз шарафини юксалтирган буюк бобомиз ўлароқ билганимизга кўп йиллар тўлган бўлса-да, ҳозиргача ундан қўрқамиз.

Ростдан ҳам у шу даражада қаҳри қаттиқ одам бўлганми?

“Темур тузуклари”да “Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим”, деб ёзилгани унинг кулар юзли, меҳрибон одам бўлганидан дарак беради. Билъакс, одамлар туруш юзлик, бадфеъл, кишининг атрофида йиғилмаслиги аён ҳақиқат.  

Кўпчиликка таниш бўлган мана бу воқеа эса фикримизни тасдиқлайди. Темур Кўрагоннинг Табризни идора қилиб турган ўғли Мироншоҳ Мирзо ичкиликка ружу қўяди. Бу ҳақда Самарқандга арз қиладилар ва аризада уни бу ишга етаклаган уч надимининг номи ҳам тилга олинади.  Ўша уч ходимнинг боши келтирилсин деган амр бўлади. Улар: Хожа Абдулқодир, Мавлоно Муҳаммад Кохий ва Устод Қутб Нойи эди. Улардан Хожа Абдулқодир қочиб қолади, қаландар бўлуб, ўзини девоналикка солиб мулкдин-мулкка кўчиб ўтиб юради. Соҳибқирон Ироққа юриш қилганда қўлга тушиб қолади. Уни тахтнинг пойига келтира­дилар. Хожа ҳофизи Қуръон эди. Азбаройи қўрққанидан баланд овозда Қуръон ўқий бошлайди. Соҳибқироннинг ғазаби лутфга мойил бўлуб:

Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад

(Дарвеш қўрққанидан Қуръонга чанг солди) –

деб кулади. Ундан кейин Хожага илтифот кўрсатиб ўзига мулозим қилиб олади.

Энди тасаввур қилиб кўрайлик, агар у золим ва қаҳри қаттиқ одам бўлганида шундай мурувватпешалик қила олармиди?

У ҳар доим қардошлик ҳақига риоя қилиб келган. Жонидан тўйдириб юбормагунча қардошлари ўзига етказган зарарга чидаб келган. У 1356 йилда амир Қазағаннинг қизи Улжай Туркон оқани никоҳига олган. Қайноғаси Амир Ҳусайн ҳар доим унинг оёғидан чалишга ҳаракат қилиб келгани, ҳатто бир неча марта ҳийла-макрлар қўллаб уни ўлдиришга уринганини ҳаммамиз биламиз. Амир Ҳусайннинг душманлиги шу даражага етиб борадики, 1365 йил Самарқандда Амир Темурга яқин бир неча бекларни исён кўтаришда айблаб, уларга катта жарима солади. Амир Темур бисотидаги бор олтин ва жавоҳирларни, шунингдек, хотини Улжай Туркон оқанинг қимматбаҳо тақинчоқларини ҳам қўшиб, товонга тўлайди. “Тузуклар”ида “У (Амир Ҳусайн – муалл.) билан муросаю мадора қилишга шунчалик интилдимки, ҳатто унинг амирларига ҳам бу таъсир этиб, менга бўйсундилар” (Т.т. 44-бет), деб ёзади.

Бундан аён бўладики, Амир Темурнинг қардошлик ҳақига риоя қилиши, сулҳпарварлиги, дўстларини оғир кунларда ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги, қалтис вазиятларда ўзини хавф-хатарга қўйиб бошқаларнинг ҳимоясига отилиши унга душманлик қилиб юрган Амир Ҳусайннинг бекларини мафтун айлаган ва улар унга хайрихоҳ бўлиб қолган.

Амир Ҳусайннинг ёмонлиги бошига бало бўлиб 1370 йил Балхда Амир Темур билан бўлган навбатдаги жангда асирга тушган. Соҳибқирон қардошлигининг ҳурматини қилиб ўшанда ҳам ўзига кўрсатган ёмонликлари учун уни ўлим жазосига ҳукм қилмаган. Хутталон ҳокими Кайхусрав хун талаб қилган. Чунки Амир Хусрав 1360 йил унинг иниси Кайқубодни ҳеч қандай сабабсиз қатл эттирган эди. Хун эса, аёнки, жонга жон билан тўланади.

Амир Ҳусайн асир тушганидан кейин унинг навкарлари ва амирлари ўлимни бўйнига олади. Аммо Амир Темур “Ахир булар аскарлар-ку?” деб барчасини афв этади ва яна аскарликка тайинлайди.

Бу ўринда ибратли тўртта ҳодиса бор: биринчиси, деҳқон экин экади, қурувчи бино қуради, аскар жанг қилади – улар жанг чоғида ўлдирилганида бошқа гап эди; иккинчиси, уларни ўлдириб юбормасдан ўз сафига қўшиб олиши унинг қўшинининг кучайишига хизмат қилган, у шу тартибда аскарлари сафини кенгайтириб бораверган; учинчиси, инсон зотининг жони сақлаб қолинган; тўртинчиси, улар ўз ҳукмдорини ҳимоя қилган, унга хиёнат қилмаган, энди эса ҳукмдорнинг ўзи йўқ – аскар эса хизмат қилиши керак. Чунки унинг ҳунари сипоҳлик. “Агар ғаним сипоҳидан бирор кимса ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб, уруш кунларида менга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатдим. Қошимга (паноҳ истаб) келганда, уни қадрлаб ишончини қозондим, вафодорлиги ва ҳақиқат билан хизмат қилишига ишондим” (Т.т.78-б.), дейди Соҳибқирон. Шунингдек, у ўзига душманлик қилиб юриб, кейин пушаймон бўлиб келган кишиларни кечириб юборгани, ўтган ишларни асло юзига солмаганини ҳам ёзган. Хусусан, Амир Боязид Жалойир ҳақида бундай дейди: “Хўжанд вилоятининг ҳокими эди. (Дўстона) насиҳат айласам, унга таъсир қилмади. Оқибатда ўз улусининг одамлари ўзига қарши чиқиб, олдимга кишанлаб келтирдилар. Мен (ўтган ишларни юзига солмай) унга илтифотлар кўрсатдим. Буни кўриб, ўзи (уятдан) шарманда бўлди” (Т.т. 45-бет).

Тарихий асарларда ота-бола, ака-ука тахт талашиб ғолиби мағлубини ўлдиргани, кўзига мил тортгани, умр бўйи зиндонда сақлагани ҳақида кўп ўқиганмиз. Амир Темур эса уларнинг тамоман акси ўлароқ силаи раҳмга қаттиқ амал қилган. “Фарзандлар, қариндошлар, ёру биродарлар, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига етишганимда унутмадим, (молу мулк ва нақд пул билан) ҳақларини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол (қўл-оёғини) боғлаб, ўлдиришга буюрмадим” (Т.т.78-бет).

Асарнинг кейинги саҳифаларида: “Амр қилдимки, агар ўғилларимдан қайси бирови салтанат мартабасига даъвогарлик қилиб бош кўтарар экан, уни ўлдиришга, қўлларини боғлашга ёки мучасидан бирон жойини камайтиришга ҳеч ким журъат қилмасин. Лекин ўз даъвосидан кечмагунча, уни асирликда сақласинлар, токи Худонинг мулкида уруш чиқмасин. Агарда набиралар ёки қавм-қариндошлардан бири менга қарши кўтарилса, уни дарвишлик ҳолатига солсинлар” (Т.т.103-бет), дейди.

Ана шу маълумотлар унинг оилапарварлигига, қардошлик ҳақига риоя қилганига яққол далилдир. Унинг салтанати дўстларнинг дўстлиги янада зиёда бўлгани, душманларининг дўстга айлангани, дўсту душман билан муросаю мадора қила олгани эвазига юксалган.

Бугунги авлодлар Соҳибқирон бобомиздан оила мустаҳкамлиги, қардошлик ришталарини маҳкам тутиш, дўстга садоқат  борасида кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Бунинг учун унинг “Тузуклар”ига бот-бот мурожаат қилмоғимиз, Ушбу мўътабар асардаги донишманд аждодимизнинг ҳаётий синовлардан ўтган ҳикматларини пухта ўрганиб ўзлаштирмоғимиз лозим.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                     

 

 

Read 5895 times
Tagged under

Мақолалар

Top